Давлатга қарши чиқиш ҳақида муфассал жавоб
Шайх Обидхон қори, Швеция
28-ражаб, 1432 ҳ. (30/06/2011 м.)
Савол:
Агар подшоҳ золим бўлса, бир тоифа унга қарши чиқса, нима қилмоқ лозим? Золимни қўлламаслигимиз табиий, аммо қўрқоқлик ё бошқа сабабдан золимга қарши чиқаётган тоифага қўшилмасак, айб бўлмайдими? Агар иложи бўлса мазҳабимиз олимларидан ҳам иқтибослар келтирсангиз.
Аллоҳ рози бўлсин!
Фарруҳ.
Золим подшоҳга қарши чиқиш нима дегани? (1)
Жавоб:
Аллоҳ таолодан ҳаммамизга Исломни тўғри тушуниб, чиройли амал қилиш неъматини ва ҳақ йўлда собит туриш бахтини ато қилишини сўраймиз. Қийноқ остида азоб чекаётган мўминлар ва мўминаларга тезроқ озодлик насиб бўлишини тилаймиз. Адолат билан ҳукмронлик қилаётган раҳбарларга (агар улар топилса) Аллоҳ таолодан яхшилик истаймиз. Халққа зулм ўтказаётган зўравонларга инсоф сўраб дуо қиламиз. Мусулмонларга мурожаат қилиб, одил раҳбарларни (агар улар мавжуд бўлса) қўллаб-қувватлашга чақириш билан бир қаторга, зулм қилишдан тийилмаётган, қийноқларни тўхтатмаётган шафқатсиз золимларга кўпроқ насиҳат қилишга, уларни тўхтатиш йўлларини топишга даъват этамиз.
Бу савол нима учун пайдо бўлаяпти?
Савол золим подшоҳга тегиши экан, бу мавзу аксар аҳолиси мусулмонлар бўлган Ўзбекистонда Исломга қарши зўравон кураш авжига чиқаётгани, давлатнинг мудҳиш қамоқхоналарида қийноқларнинг тўхтовсиз давом этаётгани билан боғлиқ эканини тушуниб турибмиз. Бинобарин, зулм, ноҳақлик ва қийноқларга мутлақо қарши бўлиш, маҳбус ва мазлумларни озод этиш йўлларини қидириш ҳаммамиз учун фарз эканини таъкидлаймиз.
عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : » من رأى منكم منكرا فليغيره بيده ، فإن لم يستطع فبلسانه ، فإن لم يستطع فبقلبه ، وذلك أضعف الإيمان «. ( رواه مسلم) .
Абу Саид Ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитдим: «Сизлардан кимки бир ёмон ишни кўрса, бас уни қўли билан тўхтатсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан рад этсин. Бу одам энг заиф иймонли одамдир». (Муслим ривоятлари).
Истилоҳларни тўғри англайлик
Подшоҳга қарши чиқишнинг ҳукми ҳақида гапиришдан аввал «қарши чиқиш», деган иборани тўғри англаш ва ўз жойида қўллаш лозимлигини эслатамиз. Биз айрим кишиларнинг бу истилоҳни нотўғри тушунаётганларини ёки билиб туриб ноўрин талқин қилаётганларини учратаяпмиз.
Шариат китобларида давлат раҳбарига қарши қуролли бош кўтаришни «хуруж» (خُرُوجُ) ёки «бағй» (بَغْيٌ), деб айтилади.
«Хуруж» калимаси луғатда чиқиш, деган маънода бўлиб, фиқҳда мусулмонлар имомининг итоатидан чиқиш ёки имомга қарши бош кўтариш, деб таъриф берилган.
Фиқҳий қомуснинг «Боғийлар» (بُغَاةٌ ) деган моддасида ҳам ҳамоҳанг таъриф берилган:
الْخَارِجُونَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ عَنْ طَاعَةِ الإِْمَامِ الْحَقِّ بِتَأْوِيلٍ ، وَلَهُمْ شَوْكَةٌ .(الموسوعة الفقهية الكويتية – (8 / 130).
