Умидворлик

* Мусибатлардан нажот топиш учун умид ва ҳаракат:

Пайғамбарлар ва уларнинг изларидан юрадиган мўминлар бошларига ҳар қанча оғир мусибатлар тушса ҳам умидсизлик туйғуларига таслим бўлиб қолишдан қатъий қайтарилганлар.

Яъқуб алайҳиссалом аввал ўғиллари Юсуфдан айрилдилар. Кейин яна бир ўғиллари Бинёмин ҳам йўқолди. Устига-устак кўп йиғлаганликлари туфайли икки кўзлари ҳам кўрмай қолди.

Лекин барибир Аллоҳдан умидларини узмадилар. Балки қолган фарзандларини ҳам умидсиз бўлмасдан изланишда давом этишга буюрдилар.

Натижада Аллоҳ таоло йўқолган неъматларнинг барчасини қайтариб берди.

{يَا بَنِيَّ اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِن يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلَا تَيْأَسُوا مِن رَّوْحِ اللَّهِ ۖ إِنَّهُ لَا يَيْأَسُ مِن رَّوْحِ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ}. [يوسف: 87].

“Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг укасини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”.

(Юсуф сураси, 87-оят).

* Аллоҳнинг мағфиратидан умидвор бўлиб, тавбага шошилиш:

Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг марҳамати шу даражада чексизки, инсонлар ҳар қанча улкан гуноҳ-маъсиятлар қилсалар ҳам, балки ҳатто куфру ширк ботқоқларига ботиб кетган бўлсалар ҳам, Аллоҳга тавба қилишга шошилишлари ва У Зотнинг марҳаматидан асло умид узмасликлари даркордир.

Аллоҳ барча халойиқни Ўзининг марҳаматидан умидвор этиб айтади:

{قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ (53) وَأَنِيبُوا إِلَىٰ رَبِّكُمْ وَأَسْلِمُوا لَهُ مِن قَبْلِ أَن يَأْتِيَكُمُ الْعَذَابُ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ }. [الزمر: 53-54].

“(Эй Расулуллоҳ), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар, куфру ширк амалларини қилиш билан ўзларига ўзлари зулм қилган) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (тавба қиладиган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Ғафур(кечиримли) ва Раҳийм (меҳрибон) бўлган Зотдир. 54. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишингиздан илгари Парвардигорингизга қайтинглар (тавба-тазарру қилиб олинглар) ва Унга бўйинсунинглар!”.

(Зумар сураси, 53-54 оятлар).

══════ ❁✿❁ ══════

«Ислом Овози» телеграми

https://telegram.me/islomovozi

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg