Мадинаи мунаввара ҳурмати (1-қисм)

Бир неча кун муқаддам, муборак Рамазон ойи якун топиш арафасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари яқинида уюштирилган портлаш жинояти дунёни ларзага солди.

Аллоҳ таоло ҳалок бўлган мусулмонларни Ўз раҳматига олсин, ота-оналарига, қариндошларига ва барча мусулмонларга сабру сабот насиб айласин, муқаддас диёрларни турли-туман фитналардан йироқ қилиб, Ўзининг ҳифзу ҳимояси билан тинч-омон ҳолида асрасин…

Маккаи мукаррамадан кейинги даражада турадиган энг муқаддас диёр бўлмиш Мадинаи мунаввара шаҳрининг фазилатлари ва у ерда яшаётган мусулмонларнинг ҳурматлари ҳақида кўпдан кўп ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Биз бу ўринда уларнинг баъзиларини, қисқа-қисқа тарзда бўлса ҳам, эслаб ўтишни маъқул кўрдик:

Мадинаи мунавварага бўлган набавий муҳаббат

1- ҳадис:

Уммул муъминин Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолога илтижо қилиб дуо қилардилар:

«اللَّهُمَّ حَبِّبْ إِلَيْنَا الْمَدِينَةَ كَحُبِّنَا مَكَّةَ أَوْ أَشَدّ…». الحديث. رواه البخاري ومسلم.

«Аллоҳим, Ўзинг бизларга Мадинани худди Маккани яхши кўрганимиздек, балки ундан ҳам кўпроқ суюкли қилгин».

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

***

2- ҳадис:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «كَانَ إِذَا قَدِمَ مِنْ سَفَرٍ فَنَظَرَ إِلَى جُدُرَاتِ الْمَدِينَةِ أَوْضَعَ رَاحِلَتَهُ وَإِنْ كَانَ عَلَى دَابَّةٍ حَرَّكَهَا مِنْ حُبِّهَا». رواه البخاري.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб, Мадинага яқинлашсалар, Мадина деворларига кўзлари тушиши билан маркабларини тезлаштирардилар. Мадинаи мунавварага бўлган муҳаббатлари ва соғинчлари туфайли тезроқ етиб олишга ҳаракат қилар эдилар.

(Бухорий ривоятлари).

***

Мадинаи мунаввара Ҳарам – муқаддас шаҳар

Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавваранинг бошқа шаҳарлардан ажраб турадиган асосий хусусиятларидан бири шуки:  бошқа жойларда ҳалол бўлган баъзи ишлар бу икки шаҳарда ҳаром қилинган. Мисол учун ёввойи ҳайвонларни ва қушларни овлаш, ўзи ўсиб чиққан дарахтларни кесиб ташлаш ва ҳоказо. Ҳамма ерда ҳаром бўлган ишлар эса бу муқаддас жойларда янада қаттиқроқ ҳаром қилинган. Бу борада ҳам кўп ҳадислар собит бўлган.

3- ҳадис:

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга илтижо қилиб дедилар:

«اللَّهُمَّ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ حَرَّمَ مَكَّةَ فَجَعَلَهَا حَرَمًا ، وَإِنِّي حَرَّمْتُ الْمَدِينَةَ حَرَامًا مَا بَيْنَ مَأْزِمَيْهَا ؛ أَنْ لاَ يُهْرَاقَ فِيهَا دَمٌ ، وَلاَ يُحْمَلَ فِيهَا سِلاَحٌ لِقِتَال …» الحديث.

«Эй Аллоҳ! Иброҳим (алайҳиссалом) Маккани ҳаром қилишингни сўради (Сен унинг дуосини қабул айлаб Маккани ҳаром қилиб бердинг). Мен Мадинанинг икки тоғи орасидаги жойларни ҳаром қилиб беришингни илтижо қиламан: бу шаҳарда қон тўкилмасин, жанг қилиш учун қурол кўтарилмасин …».

(Муслим ривоятлари)

***

4- ҳадис:

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари билан Мадинага ишора қилиб:

«إِنَّهَا (أي المدينة) حَرَمٌ آمِن». رواه مسلم.

«Бу шаҳар тинч-омон(да бўлиши шарт бўлган) ҳарам (ҳаром қилинган шаҳар)дир», дедилар.

(Муслим ривоятлари).

***

5- ҳадис:

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«إِنَّي أُحَرِّمُ ما بينَ لابَتَيِ المدينةِ أن يُقْطَعَ عِضَاهُهَا أوْ يُقْتَلَ صيدُها».  وقال :  «المدينَةُ خيرٌ لهم لو كانوا يعلمونَ . لا يدَعُها أحدٌ رغبةً عنه إلَّا أبدلَ اللهُ فيها مَنْ هو خيرٌ منه . ولا يثبتُ أحدٌ على لأْوائِها وجَهْدِها إلَّا كنتُ له شفيعًا ، أوْ شهيدًا ، يومَ القيامَةِ «.

«Мадинанинг икки томонидаги тошли ерлари орасидаги (Мадинадаги) нарсаларни ҳаром қилдим. Унинг ўсимликлари кесиб ташланишини, ов қилинадиган ҳайвонларни Мадинада ов қилишни (ҳаром қилдим)». Яна дедилар: «Мадина улар учун яхшироқдир, агар билсалар эди». (Яъни, Мадинани ташлаб кетаётган одамлар, муқаддас маконнинг қадрини билганларида, бу диёр улар учун бошқа жойлардан яхшироқ эди). Яна дедилар: «Мадинани ёқтирмасдан чиқиб кетадиган кимсанинг ўрнига Аллоҳ яхшироқ мусулмонни алмаштиради». (Мадинага яхшироқ мусулмонларни жойлаштиради). «Мен Мадинанинг қийинчиликларига сабру сабот билан турган киши учун Қиёмат куни шафоатчи бўламан» ёки «(у инсон ҳақида яхши) гувоҳлик бераман».

(Муслим ривоятлари).

Давоми бор…

* Мавзуга оид мақолалар:

Ҳаж ва ҳожилар (1)

Ҳаж ва ҳожилар (2)