(Боғийлар) – мусулмонлар ичидан ҳақ имомга итоат қилиш доирасидан таъвил билан ажралиб чиққан қуролли гуруҳ. (Ал-Мавсуа – 8/130).
Бугун шафқатсиз режимлар томонидан ўтказилаётган зулмга ўз норозилигини билдираётганларнинг ҳаммаси ҳам қуролли гуруҳлар эмаслигини ҳисобга олган одам уларга нисбатан «боғий», деган истилоҳни қўллаш ўринсиз эканини тушунади.
Ҳазрат Алининг ҳукмронликларига қарши бош кўтарган хаворижлар тоифаси эса гуноҳи кабира қилган одамни кофирга ҳукм қилиш каби ақидаларни тарғиб этувчи адашган одамлар бўлган. Бугун зулмга қарши норозилик билдираётганлар – алҳамдулиллоҳ – Аҳли сунна валжамоат ақидасидаги инсонлардир.
Бунинг устига оят ва ҳадисларда, фиқҳ китобларда «имом» калимаси ўз ўрнига қараб, давлат раҳбари, деган маънода ҳам келишини биламиз. Модомики, баъзилар намойишчиларга нисбатан «хуруж» деган калимани ишлатаётган экан, ундай бўлса, давлат раҳбари ёки президент, деган сўзнинг ўрнига «имом», деган калимани ишлатиб кўринг-чи, деб айтамиз.
Ўзбекистон каби режимлар раҳбарлари ўзларини Ислом фиқҳида аталгани каби «Мусулмонлар имоми», деб атай оладиларми? Улар ўзларига ғалати эшитиладиган бундай ном билан аталишга рози эмасликлари аниқ. Шундай экан, уларнинг зулми ва террорига қарши гапиришни Ислом ақидасидаги хуруж ёки бағйга тенглаштириш ҳам мумкин бўлмайди.
* Ҳанафийлар: Зулм туфайли бош кўтариш хуруж (бағй) эмас (2)
Биз Ислом фиқҳида мусулмон давлат раҳбарига қуролли қаршилик кўрсатган ва ўз ҳаракатини асослашга уринган тоифани хорижийлар ёки боғийлар, дейилишини кўриб ўтдик. “Бағй” калимаси зулм қилмоқ, тажовуз қилмоқ, бузғунчилик қилмоқ, деган маънони билдиради. Боғийлар халқнинг тинчлигини бузган, ноҳақлик билан бош кўтарган золим тоифадир.
Китобларда мабодо бир гуруҳ қуролли кимсалар имомга қарши бош кўтарса, имом аввало улар билан музокара олиб бориши лозимлиги, уларнинг ҳақ даъволари бўлса қондириши шарт экани айтилган. Шунда ҳам тўхтамаса, кейин уларга қарши уруш қилади, дейилган.
Агар қаршилик ёки қўзғолон давлат томонидан ўтказилаётган зулм туфайли юз бераётган бўлса-чи? Бундай ҳолатда ҳукм ҳам ўзгача бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари зулмга қарши бош кўтаришни бағй, деб тасниф қилинмаслигини, ҳақ талаб билан чиққан одамларни боғийлар, деб номлаб бўлмаслигини айтишган.
