Суғурта масаласи
Инсон ҳаётини ёки мол-мулкини суғурта қилишнинг бугунги кундаги аксарият кўринишлари ҳаромдир. Чунки улар қуйидаги тарзда рўй бермоқда:
- Одамларнинг молини ботил йўллар орқали ўзлаштириб олиш бўляпти;
- Қимор ўйинларидан фарқ қилмаяпти;
- Рибо (судхўрлик) турларига ҳам алоқадор.
* Одамларнинг молини ботил йўллар орқали ўзлаштириб олиш;
Аллоҳ таоло айтади:
{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ ۚ وَلَا تَقْتُلُوا أَنفُسَكُمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا}. [النسا: 29].
«Эй иймон келтирган кишилар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали (мол-дунё касб қилингиз). Ҳамда бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган Зотдир». (Нисо сураси, 29-оят).
Ҳозирги даврда фаолият юритаётган суғурта ширкатларининг аксарияти одамларни турли-туман даъволар билан алдаб-сулдаб, нима қилиб бўлса ҳам уларнинг пулларини ундириб олиш бўлиб қолган.
«Мужаммаул фиқҳил исломий» (Халқаро ислом фиқҳи академияси)даги уламолар 1398 ҳижрий сана Маккаи мукаррамада ўтказилган мажлисларида таъмин (суғурта) масаласини кўриб чиқиб, таъмин тижорий (тижорий суғурта)нинг барча кўринишлари ҳаром эканини маълум қилганлар.
قرار المجمع الفقهي بشأن التأمين بجميع أنواعه
Барча кўринишлари дейилганда инсон ҳаётига тааллуқли ёки мол-мулкка тааллуқли ёки бошқа турдаги суғурталарнинг ҳаммаси киради.
Шариатда ҳеч бир инсон бировнинг молини тўлаб беришга, бировнинг мулкини хоҳ айни ўзини ёки унинг қийматини тўлашга жавобгар эмас, модомики у шунга сабабчи бўлмаган бўлса.
Агар биров бир инсоннинг молини бекордан-бекорга ноҳақ эгаллаб олган бўлса ёки уни яроқсиз ҳолга келтирган бўлса , шунга унинг ўзи бевосита ёки билвосита сабабчи бўлган бўлса, ана шундай ҳолдагина у товон тўлашга, жавобгар бўлишга мажбур бўлади.
* Суғуртанинг қимор ўйинларига ўхшашлиги:
Инсон ҳаётини ёки мол-мулкини суғурта қилишнинг қимор ўйинларига ҳам ўхшашлиги бор. Чунки у ҒАРАРдан холи бўлмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларда ғарардан қайтарганлар.
Суғурта шартномаларига биноан албатта қайсидир бир томон зарар кўриши аниқ. Бундай хатарни ўз ичига оладиган ҳар қандай шартнома ғарар дейилади, у ботил ва ҳаром бўлади.
Қимор ўйинлари ҳам ана шундай ғарарга асосланади. Қимор улкан гуноҳлардан экани ҳар бир мусулмон учун маълум.
Аллоҳ таоло айтади:
{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنْصَابُ وَالأَزْلامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ}. [المائدة: 90].
«Эй иймон келтирган кишилар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!». (Моида сураси, 90-оят).
Суғурта ширкатлари ва уларнинг ортида турган айрим давлатлар худди катта қиморбозлар каби ҳар қандай ҳолда ютиб чиқишга ҳаракат қиладилар.
Чунки улар суғурта тўлаган одамлардан айримларига баъзи ҳолатларда кўпроқ пул қайтаришга мажбур бўлиб қолган тақдирларида ҳам барибир зиён кўрмайдилар. Чунки, аксарият одамларга ҳеч қандай фалокат етмаслигига кўзлари етади.
Аммо омма одамлар (ўзларининг ҳаётларини ёки соғликларини ёки мол-мулкларини суғурта қилиб қўйган одамлар) аксар ҳолатларда ютқазишлари аниқроқ бўлади. Улар одатда суғуртада кўзда тутилган фалокатларга йўлиқмасдан, табиий ҳаёт кечириб ўтадилар. Суғурта ширкатига тўлаган пуллари эса барибир қайтариб берилмайди. У пулларга куйишлари муқаррар.
Олмониялик мутахассисларнинг ҳисобларига қараганда, суғурта ширкатлари одамлардан олаётган суғурта пулларидан бор-йўғи 2.9% фойизини талофат кўрганларга тўлайди, холос. 97.1% эса ўзларининг (суғурта ширкатлари ва уларнинг ортида турган давлатларнинг) чўнтакларига «фойда» бўлиб қолиб кетади. Бу дегани суғуртага тортилган ёки ўз ихтиёрлари билан кираётганларнинг 97% га яқини тўлаган пулларидан ҳеч қандай фойда кўрмасдан куйиб юрибдилар.
* Суғуртанинг рибога алоқаси:
Суғурта яна бир томондан қаралганда пулни пулга сотиш ҳисобланади. Яъни, суғурта билан муомала қиладиган ҳар икки томон оз пул билан кўп пулни ўзиники қилиб олишга ҳаракат қилади. Бу эса айни рибо – судхўрликдир.
Рибонинг умумий икки хил тури қуйидагича:
1. Пулни пулга сотганда нақд тарзда ортиғи билан олиш. Буни «Рибал-фазл» деб номланади.
2. Пулни пулга сотганда нақд эмас, балки насияга – маълум бир вақтдан кейинга қолдириб муомала қилиш. Буни «Рибан-насиа» деб айтилади.
Суғурта шартномаларида рибонинг мана шу ҳар икки кўриниши мавжуд. Чунки суғурта ширкати сиздан маълум бир миқдордаги пулингизни олади, кейин қачондир бирор-бир фалокат юз берса сизга у ширкат ана шу сиз берган пулнинг ўрнига ё кўпроқ ёки камроқ миқдорда пул тўлайди, сизга етган зарарларни қоплаш учун.
Ҳар икки томон мана шундай шартномага келишиб, рибодек улкан гуноҳга қўл урган бўладилар.
Аллоҳ Ўзи бизларни барча гуноҳлардан узоқ қилсин.
* Мажбурий суғуртанинг ҳукми:
Суғуртанинг давлат томонидан жорий қилинадиган мажбурий турларининг ҳукми қуйидагича:
Агар мусулмон киши давлат томонидан йўлга қўйилган суғурта учун пул тўлашга мажбур бўлса унга гуноҳ бўлмайди, мажбур қилганлар ўзлари гуноҳкор бўладилар.
Бироқ бу масалада ҳам эҳтиёт бўлиш лозим бўлган нуқтаси бор:
Агар суғурта идораси ўз зиммасига олган турдаги бирор фалокат рўй бериб, сизга етган зарарларни қоплайдиган бўлса, сиз ана шу пайт улардан оладиган пулингиз етган зарарларни қоплайдиган миқдордан ошиб кетмаслиги керак.
Агар ошиб кетадиган бўлса (яъни, суғурта идорасидан сизга етган зарарларни қоплайдиган даражадан кўра кўпроқ маблағ олсангиз) ортиб қолганини ўзингиз учун эмас, балки мусулмонларнинг умумий манфаатларига ишлатиб юборишингиз лозим.
Валлоҳу аълам.