Дам солиш, тумор осиш ва иситма қилиш ҳукми
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу аёллари Зайнаб раҳимаҳаллоҳ эрлари розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деётганларини эшитдим:
» إنَّ الرُّقي والتَّمائمَ ، والتِّولةَ شركٌ».
رواه أبو داود وابن حبان والمنذري وصححه الألباني.
«Дам солиш, тумор осиш ва иситма қилиш ширкдир».
(Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Мунзирий ривоятлари. Албоний : саҳиҳ ҳадис).
Ушбу ҳадисда учта нарса зикр қилинди. Қуйида Аллоҳнинг изни ила уларни енгил тарзда шарҳлаб ўтамиз.
1. Дам солиш:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган дам солиш Ислом динига зид бўлган, Қуръон ва Суннатга хилоф келадиган дуолар билан дам солишдир.
Агар руқя – дам солиш Қуръон ва Суннатда собит бўлган зикрларни ўқиш билан ёки маъноси Қуръон ва Суннатга мувофиқ келадиган дуолар билан бўлса у жоиз бўлади.
Дам солинаётган одам ҳам, дам солувчи ҳам тақволи, эътиқоди соғлом мўмин-мусулмонлар бўлсалар у албатта Аллоҳнинг изни ила мукаммал шифо бўлади.
Ҳадисда қораланган дам солиш эса, ширкий нарсалар, жинлардан мадад сўраб амалга ошириладиган ва тушунарсиз сўзлар қўлланадиган дам солишдир.
Агар қайсидир бир дуохоннинг юриш-туриши шубҳали, ҳаётида тақво кўринмайдиган , ибодатсиз, эътиқодда адашган одам бўлса, ундай одамнинг дам солиши тўғри бўлмайди.
2. Тумор осиш:
Тумор осиш масаласида уламоларнинг ўрталарида икки хил қараш мавжуд.
Айрим уламолар: «агар Қуръон оятлари ва саҳиҳ дуолар битилган тумор бўлса, ундан фойдаланиш жоиз бўлади» , деб айтганлар.
Жумҳур (аксарият) уламолар эса, тумор осиш мутлақо ҳаром деган фикрдалар, чунки бундай иш энг камида Аллоҳнинг исмига ва каломига ҳурматсизлик қилиш бўлади.
Одамлар туморларни ҳатто болаларнинг бўйинларига ва қўлларига осиб қўядилар ва улар Аллоҳнинг номи ва ояти карималар ёзилган туморлар билан ҳожатхоналарга кириб кетишлари, ётганларида тагларига босиб ётишлари, ерларга ташлаб юборишлари эҳтимолдан холи бўлмайди.
Қуръони карим бўйинларга осиб юриш учун эмас, балки унга ҳаётда амал қилиб яшашимиз учун нозил қилинган.
Аллоҳнинг энг улуғ каломи бўлмиш Қуръони карим албатта шифодир. Аммо уни ўқимасдан, унга амал қилмасдан, фақат касалдан тузалиш асбоби тарзида тумор қилиб осиб юриш Аллоҳга ва Унинг каломига беҳурматликдир.
Қуръони карим билан шифо топишни истаган инсон албатта энг аввало ўзи покиза, тақволи, ширкдан узоқ, эътиқоди соғлом, Аллоҳга тоат-ибодатда мустаҳкам инсон бўлмоғи даркор.
Ана шундай покиза мўмин инсон Қуръонни тиловат қилиб ўзига дам солса ёки ана шундай покиза мўмин киши бемор инсонга дам солса Аллоҳ таоло албатта шифо беради, деб умид қилинади.
* Туморнинг турлари:
Туморнинг турлари кўп. Одамлар уни ҳар хил нарсалардан ясашади. Баъзилар унга Қуръон оятларини ёзиб олишади. Яна баъзилар умуман тушуниб бўлмайдиган нарсаларни ёзиб тумор ясайдилар.
Уларни билмасдан сотиб олиб, бўйинларига, уйларига ва маркабларига осиб юрадиган жоҳил одамлар кўп учрайди.
Туморлар ҳар-хил латта, кўзмунчоқ, суяк, сопол, ёғоч, отнинг тақаси ва ҳоказо нарсалардан тайёрланади.
Бу каби ишлар жаҳолат ва хурофотдан бошқа нарса эмас, уларнинг Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Аксинча, улар мслом динига, Аллоҳнинг тавҳидига, Парвардигорнинг Ўзига таваккул қилишга бутунлай зид бўлган нарсалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«من علَّق تميمةً فقد أشرك». رواه أحمد والهيثمي والمنذري وصححه الألباني.
«Кимки бирор туморни осиб олса, дарҳақиқат у (Аллоҳ таолога) ширк келтирибди».
