Ҳижоб ва таваккул (Ўзбекистонга кетаётган синглимизга жавоб, 2009 йил)

Савол:

Домла, мен ҳозир Европа мамлакатларидан биридаман. Рўмол ўраганман. Ўзбекистонга бормоқчиман. Турмуш ўртоғим ва унинг акаси рўмолимни ечиб кетишимни айтишяпти. Ўзбекистонда ҳозир шундай вазият, дейишди. Илтимос, маслаҳат беринг, нима қилай? Вақтинчалик ечиб, яна кийсам бўладими?

Салима.

Жавоб:

Аёллар учун рўмол ўраш Аллоҳ буюрган фарздир. Аллоҳнинг талабини ҳеч ким бекор қила олмайди ва Аллоҳнинг буйруғини бирор киши учун тарк этиш ҳам жоиз бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«السمع والطاعة على المرء المسلم فيما أحب وكره ، ما لم يؤمر بمعصية ، فإذا أمر بمعصية فلا سمع ولا طاعة».

رواه البخاري .

«Мусулмон инсон зиммасидамодомики гуноҳ ишга буюрилмасаўзига ёққану ёқмаган ишда қулоқ солиш ва итоат қилиш вожибдир. Гуноҳ ишга буюрилган пайтда қулоқ солиш ва итоат йўқдир«.

(Саҳиҳул-Бухорий).

Маълумки, рўмол ўраган аёлларнинг Ўзбекистонга кириши мумкин эмас, деган очиқ-ойдин қонун йўқ. Аммо Ўзбекистонда рўмол ўраган аёлларга қарши ошкоро тазйиқлар бўлаётгани дунёга маълум.

Шунга қарамасдан кўпгина муслималар ўз ҳуқуқлари учун курашаяптилар. Ҳукуматнинг рўмолни ечиш талабига бўйсунаётганлари йўқ. Улар Аллоҳга чиройли итоат намунасини кўрсатмоқдалар. Бироқ ҳамма инсонларнинг иймон ва иродалари бир хил эмас. Аллоҳнинг имтиҳонидан ўта олмаётган, тазйиқларга дош бера олмасдан рўмолини тарк этаётганлар ҳам топилади.

Агар ҳукумат органлари Ўзбекистонга ташқаридан кириб келаётган аёллар учун рўмолни ечиб кириш талабини қўяётган бўлса, бу талаб қаршисида ҳам ҳамма бир хил муносабатда бўла олмайди. Кимдир осонликча таслим бўлади. Йўлига бир пўписа қилса, дарров рўмолини орқадан ўраб олади ёки ечиб қўя қолади. Кимдир ундай эмас. Аёллар ичида иймони кучли, қўрқмас, ўз ҳаққини биладиган муслималар ҳам кўп, алҳамдулиллоҳ. Улар фосиқ ва иймонсизларнинг золим талабларига дарров бўйсуниб қолмайдилар.

Шуларни таҳлил қила туриб, рўмолга қарши давом этаётган таъқиқ ва таъқиблар қаршисидаги аёлларни уч гуруҳга ажратиш мумкин:

1. Ҳукумат талабига сўзсиз таслим бўлиб, рўмолидан воз кечаётган иймони заифлар;

2. Золимлардан қўрқмасдан, Аллоҳ йўлида мустаҳкам турган мард аёллар;

3. Синовларга дош бера олмаслигини билиб, ўзини хавфли вазиятлардан узоқ тутаётганлар.

Сиз бу уч гуруҳнинг қайси биридансиз? Бу гуруҳлардан қайси бирининг йўли тўғри? Албатта биринчи гуруҳдаги одамларнинг ишлари нотўғри.

Рўмолни ечишга маслаҳат бераётган эркакларга келсак, шуни айтиш мумкинки, бундай «маслаҳат» машаққатга тоби йўқ, енгил ҳаётга ўрганиб қолган, жонининг ҳузурини ҳамма нарсадан устун қўядиган ё эса Ислом аҳкомларини яхши билмайдиган одамлардан чиқади. Бунинг ўрнига улар қандай қилса аёлларнинг ҳурмат ва иффатлари сақланади, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя остида бўлади, шулар ҳақида гапирсалар, излансалар тўғри бўлади.

Мўмина аёллар ўзларига ишонсалар, вазиятни тўғри баҳолай олсалар, бориш зарур бўлган ерга ҳижоб билан борадилар ва Аллоҳ йўлида собит турадилар. Аммо аёл киши ўз кучига ишонмаса, ёнида ҳимоячиси бўлмаса, рўмолини ва иффатини ҳимоя қилишга кўзи етмаса, хатарли ерга боришдан албатта ўзини тийиши керак.

Аёл киши маҳрамсиз сафар қилиши жоиз эмас. Бунинг устига эркагу аёлга баробар тазйиқ бўлаётган нотинч юртга аёл киши қандай қилиб ҳимоясиз бориб бўлади?!.

Аллоҳ таоло мусулмон аёлларга сабр-бардош ва улкан ажр-савоблар ато қилсин. Иймонсиз ва золимларга Ўзи кифоя қилсин.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1430 ҳ. 2 зулқаъда (2009 м. 21 октябр)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi