«Эй Расулуллоҳ, мени Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилинг» деб дуо қилиш ҳукми

Бу сўровноманинг тўғри жавобини билиш учун қуйидаги икки масалани яхшилаб англаб олишимиз лозим бўлади:

* Дуо қилиш айни ибодат;

* Шафоати Набавийяга етиш йўли.

ДУО ҚИЛИШ АЙНИ ИБОДАТ

Аллоҳга дуо қилиш билан У Зотдан бошқаларга дуо қилиш орасини ажратиб олиш Ислом динининг энг улкан пойдеворидир.

Дуо Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига бажо этиладиган улуғ ибодат. Балки, барча ибодатларнинг руҳи дуодир! Шунинг учун ҳам Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга дуо-илтижо қилиш жоиз эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«الدعاء هو العبادة» ثمَّ قرأَ {وَقالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ داخِرِينَ}. [غافر: 60].
(رواه الترمذي وأبو داود وغيرهما).

«Дуо бу айни ибодатдир! (Яъни, ҳақиқий ибодат Ягона Аллоҳнинг Ўзига дуо қилишдир)».

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни ўқидилар (маъноси) :

«Парвардигорингиз айтди: Менга дуо қилинглар, Мен сизларнинг дуоларингизни қабул қиламан. Албатта Менга ибодат қилишдан (яъни, Ягона Аллоҳнинг Ўзига дуо қилишдан) кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар».

(Ғофир сураси, 60-оят).

(Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Аллоҳдан Ўзгага дуо-илтижо қилиш ширкдир.

Қуйида шу мавзуга оид кўпдан-кўп ояти карималардан айримларини ёдга оламиз:

{وَالَّذِينَ يَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ لَا يَخْلُقُونَ شَيْئًا وَهُمْ يُخْلَقُونَ * أَمْوَاتٌ غَيْرُ أَحْيَاءٍ وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ}.

[النحل: 20-21].

«Аллоҳдан ўзга дуо қилаётган кишилари бирон нарсани яратгувчи эмасдирлар, балки ўзлари яралгувчидирлар. (Улар) тирик эмас, ўликдирлар. Ва улар  қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар«.

(Наҳл сураси, 20-21 оятлар).

{وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ * إِنْ تَدْعُوهُمْ لَا يَسْمَعُوا دُعَاءَكُمْ وَلَوْ سَمِعُوا مَا اسْتَجَابُوا لَكُمْ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكْفُرُونَ بِشِرْكِكُمْ وَلَا يُنَبِّئُكَ مِثْلُ خَبِيرٍ}.
[فاطر: 13-14].

«Сизлар У зотни қўйиб дуо қилаётган кишиларингиз (данак) пўстлоғича нарсага ҳам эга эмаслар. Cизлар уларга дуо қилганингиз билан улар дуоларингизни эшитмайдилар. Агар эшитсаларда сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида ширк қилганингизни инкор қилурлар. (Эй Расулуллоҳ, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор Зот (яъни Аллоҳ таоло) каби хабар бера олмас».

(Фотир сураси, 13-14)

{أُولَٰئِكَ الَّذِينَ يَدْعُونَ يَبْتَغُونَ إِلَىٰ رَبِّهِمُ الْوَسِيلَةَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ وَيَرْجُونَ رَحْمَتَهُ وَيَخَافُونَ عَذَابَهُ ۚ إِنَّ عَذَابَ رَبِّكَ كَانَ مَحْذُورًا}.
[الإسراء: 57].

«Улар дуо қиладиган ўша бандаларнинг ўзлари (яъни, уларга илтижо қилинаётган пайғамбарлар, фаришталар ва авлиёлар) ҳам Ўз Парвардигорлари (Ягона Аллоҳ)га қай бирлари яқинроқ бўлиш учун васила – йўл излайдилар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўладилар, азобидан қўрқадилар. Дарҳақиқат, Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир».

(Исро сураси, 57-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганликларига бутун ислом уламолари ижмоъ – иттифоқ қилганлар. Зеро Аллоҳ таоло айтади:

{إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ}.
[الزمر: 30].

» (Эй Расулуллоҳ), ҳеч шак-шубҳасиз сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар».

* Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кунлари:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кунлари аксарият саҳобалар бу улкан мусибатнинг оғирлигидан нима қилишларини ҳам, нима дейишларини ҳам билмай қолдилар.

Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу минбарга чиқиб, Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот йўллаб, қуйидаги хутба билан умматга мурожаат қилдилар:

«أما بعد؛ من كان يعبد محمدا فإن محمدا قد مات. ومن كان يعبد الله فإن الله حي لا يموت».

«Аммо баъд! Ким Муҳаммадга сиғиниб юрган бўлса дарҳақиқат Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга сиғинаётган бўлса албатта Аллоҳ Тирик, У Зот ўлмайди…».