(Имом Аҳмад, Ҳайсамий ва Мунзирий ривоятлари. Албоний: саҳиҳ ҳадис).
Яна бир ҳадисда ундайларни дуои бад қилганлар:
«من علَّق تميمةً فلا أتمَّ اللهُ له». رواه المنذري.
«Кимки бирор тумор осиб олса, Аллоҳ унинг (ишларини) битирмасин».
(Имом Мунзирий ривоятлари).
Демак, шундай хурофий ишларни қиладиган одамларнинг ишлари яхшилик билан якун топмайди.
* Барча ишларнинг идораси Ягона Аллоҳнинг ихтиёрида.
Аллоҳ таоло Ўзига итоат қиладиган, тақво ила, ҳалол-покизалик билан яшайдиган мўмин бандаларига албатта ёрдам беради ва уларнинг дуоларини қабул этади.
Аллоҳнинг динига хилоф йўл тутган, ширку хурофотларга ботган одамларга эса, Аллоҳ таоло ёрдам бермайди, уларга шайтонлар, жинлар илашади ва бу хурофий нарсалар уларнинг кўзларига гўё ёрдам бўлаётгандай туюлиши мумкин, аммо воқеликда улар ўзларини ўзлари алдаб юрган бўладилар, шайтонлар уларнинг кўзларига залолат йўлларини зийнатлаб кўрсатади ва шу туфайли дунё ва охиратда ҳалокатга, азобу уқубатларга юз тутишлари хатари кучаяди. Аллоҳ Ўзи асрасин.
Шунинг учун биз мусулмонлар бу каби ширкий ва хурофий нарсалардан бутунлай узоқ бўлишимиз керак.
3. Иситма қилиш:
Кўпчинча аёллар эрларига яхши кўриниш учун ҳар-хил ишларга қўл урадилар. Уларни азайимхонлик, дуохонлик ва ҳоказо номлар билан номлаб олишади. Буларни ҳам сеҳр ва фолбинлик каби ширкий ишлар билан шуғулланадиган кимсалар қилади.
Юқорида айтилганидек, барча ишлар Аллоҳнинг измида. Биз – мусулмонлар Ягона Аллоҳнинг Ўзига иймон келтириб, таваккул қилиб, Ўзидан мадад сўраб, У Зотга билиб-билмай ширк келтириб қўйишдан йироқ бўлишимиз даркор.
Сеҳр, фолбинлик , хурофотлар ва уларга тортадиган барча ишлар бизнинг эътиқодимизда мутлақо ҳаромдир. Улар ё бутунлай кофир қилиб қўядиган ширки акбар бўлади ёки куфру залолатга яқинлаштирадиган ширки асғар бўлади.
* Ширки акбар бўладиган ҳолати:
Кимки «тумор осишнинг кучи бор, тумор ўз кучи билан таъсир қилади», деб эътиқод қилса уни Аллоҳга тенглаштириб, улкан ширк келтирган бўлади.
* Ширки асғар бўладиган ҳолати:
Кимки «тумор Аллоҳнинг измида, лекин у Аллоҳнинг изни билан ёрдам бўлади, унинг фойдаси бўлади» , деб эътиқод қилса Шариат сабаб қилмаган нарсани сабаб қилиб олиб, Аллоҳ таолога кичкина ширк келтирган, натижада қаттиқ гуноҳга ботган бўлади.
* Бахт-саодат ато этадиган Зот Ягона Аллоҳнинг Ўзи:
Барчамиз ана шу Зотга итоат ва ибодат қилишимиз зарур. Аллоҳ ва Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган зикр ва дуоларни ўқиб юришимиз лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар куни инсон эрталаб уйқудан турганда, кечқурун ётаётганда ўқиб юриши керак бўлган дуоларни ўргатганлар. Эрталаб бомдод намозидан сўнг ўқиладиган тонгги дуолар бор, асрдан кейин ўқиладиган кечки дуолар бор.
Уларни қуйидаги ҳавола орқали ўрганиб олишингиз мумкин:
* Турли ҳолатларда ўқиладиган зикрлар
Мусулмон кишининг ана шу дуоларни доимо ўқиб юриши Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясига кириб, бахтли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади.
Мўмин киши бировларга «дам солиб қўйинг» деб ялиниб юрмасдан, балки ўзига ўзи ёки ўзининг яқинларига ҳам, бошқаларга ҳам ўзи дам солиб юриши энг афзал солиҳ амаллардан ва Аллоҳга бўлган иймони ва тавҳиди мукаммал даражага етганлигидан далолат беради.
Ана шунда Аллоҳ таоло эзгу орзу-тилакларимизга етказади, Ўзи ҳалол – покиза йўлда мустаҳкам этиб, икки оламда азизу мукаррам қилади.