Жинни чиқариш учун беморни калтаклаш жоизми?

  • Салафларнинг қиссаларидан намуна:

Агар инсонга жин кириб олган бўлса, ундай беморни даволаш учун моддий дори-дармонлар кор қилмайди.

Балки Қуръони карим қироати ва саҳиҳ зикр-дуолар ҳамма томонлама барча касалликларга шифо бўлади.

Қуйидаги сатрларда бу борадаги машҳур қиссалардан баъзиларини эслаб ўтамиз:

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ичига жин кириб олган беморларга дам солиб даволар эдилар ва ўшандай жинларга насиҳат қилиб, касалнинг жасадидан чиқиб кетишга буюрардилар, ҳатто масофадан туриб ҳам буйруқларини етказардилар.

Шундай воқеалардан бирида имом Аҳмад беморнинг ичига кириб олган жинга одам юбориб: “Аҳмад буюряпти, чиқиб кетар экансан, йўқса сени Аҳмаднинг оёқ кийими билан етмиш марта савалаймиз” деб қўрқитинглар деган эканлар. Шундай қилинганда у жин чиқиб кетган.

Орадан маълум вақт ўтиб имом Аҳмад вафот этган кунлари у жин яна ўша беморнинг ичига қайтиб кириб олар экан. Унга дам солмоқчи бўлган одам яна шундай гап билан жинни огоҳлантирганда у жин айтган эканки: «Аҳмад ибн Ҳанбал Аллоҳга итоат қилган киши эдилар, шунинг учун унга итоат қилишга буюрилган эдик. Сенга эса итоат қилмайман…», дегани ривоят қилинади.

Ибн Қаййим ўзларининг устозлари Ибн Таймийянинг жин кириб олган беморларни қандай даволаганликлари ҳақида ҳикоя қиладилар:

Ибн Таймийя ана шундай беморларнинг қулоғига Қуръони карим сураларини тиловат қилиб дам солар эдилар.

Кунлардан бирида Ибн Таймийя бир касалга дам сола туриб, ушбу оятни тиловат қиладилар:

{أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثاً وَأَنَّكُمْ إلَيْنَا لاَ تُرْجَعُونَ}.

Маъноси:

«Биз (яъни Аллоҳ таоло) сизларни бекордан-бекор яратганмиз-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизлар деб ўйлайсизларми?!». (Муъминун сураси, 115-оят).

Шунда унинг ичига кириб олган урғочи жин тилга кириб «ҳааа» деб чўзиб гапиради.

Ибн Таймийя у жинни чиқиб кетишга буюрсалар аввалига у бош тортади. Ибн Таймийя яна дам солишда давом этиб, касалнинг жасадидаги баъзи нуқталарга қўлларидаги асолари билан уриб-уриб турадилар. Чунки шундай қилиш унинг ичига кириб олган жинни чиқиб кетишга мажбур қилиш ҳисобланади. Қуръони карим ва дуолар ила урилаётган бу зарбалар кириб олган жин учун жуда ҳам аламли азобдек бўлади. Натижада у қаттиқ қўрқиб чиқиб кетишга мажбур бўлади.

Ибн Таймия ҳам шу тартибда дам солаверганларидан сўнг у урғочи жин яна сўзга кириб: «мен бу одамни яхши кўраман, шунинг учун унинг ичига кириб олганман»,  дейди.

Ибн Таймийя : «бу одам эса сени яхши кўрмайди» дейдилар.

Урғочи жин: «мен бу киши билан ҳажга бормоқчиман».

Ибн Таймийя: «бу киши сен билан ҳаж қилишни хоҳламайди».

Урғочи жин: «майли, мен сизнинг ҳурматингиз учун буни тарк этиб, чиқиб кетаман».

Ибн Таймийя: «йўқ, менинг ҳурматим учун эмас, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатан тарк этгин!».

Шундан кейин у урғочи жин: «хўп, мен чиқаман» , деб чиқиб кетади.

Бемор киши ўзига келганидан сўнг Ибн Таймийянинг олдиларида ўтирганлигини кўриб «мени бу кишининг ҳузурларига ким олиб келди», деб хижолат тортади.

Бу каби қиссалардан олинадиган ибрат шуки: беморнинг ўзи ҳам Аллоҳга тавба-тазарру қилиб, тавқоли ҳаёт кечириши даркор. Худди шунингдек беморларга дам соладиган киши ҳам тақволи, ибодатли, илмли, тавҳиди мустаҳкам инсон бўлиши лозим.

  • Жинни чиқариш учун беморни калтаклаш жоизми?

Авваламбор дам солинаётган беморнинг ичига ҳақиқатан ҳам жин кириб олганини аниқлаб олиш зарур. Бунинг учун дам солаётган киши руқя шартларини яхши биладиган, Қуръону Суннат ва салафи солиҳларнинг йўлидан чиқиб кетмайдиган, ҳар-хил бидъату хурофотларга қўл урмайдиган, тақвоси, дину диёнати ишончли мўмин-мусулмон киши бўлмоғи лозим.

Ичига жин кириб олган бемор жуда ҳам ёмон аҳволларга тушиб, қаттиқ азоблар чекади, бориб-бориб ҳалок бўлиши ҳам мумкин.

Унинг ичига кириб олган жин оддий дам солишнинг ўзи билан чиқиб кетмаслиги кўп учрайди. Ана шундай ҳолатларда дам солиш билан бирга уни калтаклаш жин учун аламли азоб ҳисобланади ва у азобдан қутулиш учун чиқиб кетишга мажбур бўлади.

Бундай ҳолда беморни уриш худди бир жарроҳлик амалиётига ёки укол қилишга ўхшаган, зарурат туфайли қўллашга мажбур бўлинадиган бир чора, холос.

Жинни чиқариш мақсадида беморни жуда қаттиқ калтаклаш ва унинг соғлигига зиён етказиб қўйиш жоиз эмас.

Кенгроқ маълумот учун ҳавола:

* هل يجوز ضرب المصروع بالعصا وغيرها؟

* Жинлардан сақланиш йўллари