Суннат қилинган ҳолда туғилган боланинг исми нима бўлади?
Савол: Аллоҳга ҳамд-санолар бўлсин, ҳайит байрами куни эрта тонгда ўғиллик бўлдик. Ўғлимиз суннат бўлиб туғилди. Исмини олдиндан «Абдуллаҳ» деб ният қилиб юргандик. Суннат бўлиб туғилган чақалоққа «Суннат» деб ном беришади, бўлмаса хосияти ёмон, бу Аллоҳ берган исм деб айтишаяпти. Шу нарса Шариатда борми? Ҳадисларда келганми?
Ҳайит куни туғилгани учун Ҳожимурод қўйишни ёки исмининг олдига Ҳожи сўзини қўшишни айтишаяпти. Лекин биз «Абдуллаҳ» деб номлашни истардик. Қисқача тушунтириб берсангиз,
Камолиддин.
Жавоб: Янги меҳмон муборак бўлсин. Боракаллоҳу лака фил-мавҳуби лак, ва рузиқта бирраҳу, ва балаға ашуддаҳ.
Боланинг суннат қилинган ҳолда туғилиши Аллоҳнинг инояти, деб умид қиламиз. Аммо унинг исмини Суннат деб қўйиш суннатдан эмас. Ҳайит куни туғилса, Ҳожимурод деб номлаш ҳам Шариат буйруғи эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
أحب الأسماء إلى الله : عبد الله وعبد الرحمن والحارث . (السلسلة الصحيحة – مختصرة – (2 / 572(
«Исмларнинг яхшиси Абдуллоҳ ва Абдурраҳмон ва Ал-Ҳорисдир».
(Саҳиҳ ҳадислар силсиласи, Албоний).
Шу ҳадисга кўра ўғлингизни Абдуллоҳ деб номлашингиз суннатга мувофиқ тўғри иш бўлади.