Шифо калити
Савол:
Фарзандимда негадир 5 кундан бери ҳар куни бир ноҳушлик юз бермоқда. Нима қилсам бўлади? Товуқ сўйиб қон чиқарайми? Ёки бирор домлага бориб ўқитиб юборайми?
Жавобингиз учун Аллоҳ рози бўлсин
У.
Жавоб:
Аллоҳ таоло фарзандингизга ва барча беморларга комил шифо ато этсин…
Бу борада бизнинг маслаҳатимиз қуйидаги нуқталардан иборат бўлади:
1. Авваламбор Ягона Аллоҳнинг Ўзига кўпдан кўп ибодат ва дуолар қилиб, Ўзи шифо беришини илтижо қилиб сўранглар;
2. Беш вақт фарз намозларни ўз вақтида мукаммал адо этишга (эркаклар масжидда жамоат билан ўқишга), доимо тақволи ҳаёт кечириб яшашга ҳаракат қилинглар;
3. Ҳар бир мусулмон киши ва ҳар бир муслима аёл Қуръони каримни ўзи тажвид билан тиловат қила оладиган бўлиши вожиб. Қуръони карим, саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган зикр ва дуолар барча касалликларга шифодир. Бу илоҳий шифонинг фойдалари ва баракотларидан мукаммал даражада баҳраманд бўлиш учун ихлос ва суннатга асосланиш шарт қилинади. Аллоҳга бўлган ихлосингиз, суннати набавийяга бўлган амалингиз қанчалик мукаммал бўлса, Аллоҳ инъом этадиган шифо, ҳаётдан топадиганингиз бахт-саодат ана шунга яраша бўлади.
4. Уйларингизда ҳаром нарсалардан бирор асорат бўлса дарҳол чиқариб ташланглар. (Масалан, баъзи уйларда зийнат учун ёки ёдгорлик тарзида деворларга жонли нарсаларнинг суратларини илиб қўйилган бўлади. Бундай уйларга малоикалар киришмайди. Балки шайтонлар ва жинлар кўпайиб, турли-туман зарарлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ асрасин).
5. Қуръони карим ва саҳиҳ дуолар билан даволаниш асносида моддий сабабларни ҳам бажариш, ишончли дўхтирларга мурожаат қилиш, ҳалол моддалардан тайёрланган дори-дармонлардан фойдаланиш Шариат рухсат берган йўлдир.
عن أسامة بن شريك رضي الله عنه قال : قَالَتْ الأَعْرَابُ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، أَلا نَتَدَاوَى ؟ قَالَ : ( نَعَمْ ، يَا عِبَادَ اللَّهِ تَدَاوَوْا ، فَإِنَّ اللَّهَ لَمْ يَضَعْ دَاءً إِلا وَضَعَ لَهُ شِفَاءً ، إِلا دَاءً وَاحِدًا ، قَالُوا : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، وَمَا هُوَ ؟ قَالَ : الْهَرَمُ ) . رواه الترمذي (2038) وصححه الألباني.
Усома ибн Шарик розияллоҳу анҳу айтадилар: Аъробийлар: эй Расулуллоҳ, даволанмайликми?, деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Ҳа, даволанинглар! Зеро, Аллоҳ қандай касаллик туширган бўлса албатта унинг шифосини ҳам нозил қилган. Магар битта касаллик(нинг давоси йўқ)».
Саҳобийлар сўрадилар: эй Расулуллоҳ, у (давоси йўқ касаллик) нима?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кексалик!» дедилар. (Термизий ривоятлари, Албоний: саҳиҳ).
6. Имкониятларингизга қараб, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, етим-есир, бева-бечора ва фақиру мискинларга Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон қилиб туришни ҳам унутманглар.
Ҳадиси шарифда келади:
«دَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَحَصِّنُوا أمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَأعِدُّوا لِلْبَلاَءِ الدُّعَاءَ». (حسن بمجموع طرقه).
«Беморларингизни садақа билан даволанг, мол-мулкларингизни закотни адо этиш билан ҳимоя қилинг ва бало-мусибатларни даф этиш учун дуо-илтижони тайёр қилиб турингиз». (Ҳасан ҳадис).