ثُمَّ لَا بُدَّ من مَعْرِفَةِ أَهْلِ الْبَغْيِ: هُم الْخَارِجُونَ عن الْإِمَامِ الْحَقِّ بِغَيْرِ حَقٍّ. بَيَانُهُ : أَنَّ الْمُسْلِمِينَ إذَا اجْتَمَعُوا على إمَامٍ وَصَارُوا آمِنِينَ بِهِ فَخَرَجَ عليه طَائِفَةٌ من الْمُؤْمِنِينَ فَإِنْ كان خُرُوجُهُمْ عليه بِظُلْمٍ ظَلَمَهُمْ فَلَيْسُوا من أَهْلِ الْبَغْيِ وَعَلَيْهِ أَنْ يَتْرُكَ الظُّلْمَ وَيُنْصِفَهُمْ وَلَا يَنْبَغِي لِلنَّاسِ أَنْ يُعِينُوا الْإِمَامَ عليهم لِأَنَّ فيه إعَانَةً على الظُّلْمِ وَلَا أَنْ يُعِينُوا تِلْكَ الطَّائِفَةَ على الْإِمَامِ أَيْضًا لِأَنَّ فيه إعَانَةً لهم على خُرُوجِهِمْ على الْإِمَامِ (الفتاوى الهندية – (3 /307-308.(
Кейин аҳли бағйнинг ким эканини билиш лозим. Улар ҳақ имомнинг тоати доирасидан ноҳақ чиққан (хорижий) кимсалардир. Бунинг маъноси шуки, агар мусулмонлар бир имом атрофига жам бўлган ва у туфайли омонликда яшаётган бўлсалару ушбу имомга қарши бир тоифа мўминлар бош кўтариб чиққан ва буларнинг чиқишлари имомнинг буларга ўтказган зулми туфайли бўлган бўлса, бас улар аҳли бағй эмасдирлар. Имомга лозим бўлган иш шуки, у ўз зулмини тўхтатиши ва уларга инсоф қилиши шарт. Одамлар ҳам уларга қарши имомга ёрдам беришлари мумкин эмас. Чунки бунда зулмга ёрдам берган бўладилар. Одамлар имомга қарши ўша тоифага ёрдам беришлари ҳам мумкин эмас. Чунки бунда уларга имомга қарши чиқишда ёрдам берган бўладилар. (Фатовойи ҳиндийя – 3/307-308).
Юқоридагиларга кўра, мусулмон давлатларда зулм ва ноҳақликлар туфайли вужудга келаётган норозилик тўлқинларини хаворижлик ёки боғийлик, деб айтиш мумкин эмас. Аксинча, бу ҳаракатларга жавобан раҳбарлар халққа қулоқ солиши лозим. Президентлар зулм ўтказишни бас қилиши, норозилик билдираётганлар билан сўзлашувлар олиб бориб, уларнинг талабларини қондириши керак.
Фатовойи ҳиндийянинг “Одамлар ҳам уларга қарши имомга ёрдам беришлари мумкин эмас”, деган сўзларидан маълум бўладики, аскарлар, милиция ва куч ишлатувчи бошқа ташкилотлар намойишчиларга қўшилмасалар ҳам уларга қарши туришга ҳақлари бўлмайди.
* Қарши чиқиш ҳаром бўлган раҳбар ким? (3)
Бугун мусулмон дунёсининг турли бурчакларида юзага келган оммавий норозиликлар фонида подшоҳга қарши бош кўтариш мавзусининг шаръий жиҳатлари ҳақида турли фикрларни эшитишимиз табиий. Чунки тушунчалар ва манфаатлар турли-туман экан, вазиятга баҳо бериш ва хулосалар чиқариш ҳам шунга яраша бўлади.
Айрим тоифалар «Давлат раҳбарига қарши чиқиш ҳаром, бу Исломда мутлақо йўқ амал», дейдилар. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
Фиқҳий қомуснинг «Раҳбарга қарши бош кўтариш», деган бўлимида бундай келган:
الْخُرُوجُ عَلَى الإمَامِ :
16 – أَجْمَعَ الْعُلَمَاءُ عَلَى أَنَّ الإِْمَامَ إِذَا كَانَ عَدْلاً تَجِبُ طَاعَتُهُ ، وَمُحَرَّمٌ الْخُرُوجُ عَلَيْهِ ، لِقَوْلِهِ تَعَالَى : { أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُول وَأُولِي الأَْمْرِ مِنْكُمْ } (سورة النساء / 59) … (الموسوعة الفقهية الكويتية – (19 / 113).
Уламолар имом агар адл бўлса, унга бўйсуниш вожиб бўлиши ва қарши чиқиш ҳаром эканида ижмоъ қилганлар. Чунки Аллоҳ таоло айтган: «Аллоҳга итоат қилинглар, Расулга итоат қилинглар ва ўзингиздан бўлган раҳбарларга ҳам (итоат қилинглар)». (Нисо/59).
