Таяммум аҳкомлари

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм

Ушбу мухтасар рисола орқали таяммум ибодатининг энг муҳим масалалари билан танишасиз:

* Таяммумнинг таърифи:

* Таяммум қилишнинг мухтасар сифати:

* Таяммумнинг машруълиги:

* Таяммум қилинадиган ҳолатлар:

* Турли масалалар:

  • Таяммумнинг таърифи:

Таяммум сув топилмаганда вузуъ (кичкина таҳорат) ва ғусл (катта таҳорат)нинг ўрнини босиш учун бажариладиган ибодат.

Бу ибодат ислом уммати учун Аллоҳ таоло томонидан инъом этилган енгилликдир. Мусулмон киши қандай ҳолатда бўлишидан қатъиназар Аллоҳ таоло учун бажарадиган ибодатларини бемалол адо эта олади. Ҳатто узоқ муддат сув тополмаган тақдирида ҳам таяммум билан покланиб, Парвардигор ҳузурида ибодатда қоим бўлади.

  • Таяммум қилишнинг мухтасар сифати:

Икки қўл билан покиза тупроққа биринчи зарба урилади ва юзга сурилади (юзидан таҳорат қилганда ювиладиган жойларини масҳ қилинади).

Кейин иккинчи зарба урилиб, икки қўлнинг бармоқ учларидан бошлаб то тирсакка қадар суртилади. Аввал ўнг қўлни, кейин чап қўлни масҳ қилинади. Бармоқларининг орасига ҳам иккинчи қўлининг бармоқларини киргизиб сийпалайди.

Шу билан таяммум қилган ва ибодат учун покланган бўлади.

  • Таяммумнинг машруълиги:

Таяммумнинг машруълиги (шариат қилиб берилганлиги) Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ҳамда ижмоъ (ислом уммати уламоларининг иттифоқлари) билан собит бўлган.

1. Авваламбор Қуръони каримда Нисо сурасининг 43-ояти ва Моида сурасининг 6-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{وَإِن كُنتُم مَّرْضَىٰ أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ أَوْ جَاءَ أَحَدٌ مِّنكُم مِّنَ الْغَائِطِ أَوْ لَامَسْتُمُ النِّسَاءَ فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا}. الآية.

«Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар, ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар…”.

2. Ҳадиси шарифлардан бири Саҳиҳул-бухорийда ривоят қилинади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтадилар:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени бир иш билан бир жойга юбордилар. Ўшанда мен жунуб бўлиб қолдим ва сув топа олмасдан тупроққа думаладим…”.

Яъни, Қуръонда “тупроққа таяммум қилингиз…” деган оятни эшитган эдилар-ку, аммо қандай тарзда таяммум қилиш кераклигини ҳали билмаган эдилар. Шунинг учун “таяммум шундай бўлса керак” деб, “худди ҳайвон тупроққа ағанагандек ағанаб, ҳаммаёғимга тупроқ текизиб чиқдим…” дейдилар.

Мана шундай қилиб жунуб ҳолатдан покланишга ҳаракат қилганлар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қайтиб келганларида қилган ишларини айтиб берганлар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари таяммум қандай қилиниши лозимлигини кўрсатиб берганлар.

3. Ислом уммати уламолари ҳам таяммум шариат жорий қилган ҳукмлардан бири эканига иттифоқ қилиб, фиқҳ китобларида унинг тартиб-қоидаларини муфассал баён қилиб берганлар.

  • Таяммум қилинадиган ҳолатлар:

1. Сув топилмаслиги;

Инсон шаҳардан ташқарида бўлган пайт (мисол учун) ўзи билан шаҳар орасида бир миллик масофа орасида сув топилмайдиган бўлса, ана шундай ҳолатда таяммум қилади.

Бир мил қадимги ҳисоб бўйича 4000 қадам деб айтилган. Ҳозирги кундаги ҳисоб бўйича 1609 митрга тўғри келади.

(Қуруқлик мили билан денгиз мили орасидаги ҳисобда фарқ бор. Денгиз мили 1852 митрга тўғри келади. Бу ерда у кўзда тутилмайди).

Киши мавжуд бўлиб турган жой билан сувнинг ораси бир миллик масофа узоқликда бўлса таяммум қилиб намозини адо этаверади.

2- Сув миқдори жуда кам бўлиши;

Таҳорат қилиши вожиб бўлган кишининг мулкидаги сувнинг миқдори озлиги туфайли, агар уни таҳоратга ишлатса ташналикка рўбарў бўлиб қолишидан қўрқса, у сувни ичиш учун сақлаб қўйиб, таҳорат учун таяммум қилаверади.

3- Касал киши;

Касал одам сувда таҳорат қилиши туфайли касаллиги кучайиб кетиш эҳтимоли бўлса ёки таҳорат қилиш учун ҳаракат қилишга қодир бўлмаса, сув билан таҳорат қилиш унинг зиммасидан соқит бўлади ва таяммум қилишга ўтади.

4. Об-ҳаво қаттиқ совуқ бўлиши;

Жунуб бўлиб қолган киши об-ҳаво ҳарорати пасайиб кетиб, қаттиқ совуқ бўлганлиги туфайли ҳам таяммум билан кифояланиб туради.