Садақа фақатгина пул бериш билан бўлмайди. Садақанинг турлари жуда ҳам кўп. Уларнинг баъзилари қуйидагича:
1. Қорни очларга таом бериш, 2. Кийимга муҳтож бўлганларни кийдириш, 3. Илмсизларга илм ўргатиш ёки шунга сабабчи бўлиш, 4. Насиҳатга муҳтож инсонларга ширин сўз ва ҳикмат билан насиҳат қилиш, 5. Меҳмонларга мезбонлик қилиш, 6. Юклари оғир бўлганларга, машаққатга тушиб қолганларга ёрдам бериш, 7. Барча инсонларга табассум билан хуш муомалада бўлиш…
Аммо саволда сўралган «Товуқ сўйиб, қон чиқарайми? Ёки бирор домлага бориб ўқитиб юборайми?» деган нуқта бироз мулоҳазали. Чунки, баъзи одамлар «шундай қилмаса бўлмайди», деган нотўғри эътиқодга бориб қолганлар. Яна баъзилари бидъату хурофотларга кириб кетиб қолганлар. Аллоҳ Ўзи ҳидоят қилсин.
Шариатда биров касал бўлиб қолса албатта товуқ ёки қўй сўйиб қон чиқариш шарт ёки домлаларга олиб бориб ўқитиш керак, деган буйруқ йўқ.
Тақволи, илмли домла Қуръон ўқиб руқя қилса (дам солса) яхши, лекин юқорида айтилганидек, бу амални ҳар бир мусулмон киши ўзи бажариши тўғрироқ ва самаралироқ бўлади. Бошқалардан дам солиб қўйишни талаб қилиш Ягона Аллоҳнинг Ўзига бўлган мукаммал таваккул хислатига тўғри келмайди.
Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қандай ҳисоб-китобсиз ва ҳеч қандай азобсиз, тўғридан тўғри жаннатга кириб кетадиган зотларнинг сифатларини зикр қилганларида: «… улар бошқалардан руқя қилиб қўйишни сўрамайдиган, Ягона Аллоҳнинг Ўзига таваккул қиладиган зотлар…», деб таърифлаганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики:
{وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ}. [البقرة: 186].
«(Эй Расулуллоҳ), бандаларим cиздан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, Мен уларга (жуда ҳам) яқинман. Менга дуо қилувчи кишининг дуосини дуо қилган пайтида ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар». (Бақара: 186).
Яна Ғофир сурасида ҳам айтади:
{وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ ۚ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ} [غافر: 60].
«Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар». (Ғофир: 60).
Баъзи жоҳиллар «мен кўп дуо-илтижо қилдим, дуоларим қабул бўлмади» деб шикоят қилади. Аллоҳнинг имтиҳонидан йиқилишдек бахтсизликдан У Зот Ўзи сизу бизларни асрасин.
عن أبي هريرة – رضي الله عنه – قال: قال رسول الله – صلى الله عليه وسلم -: «يُستجاب لأحدكم مالم يَعجَل، يقول: قد دعوت ربي، فلم يستجب لي». متفق عليه.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Сизлардан бирингиз дуо қилиб «дарҳақиқат, Раббимга дуо қилдим, лекин дуойим қабул бўлмади» деб шошқолоқлик қилмаса дуоси қабул бўлади». (Муттафақун алайҳи).
Яна бир ҳадисда буюк хушхабар ҳақида башорат бериб айтадиларки:
«ما من مسلم يدعو بدعوة ليس فيها إثم ولا قطيعة رحم إلا أعطاه الله بها إحدى ثلاث : إما أن يعجل له دعوته ، وإما أن يدخرها له في الآخرة ، وإما أن يصرف عنه من السوء مثلها» ، قالوا إذن نكثر ؟ قال : «الله أكثر» . (صحيح الترغيب 1633)
«Қайсики бир мусулмон Аллоҳга дуо қилиб бирор нарса сўраса – сўраган нарсаси гуноҳ иш бўлмаса ёки силаи раҳмни узиш бўлмаса – албатта Аллоҳ унга учта нарсадан бирини беради: ё ана шу сўраган дуосини тезлаштириб беради, ёки у дуосини унинг учун охиратда хазина қилиб сақлаб туради, ёки сўраган нарсасининг ўрнига, уни бошқа бир ёмон бало-мусибатдан сақлайди». Шунда саҳобалар дедилар: ундай бўлса (Аллоҳ таолога) кўпроқ дуо-илтижор қиламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ янада кўпроқ (чексиз мукофотлар) беражак», деб жавоб бердилар. (Саҳиҳут-тарғиб: 1633 ҳадис).
Валлоҳу аълам.
Ягона Парвардигоримиздан илтижо қилиб қоламизки, барчаларимизни Ўзининг собиру шокир, ҳақиқий мўмин бандаларидан қилсин, дуо-илтижоларимизни ҳусни қабул айласин. Омин.
«Ислом Овози» таҳририяти