Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида бажариш суннат бўлган амаллар
Савол:
Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида рўза тутиш суннатми?
Жавоб:
Маълумки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида бажариладиган солиҳ амаллар Аллоҳ таолога энг суюкли амаллар бўлишини башорат берганлар.
Солиҳ амалларнинг турлари жуда ҳам кўп, масалан Аллоҳга бўлган иймонимиз ва ихлосимизни доимо кучайтириб туриш, фарз намозларни Аллоҳ буюрганидек мукаммал адо этиш, нафл намозларни ҳам кўп-кўп ўқиш, Қуръони каримни тиловат ва хатм қилиб туриш, доимо такбир, таҳмид, тасбиҳ, таҳлиллар айтиб Аллоҳни зикр қилиб юриш, эҳсон ва садақаларни кўпайтириш, инсонларга ширин сўз ва гўзал ахлоқ билан яхши муомалада бўлиш, қариялар ва муҳтожларнинг хизматларида бўлиш ва ҳоказо.
Албатта нафл рўзалар тутиш ҳам ана шу солиҳ амаллар қаторига киради.
Зулҳижжа ойининг 9- куни арафа куни деб номланади. Бу кунда рўза тутишнинг махсус фазилати ҳақида яна алоҳида ҳадиси шариф собит бўлган: бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади. Лекин бу суннат ҳаж ибодатига бора олмаганлар учун.
Ҳожилар эса Арафот майдонида Аллоҳ таолога тавба-тазаррулар билан кўпроқ дуо-илтижорлар қила олишлари учун бу кунда рўза тутмасликлари афзал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж қилганларида Арафот майдонида рўза тутмаганликларини умматга ошкор қилганлар.
Зулҳижжа ойининг 10-куни эса рўза тутиш ҳаром бўлади. Зеро бу кун Қурбонлик ҳа йити – Азҳо байрамидир. Ҳайит куни рўза тутишдан қатъий рвишда қайтарилган.
Ҳайит куни Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни буюк ибодатларга муваффақ қилганига шукрлар ва такбирлар айтиб байрам қилинади, сўйилган ҳадйлар (ҳожи ва умрачилар сўядиган ҳайвонлар) ва қурбонликлар гўштларидан ейилади.
Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидек энг улуғ кунларга бепарво бўлиш чуқур ғафлат натижасидир. Бу кунларни ғанимат билмаган инсон ўзига ўзи зулм қилган бўлади. Аллоҳ Ўзи бизларни ундайлардан қилиб қўймасин.