Тор уй, ёш оила, икки фарзанд, икки қайноға қандай яшайди?

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Ҳурматли Обидхон қори ака, сайтингиз орқали кўп саволларимга жавоб олаяпман. Қилаётган амалларингиз учун Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Аҳли оилангизга тотувлик, келажакда фарзандларингизнинг роҳатларини кўриш насиб этсин. Эзгу ниятларингизни амалга оширишда Аллоҳнинг Ўзи мадад берсин. Омин.

Сизга қуйидаги савол билан мурожаат этмоқчи эдим. Менинг турмуш қурган опам борлар. У инсон 2 та ажойиб қизнинг онаси. 2 – қизлари яқинда туғилган. Аллоҳга шукрлар бўлсин.

Ўзлари ибодатда, ҳамда Аллоҳ буюрганидек ҳижобда юрадилар. Намозларини тўкис адо этишга ҳаракат қиладилар, вақтларини беҳуда нарсаларга эмас, балки илм олишга, кўпроқ динимизни ўрганишга сарфлайдилар.

Хўжайинлари эса ибодатда эмаслар. Сигарет ҳам чекиб, ароқ ҳам ичиб юраверадилар. 2 хонали квартирада 2 қиз, эр-хотин, яна поччамнинг 2 та забардаст укалари тиқилишиб яшашади. Укалари бир неча йиллардан бери шу тор жойда туришади. Опам поччамга шунча тушунтирсалар ҳам поччам умуман бепарво. «Хоҳласанг шу, хоҳламасанг катта кўча!» дейдилар. Опам: «Шариатимизга тўғри келмайди бу иш, унинг устига уйимиз атиги 2 хонали бўлса, қизимиз ҳам мактабга бораяпти…» деган мазмундаги гапларга поччам умуман эътибор бермайдилар. Мени эса опамга раҳмим келади. Шунча йил сабр қилиб келаяптилар. Уйда номаҳрам эркаклар билан яшаш дуруст эмас-ку. Поччамга нима десак ёки қандай амал қилсак, бу нарсани тушуниб етаркинлар? Укаларига озроқ тушунтириш берайин десалар, улар «келинойимиз бизни сиғдирмаяптилар» деб бутун қариндошларига жар соладилар. Олдин ҳам бир-икки гап ўтганда, улардан шу гап чиққан ва поччам билан опам ўрталарига совуқчилик тушган эди.

Ҳозир поччам, опам ва янги туғилган чақалоқ бир хонада, катта қизлари (яқинда 1-синфга бораяпти) бошқа хонада ётибдилар. 2 та 26 ёш ва ундан сал кичикроқ ука эса балконда тиқилиб ётибди. Балконда озиқ-овқат маҳсулотлари туради. Опам нонушта тайёрлаш, овқат пишириш учун албатта улар ётган жойдан ўтишларига тўғри келади. Катта қизлари ётадиган хонада телевизор бор. Укалари кечгача телевизор кўрадилар, қиз бечора эса ўша жойда индамай ётишга мажбур. Хуллас, умуман ақлга сиғмайдиган ҳолатда опам қийналиб яшаяптилар. Опам Аллоҳга ношукрчилик қилишга қўрқадилар. Баъзида сиқилиб кетганларидан гапирадилар, аммо бу ғийбат-ку, уларни ғийбат қиляпман, Аллоҳ ўзи кечирсин дейдилар. Ношукрчилик қиляпманми деб ўйланиб қоладилар. Сиздан илтимос, ҳазрат, мана шунақанги чигал ҳолатни бир ечимини берсангиз. Нима иш қилсак тўғри бўлади? Қандай қилсак оилада ҳеч ким зарар кўрмайди. Маслаҳатингизга муҳтожмиз. Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Олдиндан катта раҳмат! Саволимга жавоб оламан деган умиддаман.

Мухлиса.

Жавоб: Аллоҳ сизларга ёрдам берсин.

Инсон ўз ҳолатини ислоҳ қилишни сўраб, Аллоҳга дуо қилиш билан бир қаторда, қўлидан келган ҳаракатларини қилиши керак. Вазиятдан хабардор мусулмонлар ҳам бир-бирларига ёрдам беришлари лозим.

Опангиз яшаётган шароит Шариатга ҳам, урф-одатга ҳам тўғри келмайди. Одат бўйича, опангиз ўз оиласи билан алоҳида, балоғатга етган икки ука алоҳида яшашлари керак. Бунинг учун ё опангиз ўз оиласи билан ижарага уй олиб чиқиб кетишлари зарур. Ё эса икки ука бошқа уй топиши лозим.