Демак, «Давлат раҳбарига қарши чиқиш ҳаром, бу Исломда мутлақо йўқ амал», деган даъвони тўғри, деб айтиб бўлмайди. Аксинча, айтиш лозимки, агар раҳбар одил бўлса, унга қарши бош кўтариш ҳаром.
Аммо давлат бошлиғи золим, қонхўр ва мусулмонларга душман бўлса-чи?
وَأَمَّا الْخُرُوجُ عَلَى الإِْمَامِ الْجَائِرِفَقَدِ اخْتَلَفَ الْفُقَهَاءُ فِيهِ (الموسوعة الفقهية الكويتية – (19 / 113).
Аммо золим раҳбарга қарши чиқиш масаласида фуқаҳолар бир неча хил қавллар билан ихтилоф қилишган. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 19/113).
Шундай экан, агар раҳбар золим бўлса ҳам унга қарши чиқиш абадий ҳаром, деган фикрни Ислом динининг ҳамма иттифоқ қилган ўзгармас ҳукми, дея талқин қилиш ва шунга одамларни ишонтиришга уринишдан тийилиш лозим.
Яна шу қомуснинг «Раҳбарликнинг давомийлиги» бобида бундай келади:
دَوَامُ الإْمَامَةِ :
12 – يُشْتَرَطُ لِدَوَامِ الإِْمَامَةِ دَوَامُ شُرُوطِهَا ، وَتَزُول بِزَوَالِهَا إِلاَّ الْعَدَالَةَ ، فَقَدِ اخْتُلِفَ فِي أَثَرِ زَوَالِهَا عَلَى مَنْصِبِ الإْمَامَةِ (الموسوعة الفقهية الكويتية – (6 /219).
Раҳбарликнинг давомийлиги унинг шартлари давомийлигини тақозо қилади. Шартлар йўқолса, раҳбарлик ҳам бекор бўлади. Илло адолат шартининг йўқолиши имомат мансабига қандай таъсир кўрсатиши мaсаласида бир неча хил қарашлар пайдо бўлган. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 6/219).
Шундан кейин ушбу масалада мазҳаблар орасидаги фарқлар зикр қилинади.
* “Фитнадан омонлик бўлса, раҳбар азл этилишга лойиқ” (4)
عِنْدَ الْحَنَفِيَّةِ لَيْسَتِ الْعَدَالَةُ شَرْطًا لِصِحَّةِ الْوِلاَيَةِ ، فَيَصِحُّ تَقْلِيدُ الْفَاسِقِ الإِْمَامَةَ عِنْدَهُمْ مَعَ الْكَرَاهَةِ ، وَإِذَا قُلِّدَ إِنْسَانٌ الإِْمَامَةَ حَال كَوْنِهِ عَدْلاً ، ثُمَّ جَارَ فِي الْحُكْمِ ، وَفَسَقَ بِذَلِكَ أَوْ غَيْرِهِ لاَ يَنْعَزِل ، وَلَكِنْ يَسْتَحِقُّ الْعَزْل إِنْ لَمْ يَسْتَلْزِمْ عَزْلُهُ فِتْنَةً ، وَيَجِبُ أَنْ يُدْعَى لَهُ بِالصَّلاَحِ وَنَحْوِهِ ، وَلاَ يَجِبُ الْخُرُوجُ عَلَيْهِ ، كَذَا نَقَل الْحَنَفِيَّةُ عَنْ أَبِي حَنِيفَةَ ، وَكَلِمَتُهُمْ قَاطِبَةً مُتَّفِقَةٌ فِي تَوْجِيهِهِ عَلَى أَنَّ وَجْهَهُ : هُوَ أَنَّ بَعْضَ الصَّحَابَةِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ صَلَّوْا خَلْفَ أَئِمَّةِ الْجَوْرِ وَقَبِلُوا الْوِلاَيَةَ عَنْهُمْ . وَهَذَا عِنْدَهُمْ لِلضَّرُورَةِ وَخَشْيَةَ الْفِتْنَةِ . (الموسوعة الفقهية الكويتية – (6 /220).
