Талоқ ва идда аҳкомлари

Муқаддима

 

Таҳририятга талоқ ва идда масалалари ҳақида тез-тез саволлар келиб туради. Биз такрор-такрор сўраладиган масалаларни ушбу саҳифа орқали мухтасар шаклда баён қилиб боришга ҳаракат қиламиз, иншоаллоҳ.

  • Инсон (хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл) турмуш қуриб, оилавий ҳаётга киришидан аввал никоҳ ва талоқ аҳкомларини ўрганиб олиши фарзи айндир. Зиммаларида фарзи айн бўлган илмларни ўрганмасдан юрган одамлар гуноҳкор бўладилар.
  • Шариат оилавий ҳаётни имкон қадар сақлаб қолишга, эр-хотинлар бир-бирларининг хато-камчиликларини кечириб юборишларига тарғиб этади.
  • Бироқ талоққа ҳам рухсат бериб қўйган. Чунки айрим ҳолатларда оилада вужудга келган муаммоларни талоқдан бошқа чора билан ҳал қилиш имконсиз бўлиб қолади.
  • Талоқ сўзи ниҳоятда жиддий калимадир. Бирор бир эркак ажрашишни ният қилмасдан (ҳазил тарзида бўлса ҳам) аёлига қарата талоқсан деб юборса ростдан талоқ тушади. Аёлига талоқсан деганидан кейин «ҳазиллашувдим, талоқ қилиш ниятим йўқ эди» ёки «жаҳл устида тилимдан чиқиб кетди» дейиши эътиборга ўтмайди. Талоқсан дедими талоқ тушди, ҳатто ният қилмаган бўлса ҳам.
  • Агар жуда ҳам қаттиқ ғазабланиб кетиб, ақлини йўқотиб, оғзидан нима сўзлар чиқаётганини умуман билмай қолган бўлса, бундай одамнинг талоғи ҳисобга ўтмайди.
  • Эркак киши талоқ маъносини англатиши мумкин бўлган кинояли сўзлардан ҳам эҳтиёт бўлиши лозим. Масалан «сени озод қилдим», «қўйвордим», «жавобингни бердим», «ота-онангни уйига кетавер», «кўзимга кўринма…» ва ҳоказо. Бундай икки хил маънога бурса бўладиган сўзларни қўлласа, у эрнинг нияти ва мақсади суриштирилади. Агар талоқ қилиш мақсадида айтган бўлса талоқ тушган бўлади. Ичида талоқ қилишни кўзламаган бўлса талоқ тушмайди. Лекин, гўзал ахлоқли инсон бундай шубҳали сўзлардан йироқ, ғазаб устида ҳам ўзини тутиб олган, сабр-бардошли , тилига маҳкам эр бўлади.
  • Талоқ аҳкомларининг энг муҳим масалаларидан яна бири: талоқ қилиш жоиз бўладиган вақтларни билиб олишдир. Зеро, талоқ ҳар вақт ҳам жоиз бўлавермайди.

Талоқ қилиш жоиз бўлмайдиган вақтлар: 

1. Аёл ҳайз кўрган пайт талоқ қилиниши жоиз эмас. Кимки аёли ҳайз кўрган кунларида унга «талоқсан» деса ҳаром иш қилган бўлади, аёлини ўша заҳоти қайтариб олиши ва шу оғзидан чиққан талоқ сўзини бир талоқ ҳисоблаши лозим бўлади. Ҳайз вақти тугагандан сўнг агар ҳалиям ажрашишни қасд қилиб турган бўлса жимоъ қилмасдан (қўшилмасидан) туриб талоқ қилишга рухсат берилади. Шу билан икки марта талоқ тушган бўлади.

2. Ҳайз вақти тугагандан кейин агар жимоъ (жинсий алоқа) рўй берса талоқ қилишдан яна қайтарилади, то кейинги ҳайз вақти келиб, у ҳайздан ҳам покланмагунга қадар.

Ушбу шаръий ҳукмнинг баъзи ҳикматлари:

1. Насл-насабни қаттиқ эҳтиёт қилиш ва соғлик-саломатликни сақлаш;

2. Ғазаб устида ўзини босишга, сабр қилишга ўргатиш. Чунки инсон ғазаб устида талоқ қилиб юборгиси келса ҳам, орадан вақт ўтиши, ақл-ҳуши жойига қайтиши билан талоқ нақадар хато ва зарарли экани ёдига тушади. Натижада ажрашишлар камаяди, қанча-қанча оилалар сақланиб қолади. Кимдир ғазаби кетгандан кейин ҳам ажрашиш ниятида тураверадиган бўлса, талоқ ортидан келадиган оқибатларни тўла англаган ҳолда ажрашади.

Талоқ қилиш жоиз бўлган вақтлар: 

Демак, талоқ қилиш жоиз бўлиши учун фақат икки хил вақт бор:

1. Аёли ҳайздан покланиб, у билан жимоъ (жинсий алоқа) қилмай турган пайт;

2. Аёл киши ҳомиладор бўлган пайт.

Баъзилар аёл киши ҳомил бўлган пайт туғилажак болага раҳмлари келиб, бу ҳолда талоқ қилиб бўлмайди, деб ўйлашади. Бу тасаввур хато.

Ҳомиладор аёлни талоқ қилиш жоиз. Бироқ унинг иддаси ҳомилага боғлиқ бўлади. Модомики ҳомил экан иддаси тугамайди. Ҳомиласини туғиши билан дарҳол иддадан чиқади ва бегона аёлга айланади.

Эр-хотин ажраб кетиши туфайли фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқини адо этишга бепарво бўлиб қолмасликлари даркор. Фарзанднинг ота-она зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқи ҳеч қачон соқит бўлмайди.

Уч талоқ ҳақида

  • Эркак киши аёлини бирданига ёки бир лафз билан уч талоқ қилиши ҳаром.
  • Афсуслар бўлсинки, ҳаётда ўзини мана шундай ҳаром сўзлардан ва ҳаром ишлардан тиёлмайдиган одамлар бор. Аллоҳ Ўзи уларга ҳам инсоф ва ҳидоят берсин.
  • Кимки аёлини бирданига уч талоқ қилса ҳаром иш қилгани учун гуноҳкор бўлиши билан бир вақтнинг ўзида, у аёл билан бирга ҳалол ҳаёт кечиришдан ҳам маҳрум бўлади. Бир-бирларидан бутунлай ажраб кетишлари шарт қилинади.
  • Уч талоқ олган аёл иддаси тугагандан кейин бошқа эрга тегиб яшаши мумкин.
  • Ўша янги эр ҳам қачондир, бирор сабаб туфайли ўз ихтиёри билан бу аёлни талоқ қилса, ёки вафот этса, ўшанда аёл яна идда ўттиради. Иддаси тугагандан сўнг уч талоқ қилган аввалги эрига қайтадан никоҳланиши жоиз, агар иккаласи ҳам шунга рози бўлса ва никоҳнинг барча шартлари бажо этилса.
  • Аммо бу ишни келишилган ҳолда бажариш жоиз эмас. Яъни, бошқа эрга тегаётганда, у эр билан озгина муддат яшаб, кейин талоқ туширишга келишган ҳолда никоҳ ўқиш улкан гуноҳ. Ҳадисда бундай ҳийла билан ҳаромни ҳалол қилиб олмоқчи бўладиганлар лаънатланган.

«Талоқ ражъий» (идда асносида қайтариб олиш жоиз бўлган талоқ)

  • «Талоқ ражъий» деб биринчи марта ва иккинчи марта талоқ қилинган аёлнинг ҳолига айтилади. Учинчи марта талоқ қилинган аёл эса «талоқ ражъий»га кирмайди. Яъни, эр уни қайтариб олиши жоиз эмас.
  • «Талоқ ражъий»да аёлнинг иддаси тугамасдан туриб, эр уни никоҳ ўқитмасдан яна ўз қарамоғига қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
  • «Талоқ ражъий» билан талоқ қилинган аёл идда асносида эрига зийнатланиб, чиройли муомалада бўлиб, қайта ярашиб кетишга ҳаракат қилиши афзалдир, шояд эр ажрашиш ниятидан қайтиб, аёли билан яна яшаб кетса. Бундай имконият фақат биринчи ва иккинчи талоқдан сўнг идда тугамасдан олдин бўлади.
  • Агар аёлнинг иддаси тугаган бўлса, бас, у бегона аёлдир. Эр уни янги никоҳсиз, маҳрсиз ва аёлнинг розилигисиз қайтариб ололмайди. Никоҳ, маҳр, аёлнинг розилиги ва валийнинг розилиги шарт қилинади.
  • Турмушга чиққан аёлнинг эри унга биринчи марта жимоъ (жинсий алоқа) қилиши «духул» деб айтилади. «Духул» рўй бермасдан туриб талоқ қилинган аёл идда ўтирмайди ва «талоқ ражъий» ҳукмига ҳам кирмайди.

Узоқ сафарда юрган эрнинг аёли ҳақида

Баъзи одамлар «эр ўз аёлини ташлаб, узоқ муддатли сафарга кетиб қолса, 6 ой ёки 1 йилдан кейин орадаги никоҳ ўз-ўзидан бузилади, қайтадан никоҳни янгилаб олиш керак», деб ўйлашар экан. Бундай фикр мутлақо хато.

Эр ўз ихтиёри билан талоқ бермагунга қадар ёки қози уларни ажратиб юборишга қарор чиқармагунга қадар ҳеч қачон талоқ тушмайди.

Бироқ, эр ўз аёлидан узрсиз равишда 6 ойдан ортиқ узоқда қолиб кетса, аёл бундан зарар кўраётган бўлса ва ажралишни хоҳласа, қозига мурожаат қилиб, ўз ҳаққини талаб қилишига рухсат берилади.

Қози ҳолатни яхши ўрганиб, ҳар икки томоннинг даъволарини текширганидан сўнг, Шариатга биноан ҳақ деб топган ҳукмига қарор бериши лозим.

Эри йўқолган аёл масаласи

Бу масалада уламоларнинг фатволарини икки хил раъй билан хулоса қилиш мумкин:

1- раъй: ғойиб бўлган одамнинг тирик эканлиги эҳтимоли кучлироқ бўлса, аёли унинг никоҳида давом этиши даркор. Эрнинг ўлими ёки талоқ бергани аниқ бўлмагунча ё бир инсон умрича вақт ўтмагунча никоҳ бузилмайди.

2- раъй: ғойиб бўлган одамнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги фикр устун бўлса, унинг аёли фақат тўрт йил кутади. Сўнг қозиёт «бу аёлнинг эри вафот этган» деган маънода ҳукм чиқаради. Қозининг ушбу қарорига асосланган ҳолда бу аёл тўрт ойу ўн кун идда сақлайди. Иддаси тугаганидан сўнг бошқа эрга тегиши мумкин.

Демак, бундай масалаларда қарор чиқаришни қозидан талаб қилинади. Ҳеч қайси аёл ёки унинг қариндошлари ўзларича ҳукм чиқаришлари жоиз эмас.

Исломий маҳкама йўқ бўлган диёрларда мусулмонларнинг ораларидаги муаммоларни ҳал қилиш ўша ердаги олимлар ёки диний идораларнинг зиммаларида бўлади.

Ўлган деб ҳукм қилинган одам тирик бўлиб чиқиши 

Ғойиб бўлган одам ҳақида ўлган деб ҳукм чиқарилгандан сўнг тирик эканлиги аниқланса, унинг «бошқа эрга тегиб кетган аёлини ва меросхўрларига тақсимлаб берилган мол-мулкларини ўзига қайтариб берилиши керакми»,  деган масалада ҳам уламолар фиқҳ китобларида Қуръон, Суннат ва саҳобаи киромларнинг фатволаридан англаб етган далил-ҳужжатлари асосида баҳс юритганлар.

Ўлмагани аниқланган одамнинг меросхўрларига тақсимлаб берилган мол-мулки масаласида – агар у мол-мулклар ҳали йўқ бўлиб кетмаган бўлса – тўрт мазҳаб уламолари бир овоздан иттифоқ қилишганки: у нарсаларни асл эгасига қайтариб берилиши шарт.

* Йўқ бўлиб кетган бўлсачи?

Агар у мол-мулклар йўқ бўлиб кетган бўлса, жумҳур уламоларнинг раъйларига биноан, ўша мол-мулкларни ишлатиб, йўқ қилган киши унинг бадалини тўлаши лозим.

Ҳанафий мазҳаб уламолари эса, йўқ бўлиб кетган нарсаларнинг бадалини у нарсаларни ишлатиб йўқ қилган кишидан талаб қилинмайди. Асл эгаси тақдирга рози бўлиши лозим, дейдилар. Валлоҳу аълам.

* Бошқа эрга тегиб кетган аёлининг масаласи:

Ўлмагани аён бўлган одамнинг аёли агар ҳали бошқа эр билан турмуш қурмаган бўлса, унда муаммо йўқ , тирик бўлиб чиққан эри билан яшашда давом этади.

Бошқа эрга тегиб кетган бўлсачи, деган масалада ҳам жумҳур уламолар (ҳанафийлар, шофеийлар, ҳанбалийлар) айтадиларки: асл эрига қайтиши шарт, чунки янги эрга тегиши учун ўқилган никоҳ хато бўлганлиги аниқ бўлди, энди у никоҳ эътиборга олинмайди. Бироқ, бу аёл асл эрига қайтишидан аввал идда ўтириши лозим. Идда ўтириб, покланиб бўлганидан кейин асл эрига қайтади, никоҳни янгилашга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ, аввал қандай яшаган бўлсалар, ўшандай яшашда давом этаверадилар.

Ҳанбалий уламолардан имом Буҳутий айтадиларки: ўлмагани аниқланган эрга ихтиёр берилади:

У одамга айтиладики: «хоҳласанг аёлингни қайтариб ол, хоҳласанг янги эри билан яшайверсин».

У: «майли, янги эри билан яшайверсин» деб розилик берса, янги эр билан яшашда давом этаверади, никоҳни янгилаш шарт эмас.

Агар: «йўқ, аёлимни қайтариб беринглар» деса, қайтариб берилиши лозим бўлади. Бу ҳолда ҳам асл эри билан янгиттан никоҳ ўқиш шарт эмас, лекин, юқорида айтилганидек, эри яқинлик қилишидан аввал албатта идда ўтириши шарт. Идда ўтириши шартлигида ҳеч қайси олим ихтилоф қилмайди.

Бу мавзу ҳақида янада кенгроқ маълумотга эга бўлишни истаганлар қуйидаги ҳаволага мурожаат қилишлари мумкин:

إذا ظهر المفقود رجع إليه ماله وزوجته

Ота-она талабига биноан талоқ қилиш

Ота-онанинг ўз ўғлидан аёлининг талоғини талаб қилиши икки хил ҳолатдан бирига тўғри келади:

1-ҳолат: ота-онанинг талаби шариатга мувофиқ бўлиши. Бундай ҳолда фарзанд ота-онасига итоат қилиб аёлини талоқ қилиши вожиб бўлади.

Бу ҳолтга мисол, ота ёки она ўғлига: “Аёлингни талоқ қил, чунки унинг эркаклар билан ҳаёсиз сўзларни гаплашаётгани, нопок йиғинларга бораётгани каби ишлар унинг ахлоқида шубҳалар пайдо қилади”, деса, фарзанд ота-онасига итоат қилиб, аёлни талоқ қилиши керак. Чунки ота-она бундай ҳолатда ўзларининг хоҳиш-истакларига биноан “талоқ қил” деб айтаётган бўлмайдилар. Балки фарзандларининг тўшагини булғанишдан ҳимоя қилиб гапираётган бўладилар.

2-ҳолат: ўғил ўз аёлини яхши кўргани учун ота-онанинг рашки келиб, унга “аёлингни талоқ қил”, дейиши. Хусусан она кўпинча ўғли учун рашк қилади. Бундай ҳолатда ота ёки она аёлни талоқ қилишга буюрса, ўғилга аёлни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Лекин ота-онаси билан муроса қилади. Аёлини сақлаган ҳолда ота-онанинг кўнгилларини олади. Айниқса, агар аёл динида ва хулқида чиройли бўлса, ўғил ўз ота-онасига мулойим сўзлар билан муомала қилиб, аёли билан яшашига розиликларини олишга ҳаракат қилади.