Бу муаммони ҳал қилиш масъулияти биринчи ўринда опангизнинг эрининг ва икки уканинг бўйинларида ётади. Чунки турмуш тарзини ислоҳ қилиш, қулайликка эриштириш эркакларнинг вазифаларидир. Аммо сизнинг айтишингизча, почча ўз вазифасига бепарво бўлаётган, укалар ҳам кўпроқ телевизор кўриш билан кун ўтказаётган экан, улар Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлаётган бўладилар. Эндиликда ташаббус опангиздан чиқиши кутилади. Агар эр оила шароитларини тузатишга, аёли учун эркаклардан холи шароит яратиб беришга ҳаракат қилмаётган бўлса, бундай ҳолатда аёл ўз таклифларини тақдим этади ва иффатини сақлашга ҳаракат қилади.

Эҳтимол ака-укалар ва уларнинг қариндошлари «Бизга қийин-да, қаердан бошқа уй топамиз, пулимиз йўқ, ишлай деса иш ҳам йўқ!» дейишлари мумкин. Аммо уй олишга пули ҳам, пул топишга иши ҳам йўқ йигитлар кундузи билан телевизор кўрса, муаммолари ҳал бўлиб қоладими? Ёки телевизорда пул топишни ўргатаяптими? Улар нима учун ҳеч бўлмаганда кундузи кўчага чиқиб кетишмаяпти, мардикорчилик қилишмаяпти? Бу ишёқмасликдан бошқа нарса эмас, валлоҳу аълам. Ялқовлик ва бекорчилик йигит киши учун уят. Тўғри, бугун ишсизлик муаммоси ҳамма ерда бор. Аммо шу билан бирга кўп одамда иш танлаш, ортиқча куч сарфламайдиган енгил-елпи ишларни орзу қилиш касали ҳам бор. Оғирроқ ишларни қилишдан қочиш, ортиқча куч сарфлашни истамаслик, уйга кириб, телевизор тагига ётиб олиш иллати кўп. Аслида оғирроқ, қорароқ, арзон ишларни ҳамма ерда ҳам топса бўлади. Бекорчи ётағон бўлиб, ҳамманинг кўзига хунук кўриниб ўтиргандан кўра арзимаган ҳақ эвазига бўлса ҳам бир иш билан машғул бўлган афзал. Бекор турма бекор ишла, деб бежиз айтмаган халқимиз.

Йигит киши (агар айбсиз айбдор бўлиб қидирувга тушган бўлмаса) кундузи кўчага чиқиб кетиб, иш қидирсин. Кечаси уйга келиб, нафл намозлар ўқисин, Қуръон тиловат қилсин, илмини оширсин. Бир устоз топиб Исломдан дарс олсин. Билагида кучи бору аммо ҳали иш топа олмаётган бўлса, рўза тутсин. Аллоҳга дуо қилиб, тўғри йўл кўрсатишини сўрасин. Шунда нафси жиловланади, қалби покланади, ақли қиради. Тарбияли инсонга айланади.

Аммо умр ўтказиш дегани фақат ухлаш, овқат ейиш ва кино кўришдан иборат бўлиб қолган бўлса, бунинг оқибати хунук бўлади. Бекорчидан Худо безор. Бекорчилик беорчилик. Бу мақоллар зарарли ва бузуқ фикрларга берилиб қолиш сабабларини очиб беради. Чунки бекорчилик, боқибеғамлик ва боқимандалик одам боласини бемаъни хаёлларга, унинг сўнггидан ҳаром ва шубҳали йўлларга бошлайди.   

Опангизники каби шароитда яшаётган одамлар эътибор беришлари лозим бўлган яна бир муҳим нуқта шундаки, бундай вазиятда ҳамма ўзини сабр ва чиройли хулқ билан тутиши шарт. Бир-бирига ғазаб қилиш, жанжаллашиш ҳеч қандай фойда бермайди, фақат зарар келтиради. Ўзаро ҳурмат, бир-бирига оғир босиқлик билан ва давомли равишда тушунтириб бориш, илтимос қилиш, иймонли ва ақлли кишилар ёрдамига суяниш орқали муаммолар ҳал бўлади, иншоаллоҳ.

Аллоҳ сизларга сабр-тоқат ва тўғри йўл насиб этсин.