Ҳанафийлар наздида ҳукмронликнинг дурустлиги учун адолат шарт эмас. Улар фосиқ одамнинг раҳбарликни эгаллаши макруҳлик билан жоиз бўлади, дейишади. Агар инсон адл бўлган ҳолида раҳбарликни эгалласаю кейин ҳукмда зулмга йўл қўйса ва шу ёки бошқа ишда фосиққа айланса, мансабидан азл қилинмайди. Локин агар унинг азл қилиниши фитнага олиб келмаса, азл қилинишга лойиқ бўлади. Унинг ҳақига инсоф ва яхшилик сўраб, дуо қилиш вожиб бўлади. Унга қарши бош кўтариш вожиб бўлмайди… Бу ҳукм ҳанафийлар наздида зарурат юзасидан ва фитнадан сақланиш учундир. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 6/219).
«Одил ва қодир раҳбар бўлса, золимни йиқитиш жоиз»
وَقَال الدُّسُوقِيُّ : يَحْرُمُ الْخُرُوجُ عَلَى الإِْمَامِ الْجَائِرِ لأَِنَّهُ لاَ يُعْزَل السُّلْطَانُ بِالظُّلْمِ وَالْفِسْقِ وَتَعْطِيل الْحُقُوقِ بَعْدَ انْعِقَادِ إِمَامَتِهِ ، وَإِنَّمَا يَجِبُ وَعْظُهُ وَعَدَمُ الْخُرُوجِ عَلَيْهِ ، إِنَّمَا هُوَ لِتَقْدِيمِ أَخَفِّ الْمَفْسَدَتَيْنِ ، إِلاَّ أَنْ يَقُومَ عَلَيْهِ إِمَامٌ عَدْلٌ ، فَيَجُوزُ الْخُرُوجُ عَلَيْهِ وَإِعَانَةُ ذَلِكَ الْقَائِمِ .
وَقَال الْخَرَشِيُّ : رَوَى ابْنُ الْقَاسِمِ عَنْ مَالِكٍ : إِنْ كَانَ الإِْمَامُ مِثْل عُمَرَ بْنِ عَبْدِ الْعَزِيزِ وَجَبَ عَلَى النَّاسِ الذَّبُّ عَنْهُ وَالْقِتَال مَعَهُ ، وَأَمَّا غَيْرُهُ فَلاَ ، دَعْهُ وَمَا يُرَادُ مِنْهُ ، يَنْتَقِمُ اللَّهُ مِنَ الظَّالِمِ بِظَالِمٍ ، ثُمَّ يَنْتَقِمُ مِنْ كِلَيْهِمَا . (الموسوعة الفقهية الكويتية – (6 /220).
Дусуқий айтган: «Золим имомга қарши чиқиш ҳаромдир. Чунки султоннинг раҳбарлиги шаръий бўлгандан сўнг зулм, фисқ ва ҳуқуқларни поймол қилиш содир бўлгани туфайли азл қилинмайди. Унга фақат насиҳат қилиш вожиб ва қарши чиқмаслик лозим бўлади. Бу ҳукм фақат икки фасоднинг енгилини устун қўйиш юзасидандир. Илло агар бир адл имом ундан устун кела олса, бас шунда золимга қарши бош кўтариш ва устун раҳбарга ёрдам бериш жоиз бўлади».
Хараший деди: «Ибн Қосим Моликдан ривоят қилди: Агар имом Умар ибн Абдулазиз каби бўлса, одамларга уни ҳимоя қилиб, у билан бир сафда уруш қилишлари вожиб бўлади. Аммо ундан бошқаси бўлса – йўқ. Уни ўз ҳолига ташла. Аллоҳ бу золимдан у золимнинг қўли билан интиқом олади. Сўнг Ўзи ҳар иккисидан интиқом олади». (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 6/219).
«Агар кучлари етмаслиги аниқ бўлса…»
قَالَ الْعُلَمَاء : وَسَبَب عَدَم اِنْعِزَاله وَتَحْرِيم الْخُرُوج عَلَيْهِ مَا يَتَرَتَّب عَلَى ذَلِكَ مِنْ الْفِتَن ، وَإِرَاقَة الدِّمَاء ، وَفَسَاد ذَات الْبَيْن ، فَتَكُون الْمَفْسَدَة فِي عَزْله أَكْثَر مِنْهَا فِي بَقَائِهِ
قَالَ الْقَاضِي عِيَاض : أَجْمَعَ الْعُلَمَاء عَلَى أَنَّ الْإِمَامَة لَا تَنْعَقِد لِكَافِرٍ ، وَعَلَى أَنَّهُ لَوْ طَرَأَ عَلَيْهِ الْكُفْر اِنْعَزَلَ ، قَالَ : وَكَذَا لَوْ تَرَكَ إِقَامَة الصَّلَوَات وَالدُّعَاء إِلَيْهَا ، قَالَ : وَكَذَلِكَ عِنْد جُمْهُورهمْ الْبِدْعَة ، قَالَ : وَقَالَ بَعْض الْبَصْرِيِّينَ : تَنْعَقِد لَهُ ، وَتُسْتَدَام لَهُ لِأَنَّهُ مُتَأَوِّل ، قَالَ الْقَاضِي : فَلَوْ طَرَأَ عَلَيْهِ كُفْر وَتَغْيِير لِلشَّرْعِ أَوْ بِدْعَة خَرَجَ عَنْ حُكْم الْوِلَايَة ، وَسَقَطَتْ طَاعَته ، وَوَجَبَ عَلَى الْمُسْلِمِينَ الْقِيَام عَلَيْهِ ، وَخَلْعه وَنَصْب إِمَام عَادِل إِنْ أَمْكَنَهُمْ ذَلِكَ ، فَإِنْ لَمْ يَقَع ذَلِكَ إِلَّا لِطَائِفَةٍ وَجَبَ عَلَيْهِمْ الْقِيَام بِخَلْعِ الْكَافِر ، وَلَا يَجِب فِي الْمُبْتَدِع إِلَّا إِذَا ظَنُّوا الْقُدْرَة عَلَيْهِ ، فَإِنْ تَحَقَّقُوا الْعَجْز لَمْ يَجِب الْقِيَام ، وَلْيُهَاجِرْ الْمُسْلِم عَنْ أَرْضه إِلَى غَيْرهَا ، وَيَفِرّ بِدِينِهِ ، قَالَ : وَلَا تَنْعَقِد لِفَاسِقٍ اِبْتِدَاء ، فَلَوْ طَرَأَ عَلَى الْخَلِيفَة فِسْق قَالَ بَعْضهمْ : يَجِب خَلْعه إِلَّا أَنْ تَتَرَتَّب عَلَيْهِ فِتْنَة وَحَرْب … (شرح النووي على مسلم – (6 / 314).
Уламолар дедилар: имомнинг (зулми учун) мансабидан тушмаслиги ва унга қарши чиқиш ҳаромлигининг сабаби бу ишдан келиб чиқадиган фитналар, қонлар тўкилиши ва одамлар орасининг бузилишидир. Бунда уни мансабидан кетказишнинг зарари ўз ўрнида қолишидаги зарардан кўпроқ бўлади.
Қози Иёз деди: «Уламолар имомат кофир кимсада вужудга келмайди ва агар унда кейинчалик куфр содир бўлса, мансабидан азл бўлади, дея ижмоъ қилганлар». У киши яна деди: «Шунингдек, агар имом намозларни жорий этишни ва унга даъват қилишни тарк этса ҳам шу ҳукм жорий бўлади. Жумҳур уламолар наздида у бидъатчига айланса ҳам шу ҳукм татбиқ этилади. Басраликларнинг баъзилари агар у таъвилга суянган бўлса, имомат мавжуд бўлади ва давом этади, дейишди». Қози деди: «Агар имом куфрга кетса, Шариатга ўзгартириш киритса ёки бидъатчига айланса, раҳбарлик ҳукмидан чиқади ва унга бўйсуниш соқит бўлади. Агар мусулмонларнинг имконлари бўлса, унга қарши туриш, уни мансабдан тушириш, бир одил имомни тиклаш уларнинг зиммаларида вожиб бўлади… Агар кучлари етмаслиги аниқ бўлса, қарши чиқиш вожиб бўлмайди. Мусулмон бундай ердан бошқа жойга ҳижрат қилсин, динини олиб қочсин…» (Шарҳун-Нававий ало Муслим – 6/314).