5. Душман ёки йиртқич ҳайвон хатари;

Мусулмон киши агар шундай ҳолатга учраб қолсаки, у билан сувнинг ўртасида душман ёки йиртқич ҳайвон мавжуд бўлса, шундай ҳолатда ҳам ўзини ўзи хавф-хатарга рўбарў қилмасдан, таяммум қилишига рухсат берилади.

6. Сотилаётган сувнинг маблағига қодир бўлмаслик;

Таҳорат қилмоқчи бўлган киши сувга эгалик қилолмаса, сув жуда қиммат нархда сотилаётган ёки қиммат бўлмаса ҳам таҳорат қилиши керак бўлган кишида уни сотиб олиш учун етарли маблағ йўқ бўлса, бу каби ҳолатда ҳам таяммумга ўтиш мумкин бўлади.

7. Ҳайит намозига ёки жанозага улгириб қолиш учун;

Таҳорати йўқ бўлган пайт ҳайит намози ёки жаноза намозига тўғри келиб қолган киши ҳам, агар сув билан таҳорат қилгунга қадар бу намоз ўқиб тугатиладиган бўлса, у дарҳол ўша ерда таяммум қилиб, ўша ҳайит ёки жаноза намозига қўшилиб олиши жоиз бўлади.

* Жаноза вақтидаги ҳолатдан жанозанинг эгаси истисно қилинади. Чунки у одам сув билан таҳорат қилиб келгунга қадар бошқа одамлар кутиб туришлари мумкин. Аммо жанозанинг эгаси бўлмаган одамни кутиб турилмайди, у таҳорат қиламан деб жанозага қатнашишдан маҳрум бўлиб қолмаслиги афзал. Шунинг учун ўша заҳоти дарҳол таяммум қилиб жаноза ўқийверади.

* Бу ҳукм фарзи айн бўлган намозлар учун эмас. Беш вақт фарз намозлар ва жумъа намозининг вақти ўтиб кетиб қолмасин учун деб таяммум қилишга рухсат берилмайди.

  • Турли масалалар:

* Сув қидириш масаласи:

Таяммум қилмоқчи бўлган киши ўзига яқин жойларда сув тополмаса атрофдан сув қидириши вожиб бўлмайди, магар сув мавжудлиги эҳтимоли кучли бўлса, ана шундай ҳолда 185 митрли масофадан сув қидириб топишга ҳаракат қилади.

Агар сувни қидиргунча намоз вақти чиқиб кетиб қоладиган бўлса, бундай ҳолда ҳам сувни излаб юрмасдан, таяммум қилиб намозини ўқийверади.

* Сув борлигини унутган киши:

Таяммум билан намоз ўқиб бўлганидан сўнг сув топилиб қолса, ёки сафарда юрганлиги туфайли юклари ичида сув борлигини унутиб қўйган бўлса, ўқиган намозлари ҳисобга ўтаверади, қайтадан ўқиб ўтирмайди.

* Ҳамроҳидан сув олиб туриш масаласи:

Таҳорат учун ўзи сув тополмаган киши ҳамроҳидан сўраб туриши жоиз, бироқ шарт эмас. Чунки у инсонда ҳам сув танқислиги ёки ундан сув талаб қилиш баъзи ҳолатларда ноўрин бўлиши мумкин.

* Таяммум қилинадиган моддалар:

Таяммум покиза тупроққа икки қўлни уриб бажарилади. Покиза тупроқ дейилганда Ер жинсидан бўлган ҳар қандай модда унга дохил бўлади: тупроқ, қум, тош ва ҳоказолар.

Ер жинсидан ҳисобланмайдиган нарсалар эса, масалан темир, тилла, кумуш каби металлар ёки суюқ моддалар, улар билан таяммум қилиш тўғри бўлмайди.

* Таяммум кичкина ва катта таҳорат ўрнини босади:

Хоҳ кичкина таҳорат лозим бўлсин, хоҳ катта таҳорат (яъни, ғусл бўлсин), таяммум жоиз бўлган ўринларда уларнинг ҳар иккисининг ўрнига ўтади, то таяммум қилишга йўл очган ҳолат кўтарилгунга қадар.

* Таяммум қанчага етиши:

Таяммум қилган киши ўша таяммуми билан барча фарз ва нафл намозларни ўқийверади, то таяммуми бузилгунга қадар.

* Таяммумни синдирадиган нарсалар:

Таяммум ҳам худди таҳорат синадиган нарсалар билан бузилади. Шу билан бирга сув топилиши ҳам таяммумни бекорга чиқаради (сув тополмаганлиги туфайли таяммум қилишга рухсат берилган кишилар учун. Касаллиги туфайли таяммум қиладиганлар шифо топиши билан таяммум қилишдан тўхтайди).

Валлоҳу аълам.

•┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали:

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg

* Мавзуга оид савол-жавоблар:

* Таяммум қилиш кимлар учун жоиз?

* Таҳоратсиз ҳолда бажариш жоиз бўлган ибодатлар

* Пайпоққа масҳ тортиш мумкинми?

* Ғуслнинг фарзлари ва тартиби