Мусиқа ҳақида ҳадислар ва мазҳаб уламоларининг фатволари

 

Шайх Обидхон қори, Швеция
1429 ҳ. 22 жумодал-увло (2008 м. 27 май)

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларида бўлган уламолар мусиқа асбобларидан фақат иккитаси икки ҳолатдагина жоиз бўлади, деб фатво берганлар:

1-    Никоҳ тўйида чалинадиган доира;
2-    Жиҳод майдонида чалинадиган дўмбира.

Ушбу иккита ҳолатдаги икки турли асбобдан бошқаси, хоҳ чертиб чалинадиган асбоб бўлсин, хоҳ уриб чалинадиган ёки пуфлаб чалинадиган асбоблар бўлсин, уларнинг барчаси ҳаром эканлигини фиқҳ китобларида баён қилганлар.

Имом Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ «Раддул-муҳтор» китобида айтадилар:

«وكره كل لهو» أي كل لعب وعبث… والإطلاق شامل لنفس الفعل واستماعه، كالرقص والسخرية والتصفيق وضرب الأوتار من الطنبور والبربط والرباب والقانون والمزمار والصنج والبوق ، فإنها كلها مكروهة لأنها زي الكفار ، واستماع ضرب الدف والمزمار وغير ذلك حرام، وإن سمع بغتة يكون معذوراً ويجب أن يجتهد أن لا يسمع». (رد المحتار على الدر المختار)

«Ҳар қандай беҳуда ишлар макруҳдир. Ҳар қандай беҳуда иш деганда ўша ишларнинг ўзи ҳам , уларни эшитганлар ҳам ушбу ҳукм дохил бўладилар. Рақсга тушиш, масхарабозлик, чапак чалиш, тор чалиш, тамбур чалиш, барбад, рубоб, қонун, сурнай, чанг, карнай ва ҳоказо. Буларнинг барчаси макруҳ. Чунки бу нарсалар кофирларнинг одатидир. Доира ва сурнай овозига ва булардан бошқаларига ҳам қулоқ солиш ҳаромдир. Агар тўсатдан беихтиёр эшитиб қолса узрли бўлади. Бироқ шундай ҳолатда ҳам имкон қадар эшитмасликка ҳаракат қилиши вожиб бўлади».

Имом Сарахсий ҳам Ал-Мабсут китобларида айтадилар:

«ولا تجوز الإجارة على شيء من الغناء والنوح والمزامير والطبل وشيء من اللهو ; لأنه معصية والاستئجار على المعاصي باطل… أما إذا كان لغيره فلا بأس، كطبل العرس». (المبسوط للسرخسي)

«Ашула ёки йиғи солиш, сурнай чалиш, дўмбира чалиш – мана шунга ўхшаш беҳуда ишлар учун пул тўлаб, уларни ёллаш жоиз эмас. Чунки улар маъсиятдир – маъсиятга пул тўлаб ёллаш ботилдир…».

«… Никоҳ тўйида чалинадиган дўмбира эса, унинг зарари йўқ». Яъни унга пул тўланса, ёлланса, жоиз.

Имом Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Мавсилий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

ولا تقبل شهادة مخنث ولا نائحة ، ولا من يغني للناس … ولا من يلعب بالطيور ، ولا من يفعل كبيرة توجب الحد ، ولا من يأكل الربا ، ولا من يقامر بالشطرنج ولا من يدخل الحمام بغير إزار ، ولا من يفعل الأفعال المستخفة كالبول والأكل على الطريق ، ولا من يظهر سب السلف…». (المختار للفتوى)

«Муханнас (хотинчалиш), азада айтиб йиғлаб берувчи, одамларга ашула айтиб берувчи, қушлар билан ўйновчи, жазолаш вожиб бўладиган гуноҳи кабира қиладиган одам ва салафларни ҳақорат қиладиган кимсанинг  шаҳодати (гувоҳлиги) қабул қилинмайди…». («Ал-Мухтор лил-фатво» китоби).

ҲАДИСИ ШАРИФЛАР

Қуйидаги сатрларда уламолар мусиқани ҳаром деб айтишларига асос бўлган ҳадислардан баъзиларини эслаб ўтамиз:

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشْعَرِيِّ , قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » لَيَشْرَبَنَّ نَاسٌ مِنْ أُمَّتِي الْخَمْرَ , يُسَمُّونَهَا بِغَيْرِ اسْمِهَا , يُعْزَفُ عَلَى رُؤوسِهِمْ بِالْمَعَازِفِ وَالْمُغَنِّيَاتِ , يَخْسِفُ اللَّهُ بِهِمُ الْأَرْضَ , وَيَجْعَلُ مِنْهُمُ الْقِرَدَةَ وَالْخَنَازِيرَ «

Абу Молик Ашъарийдан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Умматимдан бир гуруҳ одамлар ароқни ўз отидан бошқача исм билан атаб ичадилар. Уларнинг бошлари узра чолғу асбоблари ва ашулачи аёллар билан базм уюштиришади. Аллоҳ уларни ерга ютқизиб юборади ва улардан баъзиларини маймун ва тўнғизларга айлантиради».

(Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти. Албоний саҳиҳ санаганлар. Имом Бухорий ҳам бошқачароқ ибора билан – умумий маъноси бир хил бўлган ҳолида – ривоят қилганлар.

Ҳадиснинг шарҳида «Фатҳул-борий шарҳи Саҳиҳил-бухорий» китоби муаллифи имом Ибн Ҳажар айтадилар:

«Ал-маъазиф»нинг маъноси, чолғу асбобларидир. Яна баъзи уламолар «ал-маъазиф»дан мурод ашулалар дейишган. Яна шу ҳадиснинг бир ривоятида «Аллоҳ тоғни уларнинг устига қулатади» дейилган. Яъни, бир гуруҳ одамлар тоғ ёнбағрига бориб базм уюштиришади, мусиқа чалишади, ароқ ичишади ва кечаси билан мана шундай ўйин-кулгу қилиб чиқишади. Тонг яқинлашганда, саҳар пайтида, тоғнинг бир чўққиси қулаб, уларнинг устига тушади ва уларнинг бир қанчалари ҳалок бўладилар. Қолганларини эса Аллоҳ тўнғиз ва маймунларга айлантиради, деган маънода ривоят қилинган.

Имом Ибн Ҳажар ҳадиснинг шарҳида давом этиб айтадилар:

Бу тўнғиз ва маймунларга айлантирилади деган ибора ҳақиқатан бўлиши мумкин. Ўтган замондаги баъзи умматларга бўлгани каби. Ёки уларнинг хулқларининг ўзгариши назарда тутилган киноя бўлиши мумкин (яъни бир мажозий тарзда айтилган бўлиши мумкин бу ҳадис). Лекин менинг назаримда (Ибн Ҳажарнинг сўзлари) биринчи фикр тўғрироқдир. Юқоридаги ҳадиснинг сиёқи келиши ҳолатига қарасангиз, биринчи таъвил мувофиқроқ келади, дейдилар Ибн Ҳажар. Яъни бу маймун ёки тўнғизларга айланиб қолиши бу ҳақиқатдан бўлиши эҳтимолга яқин дейдилар.

Ибн Ҳажар сўзларида яна давом этиб айтадилар:

Бу ҳадисда ҳаром бўлган нарсанинг отини ўзгартириб, уни ҳалол қилиб олиш учун қилинадиган ҳийла, ана шундай ҳийла қилувчи одамларга нисбатан қаттиқ бир ваъийд (яъни қаттиқ азоблар борлиги билан огоҳлантирув) айтилганлигини англаш керак. Нарсаларга чиқариладиган ҳукм асли, моҳиятига қараб, иллатга, сабабга қараб бўлади, зоҳирига қараб эмас. Ароқнинг ҳаром қилинишининг иллати, сабаби маст қилиш жиҳатидир. Ана шу маст қилиш жиҳати нима нарсада топилса, унинг оти ароқми, бошқами, нима бўлишидан қатъий назар, маст қилувчилик сифати-ҳислати бўлса, у ҳаром бўлади. Ана шунга кўра, инсонларни йўлдан адаштирадиган, уларни худди ароқ каби хаёлларини бузадиган, аҳлоқларини бузадиган бошқа нарсалар ҳам харом бўлади, деб масаланинг бу жиҳатига ҳам эътибор бериб кетганлар.

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ мана шу мавзудаги ҳадисларнинг шарҳида айтадилар:

«Ғино – ашуланинг барчаси ҳаром деб айтилмайди. Балки уларнинг ичларидан аёлларнинг қад-қомати, уларнинг ҳаракатлари ва бошқа шунга ўхшаган нарсаларни таърифлаган ашулалар бўлса, улар қатъий ҳаромдир. Аммо ўшандай ҳаром нарсалардан холи бўлган ашула бўлса, унинг кўпи макруҳдир (яъни шунга берилиш яхши иш эмас). Аммо чолғу асбоблари эса, улар ҳаромдир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадисларидир:

«لَـيَكُوْنَنَّ في أُمَّتِـي أقوامٌ يَسْتَـحِلُّونَ الحِرَ  والحَرِيرَ والـخَمْرَ والـمعازِفِ».‏ رواه البخاري في صحيحه تعليقاً، ووصله أبو داود وغيره بسند صحيح.

«Менинг умматимдан шундай бир қавмлар пайдо бўладилар. Улар зинони ва ипак кийимни, ароқни ва чолғу асбобларини ҳалол санайдилар (яъни ҳаром бўлишига қарамасдан , уни ўзларича ҳалол қилиб оладилар)«.

Имом Бухорий таълиқ тарзида ривоят қилганлар, Абу Довуд ва бошқалар эса саҳиҳ санад билан муттасил тарзида ривоят қилганлар», дейдилар шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ.

Демак, мана шу юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, хулоса қиламизки, мусиқасиз ёки фақат дўмбира ва доира билан айтилган ашулаларни тинглаш мумкин. Доирани никоҳ тўйида аёллар чалишади. Дўмбирани эса қадимда жанг пайтида эркаклар чалишган.

Валлоҳу аълам.