Ота билан ўғилдан қайси бири имомликка ўтиши керак?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Агар фарзанд отасидан кўра имомлик шартларида ҳақлироқ бўлса, имомликга ўтиши керакми?

Зиёдулла.

Жавоб: Имомликка ким лойиқроқ деган масалада бир қанча ҳадислар ворид бўлган.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ قَال : قَال رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِذَا كَانُوا ثَلاَثَةً فَلْيَؤُمَّهُمْ أَحَدُهُمْ ، وَأَحَقُّهُمْ بِالإِْمَامَةِ أَقْرَؤُهُمْ رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ .

Абу Саид разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар уч киши бўлсалар, бирлари имом бўлсин. Ичларида имомликка ҳақлироқ одам Қуръонни кўпроқ ўқиганларидир». (Муслим, Насоий, Аҳмад).

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ بْنِ عَمْرٍو قَال : قَال رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكِتَابِ اللَّهِ ، فَإِنْ كَانُوا فِي الْقِرَاءَةِ سَوَاءً فَأَعْلَمُهُمْ بِالسُّنَّةِ ، فَإِنْ كَانُوا فِي السُّنَّةِ سَوَاءً فَأَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً ، فَإِنْ كَانُوا فِي الْهِجْرَةِ سَوَاءً فَأَقْدَمُهُمْ سِنًّا ، وَلاَ يَؤُمَّنَّ الرَّجُل الرَّجُل فِي سُلْطَانِهِ ، وَلاَ يَقْعُدْ فِي بَيْتِهِ عَلَى تَكْرِمَتِهِ إِلاَّ بِإِذْنِهِ .)أخرجه مسلم(

Абу Масъуддан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қавмга Аллоҳнинг китобини кўпроқ ўқиган одам имом бўлади. Агар қироатда ҳаммалари баробар бўлсалар, суннатни яхшироқ биладиганлари имом бўлади. Агар сунннатни билишда ҳаммалари баробар бўлсалар, аввалроқ ҳижрат қилганлари имом бўлади. Агар барчалари ҳижратда баробар бўлсалар, ёши улуғлари имом бўлади…» (Муслим).

Шундан кўринадики, ота билан ўғилдан қайси бири Қуръонни кўпроқ ёд олган ва тўғрироқ ўқийдиган бўлса, ўша имом бўлиши керак. Агар қироатда ва суннатни билишда ота ҳам, ўғил ҳам баробар бўлишса, албатта ота имом бўлади. Бу ўринда суннат деганда намоз масалаларини билиш назарда тутилади. 

Агар отадан кўра ўғил имомликка лойиқроқ бўлса, мусулмон ота бундан албатта хурсанд бўлади ва Аллоҳга шукрлар қилиб, ўғлини имомликка ўтказади.