Исломнинг қулдорликка муносабати
Савол:
Ҳозирги кунда чўри-хизматкор олиш масаласи қандай? Китобларда ўқишимизча, хизматкорларни таъминлаб, улардан фарзанд ҳам кўришган.
Шуҳрат.
Жавоб:
Қулдорлик тузуми ислом келмасдан аввалги жоҳилият даврининг қонунларидан эди. Ислом келган пайтда ер юзининг ҳамма бурчакларида қуллик ва қулдорлик муносабатлари ҳукмрон, уларнинг илдизи эса жуда узоқ замонларга кетар эди. Бундай шароитда қанчалик кучли қонунлар жорий қилинмасин ёки ҳар қанча қудратли шахслар ёрдамга келмасин, ўша давр одамлари учун қуллик занжиридан бирданига озод бўлиш мутлақо имконсиз эди.
Ислом ҳукмлари халқларнинг амалдаги одатлари ва турмуш шароитларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этилган. Жамиятдаги жуда кўп иллатлар аста-асталик билан бартараф этиб борилган.
Қуръон оятлари ва ҳадислар билан танишар эканмиз, уларнинг одамлар шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда ва воқеликка мос тарзда келганини кўрамиз. Шу сабабли бу икки манбада чўрилар ва қулларга доир энг адолатли кўрсатмалар баён этилган.
Қуръони карим аввало бутун олам бўйича минглаб йиллар давомида хўрланиб келган қулларнинг Одам отамизнинг болалари эканини эслатиб, уларнинг инсоний ҳақларини тиклаган ва ҳимоя остига олган. Шу билан бир вақтнинг ўзида қулларни озод қилишга тарғиб бошлаган. Шунинг учун ҳам Маккада ислом ҳидоятига зодагон ва бойлардан кўра кўпроқ қуллар мушарраф бўлишган.
Қуллик пайдо бўлишининг шарт-шароитлари, сабаблари ва уларга доир қонун-қоидалар ҳақида кўп гапириш мумкин. Аммо бу саволни бераётган одам билиши муҳим бўлган нуқта шуки, ислом қулчиликни тарғиб қилмаган, балки уни бартараф этиш йўлига бошлаган. Энг биринчи қадам ўлароқ золим билан қул ўртасига кучли тўсиқ қўйган. Жуда кўп масалаларда қул билан унинг хўжайини ҳуқуқларини тенглаштирган. Қулни урганлик жазоси сифатида уни озод этишга буюрган. Гуноҳ ва жиноятлар каффоратига қул озод этишни қонунлаштирган. Охират савобини истаганлар учун қулларни бирор эвазсиз озод қилишга чақирган.
Агар сиз ўзингиз муҳим ишлар билан банд бўлиб айрим юмушларингизни бажаришда ёрдамчига муҳтож бўлаётган экансиз, Шариат ва қонунлар доирасида истаганча ёлланма ишчи ёки хизматчи олишингиз мумкин. Бунда сиз ишчи билан ўртангизда имзоланган шартномага чиройли амал қилиб, одамларнинг ҳаққини ўз вақтида тўлаб боришингиз лозим бўлади.
Фарзанд кўриш масаласига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини ҳаётда солиҳ зурриётлар қолдириб, улар туфайли савоб ва олқишларга сазовор бўлишлари учун муносиб аёл-қизларга уйланишга буюрганлар.
عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رضي الله عنه:
قَالَ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم:
«تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّى مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ «.
(سنن أبى داود – 2 / 175. قال الألباني : صحيح).
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Меҳрибон ва фарзанд кўрадиган аёлга уйланинглар. Мен Қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида фахрланаман”.
(Сунани Абу Довуд, Албоний: саҳиҳ).
Шайх Обидхон қори, Швеция
1432 ҳ. 24 сафар (2011 м. 28 январ)
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•
«Ислом Овози» телеграми