Турли масалалар

  • Эр аёлини талоқ қилишга қалбида ният қилсаю, лекин тили билан айтмаса талоқ тушмайди.
  • Тили билан талоқ сўзини талаффуз қилаётганида муайян бир ададни айтмасдан талоқ деса фақат бир талоқ тушади.
  • Талоқ қилинган аёлдан унга никоҳ пайти берилган маҳрни қайтариб олиш жоиз эмас. Магар, никоҳ ўқилгандан сўнг ҳали «духул» бўлмасдан (яъни, жимоъ рўй бермасдан туриб) ажрашиб кетадиган бўлсалар, ана шундай ҳолатда маҳрнинг ярмини қайтариб олиши жоиз, лекин афзал эмас.
  • Хат, телефон, интернет, ижтимоий тармоқ ва шуларга ўхшаш воситалар орқали талоқ қилиш: агар ҳақиқатан ҳам талоқ қилинган аёлнинг эри ақл-ҳуши жойида бўлган ҳолида, ўз ихтиёри билан талоқ қилгани исбот бўлса талоқ тушган бўлади.
  • Қаттиқ таҳдид остига олиниб, «хотинингни талоқ қилмасанг азоблаймиз, қамаймиз, ўлдирамиз …» деб қўрқитилиб, талоқ сўзини айтишга мажбурланса талоқ тушмайди.  Аёли ҳали ҳам ўзининг хотини, у билан яшаб кетишга имкони бўлса яшайверади. Таҳдид остига олган золимлар ўзи қаттиқ гуноҳкор бўлади.

ИДДА АҲКОМЛАРИ

Эридан айрилган аёл, хоҳ талоқ қилинган, хоҳ эри вафот этган, хоҳ бошқа бирон сабаб туфайли қозининг ҳукми билан ажратиб юборилган бўлсин, албатта идда ўтириши лозим.

Бироқ идда муддати ҳолатдан ҳолатга қараб бироз фарқли бўлади. Қуйида уларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз:

Талоқ иддаси

Талоқ туфайли эридан айрилган аёлнинг ҳолати уч хил бўлади:

1. Ҳайз кўрадиган ва ҳомил бўлмаган аёл: бундай аёл уч марта ҳайз кўриб, ҳайздан поклангунга қадар идда ўтиради;

2. Ҳайз кўрмайдиган аёл: бундай аёлнинг иддаси уч ой бўлади.

3. Ҳомил аёл: ҳомил аёл ҳомиласи туғилгунга қадар идда ўтиради.

Эри вафот этган аёлнинг иддаси

1. Эри вафот этган аёл агар ҳомил бўлмаса тўрт ой ва ўн кун (яъни, 128 – 130 кун) идда ўтиради.

2. Агар ҳомил бўлса ҳомиласи туғилгунга қадар идда ўтиради.

Идда ўтирган аёлга хос ҳукмлар

  • Идда ўтирган аёл эри билан бирга яшаб келган уйидан чиқмаслиги лозим, магар зарурат учун чиқишга рухсат берилади. Шунингдек ён қўшниси бўлган аёлдан бирор ҳожатини олиш учун ҳам чиқиши жоиз.
  • Идда ўтирган аёлга жоиз бўладиган ишлардан яна: тозаланиб туриш, совун, шампунь ишлатиш, ғусл қилиш, сочларини тараш ва ўриш, одатий кийимларини кийиш, маҳрамлари билан бирга суҳбатлашиш ва таомланиш. Агар фитнадан омонда бўлса муҳим ҳожат учун номаҳрам эркак билан гаплашиш креак бўлиб қолса, парда ортидан туриб гапириш жоиз.
  • Идда ўтирган аёлга совчилар келиши жоиз эмас.
  • Эри вафот этган аёл идда асносида зеб-зийнатлардан сақланиши даркор.
  • Талоқ иддасида ўтирган аёл ҳам зийнатланиши жоиз эмас, магар «талоқ ражъий» ҳолатидаги аёл эри билан ярашиб кетиши афзал бўлгани туфайли фақат эри учун зийнатланиши жоиз.
  • Идда ўтирган аёлнинг нафақаси талоқ қилган эрнинг зиммасида.
  • Эр вафот этган бўлса, аёл унинг меросхўрларидан бири ҳисобланади. Меросдан оладиган улуши: эрга қарашли мол-мулкнинг саккиздан бири аёлига берилади, агар эрнинг фарзанди бўлса. (Эрнинг фарзанди йўқ бўлса тўртдан бири берилади).

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти

* Мавзуга оид бўлимлар:

Оила ва турмуш силсиласи

Никоҳ аҳкомларига оид савол-жавоблар

Талоқ аҳкомларига оид савол-жавоблар

Аёл, оила ва жамият ҳақида савол-жавоблар