Боғчада боланинг луқмасига ҳаром аралашмаслиги учун нима қилсак бўлади?
2009 йил 11 октябр
Савол:
Менинг беш ёшли ўғлим яқинда болалар боғчасига боришни бошлади ва ўша ерда кеч соат 5га қадар бўлиши лозим. Бу боғча Европа давлатларидан бирида жойлашган. Бу боғчада овқатлантиришади ҳам. Боланинг группасида бошқа мусулмон болалар ҳам бор, шунинг учун уларга чўчқа гўштли овқат беришмайди. Аммо мен сўраганимда «Биз фақат мусулмон болларга товуқ ёки мол гўшти берамиз» дейишди. Лекин бу гўшт ҳам шариат бўйича кесилмайди. Боланинг луқмасига ҳаром аралашмаслиги учун нима қилсак бўлади? Улар ҳамма болалар учун бир хил таом тайёрлашади. Илтимос, шунга маслаҳат берсангиз. Мен боланинг луқмасига ҳаром аралашишини хоҳламайман. Жавобингиз учун раҳмат.
Нозима.
Шайх Обидхон қори жавоблари:
Дарҳақиқат, ҳар бир мусулмон ота-она ўз фарзандини ҳалол ризқ билан боқиб-тарбиялаши фарз. Европа мамлакатларининг боғча ва мактбаларида диндорлар фарзандларининг таомлари масаласига ижобий қаралади.
Масалан, Швеция таълим вазирлигининг сайтида бу мамлакат йил сайин турли маданиятлар билан бойиб бораётгани ва ўз навбатида ошхонадаги таомлар тури ҳам кўпаяётгани хақида ёзилган. Вазирлик нашрида эълон қилинган «Таом, дин ва маданият» деган мақолада Швецияда мусулмонлар ҳам, яҳудийлар ҳам борлиги, мусулмонлар ҳалол гўшт истеъмол қилишлари, яҳудийлар кошер услубида сўйилган гўштни ейишлари ёзилади. Кўпгина мусулмонлар ўз болаларининг ҳалол гўшт истеъмол қилишини исташлари ва ҳалол деганда нима тушунилиши, ҳаром нима экани баён қилинади. «Биз ўз динида мустаҳкам турадиганларнинг эътиқодларини ҳурмат қилишимиз ва инобатга олишимиз зарур. Шунинг учун улар ейиши мумкин бўлган ўринбосар таомлар: масалан балиқ, сут маҳсулотлари, тухум, вегетарианлар ейдиган гўштсиз овқат турларини таклиф қилиш мумкин», дейилади мақолада.
Бу ерларда ота-оналар мактаб маъмурияти билан келишиб оладилар. Мактаб директорлари ва ўқитувчилари ота-оналардан болаларининг нима овқатлар ейиши ҳақида сўрайдилар. Бу мамлакатда овқат масаласи Ўзбекистон мактабларидаги каби хатарли эмас, алҳамдулиллоҳ. Ҳаммамиз биламиз, агар сиз Ўзбекистонда ҳалол таом ҳақида расмийлар ҳузурида сўз очиб қолгудек бўлсангиз, балога қолишингиз ва тезда жиноятчига айланиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Аммо Европа мактабларида сиз мактаб маъмуриятига ўзингизнинг динингиз ҳақида маълум қилишингиз ва фарзандингизга қайси хилдаги таомларни бериб, қайсиларини бериш мумкин эмаслигини айтишингиз ва бу ишнинг қандай амалга оширилаётганини кузатиб боришингиз оддий ҳол. Болалар мактабда ва боғчада ҳалол гўшт бўлмаганда ҳам сувда пиширилган гуруч, макарон, тухум ёки балиқ ва барча турдаги сабзавотлардан тайёрланган овқатларни истеъмол қилишлари мумкин. Мусулмон бўлмаган ошпаз агар ҳалол маҳсулотлардан таом тайёрлаган бўлса, уни истеъмол қилиш жоиз.
Демак, боғча ва мактабдаги таом масаласининг қандай ҳал этилиши ота-она ва мактаб маъмуриятига боғлиқ.
Аллоҳ сизга ва фарзандингизга ҳамма яхшиликларни ато қилсин …
Алоқадор мавзулар:
Фарзандига илм ўқитса, Қиёматда қандай ажрлар бор?
Болани мактабга юбормай уйда ўқитса бўладими?
Фарзандларнинг ҳаққини риоя қилиш ва адолатли бўлиш фарз
“Ўзимиз ва фарзандларимизнинг келажагидан хавотирдамиз, нима қилишимиз керак?”
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин