Аёллар овозларини эшиттирмасдан намоз ўқийидилар

Савол:

Аёллар уйда фажр (бомдод), мағриб (шом) ва ишо (хуфтон) намозларини жаҳрия қилиб ўқийдиларми?

(Умид)

Жавоб:

Аёлларнинг овозлари эркакларга эшитилмаслиги керак.

Жамоат намозида имом адашиб қолса унга қандай танбеҳ бериш лозимлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадиларки:

«التَّسْبِيحُ لِلرِّجَالِ وَالتَّصْفِيقُ لِلنِّسَاءِ». (متفق عليه).

«Эркаклар учун тасбиҳ айтиш, аёллар учун (ўнг кафтини чап қўлининг устига уриб) қарсак чалишдир».

(Муттафақун алайҳи).

Ушбу ҳадиси шариф овоз чиқариб ўқиладиган намозларни ҳам ўз ичига олади. Яъни, эрталаб бомдод намозида ҳам, кечқурун шом ва хуфтон намозларида ҳам аёл киши овозини эшиттирмасдан ўқийди.

Имом Камолиддин ибн Ҳумом «Фатҳул-қадир» китобида юқоридаги ҳадиси шарифни келитриб шундай дейдилар:

«Аёл киши намозни жаҳран ўқимайди».

Шофеий мазҳабида айтиладики:

Агар аёл киши намозни аёллар билан бирга, номаҳрам эркаклар йўқ жойда ўқиётган бўлса овозини чиқариши жоиз бўлади.

Муҳими, аёл кишининг овозини бегона эркаклар эшитмаслиги керак. Агар маҳрамлари (отаси, ўғли, ака-укаси, амакиси, тоғаси ёки жияни …) бўлса, уларнинг олдида шом, хуфтон ва бомдод намозларини овозини чиқариб ўқиши жоиз бўлади.

Аммо пешин, аср ва бошқа махфий овоз билан ўқиладиган намозларда эса, аёллар ҳам, эркаклар ҳам овозларини чиқармасдан ўқийдилар.

Моликий мазҳабида эса аёлларнинг намозда овозларини чиқариб ўқишлари мутлақо макруҳ деб айтилади.

Валлоҳу аълам.