Хулоса
Уламоларнинг сўзларидан турли маъноларни англаш билан бир қаторда барчаларининг ижтиҳодларида битта умумий хулосани кўриш мумкин. У шундан иборатки, Ислом дини золим ва қонхўр раҳбар билан муомалада икки муқаррар зарардан енгилроғини танлаш қоидасини тавсия қилади. Шунга кўра бирдан йўқ қилиш мумкин бўлмаган ёмонликни то имконият туғилгунча иложи борича камайтириш йўлидан борилади.
Маълумки, золим шоҳ ўз мансабини сақлаб қолиш учун қўлидан келган барча ёвузликни қилишга тайёр туради. Шафқатсизлик руҳида тарбия топган қонхўр раҳбар минглаб одамларни қурбон қиладиган қонли фитналарни уюштиради. Унинг макр ва ҳийлалари кутилмаган кўринишларда келади.
Агар норозилик тўлқинлари бошлангудек бўлса, халқ ичига аллақачондан тайёрлаб қўйилган фуқаро кийимидаги махсус қуролли гуруҳларни ташлаб, тинч намойишни фитнага айлантириш, одамларни бир-бирига қарши уруштириш, кейин уларни «тинчитиш, ҳимоя қилиш ёки яраштириш учун» кўплаб одамларни қирғин қилиш, қамоққа ташлаш ва шу йўл билан халқни яна ҳам ҳолдан тойдириш диктатор президентлар учун оддий касбдир.
Зулм тўхтатилишини, айбсиз маҳбуслар озод этилишини, оддий ҳуқуқлар тикланишини ва адолат қарор топишини талаб қилиб чиққан қуролсиз халқни «бузғунчилар, босқинчилар, ҳасадгўйлар, террористлар», деган бўҳтонлар билан отиб ташлаш золим ҳукмдор ва унинг атрофидагиларнинг миясида кечаю кундуз айланадиган ибтидоий фикр.
Халқ ичидаги аҳли донишлар, сиёсатчилар ва зиёлилар одамларни қурбон қилмай, оммани фитналар олови ичига ташламай зулмдан халос бўлишнинг йўлини топа оладиларми? Бу саволга жавоб бериш осон иш эмаслиги аниқ. Шу сабабдан Исломда халқни давлатга қарши кўр-кўрона оёққа турғазишдан қайтарилади. Чунки мақсад мавжуд зулмдан кўра баттарроқ ҳалокатли кунларни келтириб чиқариш эмас.
Агар ақлда, сиёсатда, тадбир ва куч-қувватда режимнинг макр ва ёвузликларини енгиб ўта оладиган, оммани ўзига ишонтирадиган шахслар ва ҳаракатлар майдонга келсаю улар халқни фитналар ва қон тўкишларсиз озодликка олиб чиқадиган режани ишлаб чиқсалар, бу ишнинг жоизлигида ва савоблигида шубҳа йўқ.
Аллоҳ таолодан ҳаёт синовларини осон қилиб беришини сўраймиз. Энг биринчи ўринда маҳбус мусулмон аёллар ва эркакларга озодлик насиб бўлишини, улар устидаги қийноқлар тезроқ кўтарилишини тилаймиз. Қийноқ қўллаётган милиция ва хавфсизлик ходимларини, уларга буйруқ бераётган бошлиқларни ақлларини ишлатишга, инсоф йўлига қайтишга, зулмкор ва қон тўкиш сиёсатидан воз кечишга даъват қиламиз.
Барча ўзбекистонликларни зулмни тўхтатиш учун ўз имкониятларини бирлаштириш йўлларини қидиришга чақирамиз.
Гўзал хулқлар силсиласи: Адолат (1-4)
Шайтоний хулқлар силсиласи: Зулм (1-3)
Ўзбек ҳукуматининг Обидхон қорига қарши хуружи қачон ва қандай бошланган эди?