Зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзалми ёки рамазоннинг охирги 10 куни?
Савол:
Зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзалми ёки рамазоннинг охирги 10 куни?
Жавоб:
Зулҳижжанинг аввалги ўн куни билан рамазоннинг охирги ўн куни йилнинг энг улуғ кунларидир.
Бу кунларда бажариладиган ҳар бир солиҳ амал бошқа кунлардаги солиҳ амаллардан бир неча баробар афзал бўлади.
Уламолар қайси бир ўн кунлик афзалроқ, рамазоннинг охирги ўн кунлигими ёки зулҳижжанинг биринчи ўн кунлигими, деган масалада баҳс юритиб, қуйидаги нуқталарни баён қилганлар:
1. Ҳар иккисининг кечаю кундузлари энг афзал кунлардир. Мўмин-мусулмонлар бундай улуғ кунларни ғанимат билиб, турли соҳалардаги солиҳ амаллардан кўп-кўп бажариб олишга ҳаракат қиладилар.
2. Рамазоннинг охирги кечалари зулҳижжанинг аввалги кечаларидан афзалроқ, чунки рамазоннинг охирги ўн кечалари ичига Лайлатул қадр кечаси яширинган. Лайлатул қадрни холисан лиллоҳ ва суннатга мувофиқ тарзда ибодат билан ўтказган мўмин кишига минг ой ибодат қилиб яшашлик ажру савоблари ёзилади.
3. Зулҳижжанинг аввалги кундузлари эса рамазоннинг охирги ўн кунидаги кундузлардан афзалроқ, чунки зулҳижжанинг аввалги ўн кунида Арафа куни, Қурбон ҳайити ва ҳаж ибодати мавжуд. Арафа куни тутилган рўза ибодати икки йиллик гуноҳ-маъсиятларни ювиб ташлайди. Арафа куни Арафот майдонида ҳожиларнинг холис дуоларини Аллоҳ таоло албатта қабул этади. «Ҳажжи мабрур»га муваффақ бўлган кишининг мукофоти жаннатдир. Азҳо куни – қурбон ҳайити Аллоҳнинг наздида энг улуғ кун. Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида бажарилган ибодатлар бошқа кунларда бажариладиган барча нафл амаллардан афзал.
4. Ушбу масалаларни зикр қилишдан кўзланган энг асосий мақсад: шундай тезда ўтиб кетиб қоладиган энг қимматбаҳо лаҳзаларни ғанимат билишга қизиқтиришдир, шояд бизлар ҳам зарур бўлмаган дунёвий ишларимиздан тўхтаб, кўпроқ вақтимизни ибодатлар билан ўтказишга муваффақ бўлсак. Омин.
Валлоҳу аълам.