Бокс ва кикбоксинг каби зарарли спорт турлари ҳаром
Бир-бири билан курашиш асносида рақибининг аъзойи баданига аниқ зарарлар етишига сабаб бўладиган ҳаракатларга қўл уриш ҳаромдир.
Ана шундай зарарли ҳаракатларни ўз ичига олган спорт турлари, уларга ҳомийлик қилиш ва ойнаи жаҳон орқали намойиш этиш ислом аҳкомлари нуқтаи назаридан қатъиян тақиқланади.
«Ислом фиқҳи уюшмаси» 1987 йил Маккаи мукаррамада ўтказган 10-даврасида бокс масаласи кўриб чиқилган.
«Боксни ислом дини аҳкомларига тўғри келадиган – жоиз бўлган спорт турларидан деб санаса бўладими ёки йўқми» деган масала уламолар ва мутахассислар томонидан муҳокама қилинганидан сўнг қуйидаги қарор эълон қилинган:
“Ислом фиқҳи уюшмаси”нинг қарори ва Қори аканинг аудио жавоблари
Мужаммаъ ўзининг мажлисида юқорида зикр қилинган сифатдаги мулокама (яъни бокс) – бугунги кунда спорт мусобақаларида кенг қўлланаётган боксни ислом шариати нуқтаи назаридан ҳаром эканлигини ижмоъ билан (барча уламолар иттифоқ қилган ҳолларида) маълум қилади.
Чунки бу бокс ҳар икки томон (яъни, бир-бири билан курашаётганлар) рақибининг жасади-жисмига аниқ зарар-озорлар етказишни қасд қилишига рухсат бериш устига қурилган. Бу етказиладиган зарар баъзан у инсоннинг кўзини кўр қилиши мумкин ёки бирор аъзосини ишдан чиқариши мумкин, миясига зарар етиши мумкин, суюклари синиши мумкин, ҳатто ўлимгача олиб бориши мумкин ва бунда ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасликка икки томон ҳам рухсат олган бўлади. Уларни томоша қилиб турган одамлар ҳам ютадиган томонни қўллаб-қувватлайдилар ва бундан хурсанд бўладилар. Бир инсоннинг озор чекиши ва зарарларга гирифтор бўлишидан одамлар ўзлари хурсандлик эълон қиладилар. Шунинг учун бундай спорт тури ислом нуқтаи назаридан буткул тарзда ҳам, жузъий сифатда ҳам мутлақо ҳаром бўлган ишдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:
{ولا تلقوا بأيديكم إلى التهلكة} . [البقرة: 195].
«Ўзингизни ўзингиз ҳалокатга ташламангиз». (Бақара: 195).
{ولا تقتلوا أنفسكم إن الله كان بكم رحيما}. [النساء: 29]
«Ўзингизни ўзингиз ўлдирмангиз. Аллоҳ сизларга меҳрибон Зотдир!». (Нисо: 29).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айтадилар:
«(Исломда) зарарга сабаб бўлиш ва зарар етказиш йўқдир». Яъни, Ислом дини зарарли нарсаларни рад этади, зарарга сабаб бўладиган ишларни ҳаром қилган.
Шунга кўра Шариат фуқаҳолари таъкидлаганларки, агар бир инсон бошқасига мени ўлдиргин , деб ўз қонини ҳалол қиладиган бўлса ҳам уни ўлдириш жоиз эмас. Агар ана шундай талабни бажарадиган бўлса у ҳам жавобгар ва жазога лойиқ бўлади.
Мана шу айтилганлардан келиб чиққан ҳолда «Ислом фиқҳи уюшмаси» боксни рухсат бериладиган спорт турларидан санаш жоиз эмас лигини эълон қилади. Бундай иш – бокс инсонлар бир-бирига зарар етказадиган ҳаром ҳаракатдир.
Бундай нарсаларни телевидения орқали кўрсатишни таъқиқлаш лозим, токи ўсиб келаётган ёш авлодлар ундан ибрат олмасин, уни ўрганмасин, уларга тақлид қилмасин.
Аммо спорт ва курашнинг бошқа турлари , инсонлар оддий бадан тарбия сифатида шуғулланадиган ва бир-бирига зарар етказишга рухсат этилмайдиган бошқа кураш турлари жоиздир, мажлис аҳли (Ислом фиқҳи уюшмаси уламолари) уни рад этишга асос кўрмайдилар.
Уламоларнинг ушбу фатволарга кўра кикбоксинг ҳам ҳаромлигида шубҳа йўқ. чунки унда ҳам рақибига зарар етказиш, озор етказиш йўли билан мақсадга эришиш, ғолиб бўлишдан иборатдир. Балки боксдан ҳам кўра бу ёмонроқ. Чунки боксда фақат қўлни ишлатишга рухсат берилса, кикбоксингда оёқни ҳам ишлатишга, қандай қилиб бўлса ҳам рақибини йиқитишга, унга зарар етказишга ва мана шундай қилиб ғолибликни қўлга киритишга тарғиб этилади. Бу эса Ислом динига асло тўғри келмайди. Бундай ишларга ҳомийлик қилиш ҳам жоиз эмас. Бундан бошқа спорт турлари, масалан инсонлар оддий бадан тарбия сифатида шуғулланадиган ва бир-бирига зарар етказишга рухсат этилмайдиган бошқа кураш турлари бундан мустаснодир.
Валлоҳу аълам.