Сўнг юқоридаги ва қуйидаги ояти карималарни тиловат қилиб бердилар:

{وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ ۚ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَىٰ أَعْقَابِكُمْ ۚ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَىٰ عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئًا ۗ وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ}.
[آل عمران: 144].

«Муҳаммад фақат бир расул – пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфр ва ширк ботқоқларига) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай, Ягона Зотнинг Ўзига) шукр қилгувчи бандаларини мукофотлайди».

(Оли Имрон: 144).

Саҳобаи киромлар ушбу ояти карималарни эслашлари биланоқ ўзларига келиб, қаттиқ йиғи-сиғилар билан Аллоҳ таолога ёлвора бошладилар.

(Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилганлар).

Имом Абу Юсуф устозлари имом Абу Ҳанифа раҳимаҳумаллоҳдан ривоят қиладилар. Имом Абу Ҳанифа айтдилар:

«لا ينبغي لأحد أن يدعو الله إلا به والدعاء المأذون فيه المأمور به ما استفيد من قوله تعالى: {ولله الأسماء الحسنى فادعوه بها}».
[الدر المختار لابن عابدين].

«Ҳар бир киши Аллоҳ таолога фақат Унинг Ўзинигина васила қилиб (яъни, исму сифатларини зикр қилиб) дуо қилиши мумкин, холос. (Шариат) рухсат берган ва буюрган дуо Аллоҳ таолонинг мана бу оятидан ўрганилган дуодир:

{وَلِلَّهِ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَىٰ فَادْعُوهُ بِهَا}. [الأعراف: 180].

«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша исмлар билан дуо қилинганлар». (Аъроф сураси, 180-оят).
(Ад-Дур Ал-Мухтор китоби, имом Ибн Обидин).

ШАФОАТИ НАБАВИЙЯГА ЕТИШ ЙЎЛИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари ҳаққу рост. У зот ўзлари ана шу муборак шафоатга мушарраф бўлиш йўлини ҳам ўргатиб кетганлар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه: قلتُ : يا رسولَ اللهِ ، مَن أسعَدُ الناسِ بشَفاعتِك يومَ القيامةِ ؟ فقال رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم : لقد ظنَنتُ – يا أبا هُرَيرَةَ – أن لا يَسأَلَني عن هذا الحديثِ أحدٌ أولَ منك ، لمِا رأيتُ من حِرصِك على الحديثِ ، أسعَدُ الناسِ بشَفاعَتي يومَ القيامةِ ، مَن قال لا إلهَ إلا اللهُ ، خالصًا من قلبِه ، أو نفسِه .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтдилар: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим: эй Расулуллоҳ! Қиёмат куни сизнинг шафоатингизга мушарраф бўладиган энг бахтли инсон ким?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«Эй Або Ҳурайра! Дарҳақиқат бу ҳадисни биринчи бўлиб сен сўрашингни ўйлаб турган эдим, чунки сен ҳадисларга нақадар қаттиқ қизиқишингни кўраяпман. Қиёмат куни менинг шафоатимга эришадиган энг бахтли инсон «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга сиғинилишга ҳақл бўлган ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳнинг Ўзи Ягона Ҳақ Илоҳ) деб чин қалби билан айтган кишидир».

(Имом Бухорий ривоятлари).

عن أبي هريرة رضي الله عنه أيضاً قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
«لكل نبي دعوة مستجابة فتعجل كل نبي دعوته وإني اختبأت دعوتي شفاعة لأمتي يوم القيامة فهي نائلة إن شاء الله من مات من أمتي لا يشرك بالله شيئا».
رواه مسلم.

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Ҳар бир пайғамбар учун мустажоб дуо берилган ва улар ана шу дуоларини (Аллоҳдан) сўраб бўлганлар. Мен эса ана шу дуойимни умматини шафоат қилишим учун Қиёмат кунига сақлаб қўйдим. Бас, у менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан вафот этадиганларга иншоаллоҳ насиб бўлажак».

(Имом Муслим ривоятлари).

Шафоати набавийяга мушарраф бўлишга сабаб бўладиган амаллар ва дуолардан яна баъзилари:

1. Азон айтилганда ўқиладиган дуо;

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп-кўп салавот айтиб юриш, айниқса жумъа кунлари;

3. Мадинаи мунавварада мўмин бўлган ҳолида вафот этиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг у зотнинг ўзларига мурожаат қилиб, шафот қилишларини сўраш ҳақида эса ҳеч қандай рухсат ворид бўлмаган. Балки, аксинча, бу иш – юқоридаги ояти карималардан аён бўлиб турганидек – Аллоҳ таолога ширк келтириш бўлиб қолади. Биз нима сўрасак Ягона Аллоҳдан сўрашимиз керак, худди пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога ҳам васият қилиб айтганлари каби:

«إذا سألت فاسأل الله وإذا استعنت فاستعن بالله».

«Агар сўрасанг, бас, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг, бас Аллоҳдан иста».

(Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло Ўзи барчаларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафотларини насиб айласин.

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграми

https://telegram.me/islomovozi