ҲРУ: Ўзбекистон ҳукумати Андижон қирғини учун жавоб бериши керак
Бугун Андижон хунрезлигининг 11 йиллиги хотирланмоқда. Халқаро ташкилотлар эълон қилган баёнотларда жаҳон ҳамжамияти 11 йил аввалги қатлиом учун Ўзбекистонни жавобгарликка тортишга чақирилади.
Ҳуқуқ фаоллари 13 май воқеалари ортидан Ўзбекистон ҳукумати бошлаган репрессиялар ҳамон авж олишда давом этаётганини айтишади.
2005 йил 13 май куни Андижон шаҳрида асосан қуролсиз намойишчиларнинг ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида расмий маълумотларга кўра, 187 одам ҳалок бўлган. Норасмий манбалар ўлдирилганлар сони 500дан 1500 нафаргача эканини айтишади.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам 13 май куни 11 йил аввал Андижонда рўй берган воқеаларни хотирлаб, “фожиа пайтида ва унинг оқибатида азият чекканларга чин юракдан ҳамдардлик” билдирди. Қўшма Штатлар тинчлик ва барқарорликнинг энг тўғри воситаси сифатида ўзаро тотувлик, барча фуқаролар ҳуқуқларига нисбатан масъулият ва ҳурмат билдирилишини мунтазам равишда рағбатлантиради, дейилади қисқа баёнотда.
АҚШдан бошқа давлатлар элчихоналари Андижон воқеалари 11 йиллиги муносабати билан баёнот эълон қилгани йўқ. Айни пайтда халқаро ҳуқуқ ташкилотлари жаҳон ҳамжамияти, биринчи навбатда Ғарб давлатларини 2005 йил 13 май кунги воқеаларни унутмасликка чақирди.
Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро сиёсат иштирокчилари Андижон қатлиомидан 11 йил ўтиб Ўзбекистон ҳукуматини жавобгарликка чақириши лозим, дейилади Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти бугун эълон қилган баёнотда. Ташкилот 2005 йил 13 май куни Ўзбекистон ҳукумати қўшинлари асосан тинч аҳолидан иборат юзлаб намойишчини ўлдирганини ҳам эслатади ўз баёнотида.
“Орадан 11 йил ўтиб, Андижондаги қатлиом ва унинг ортидан ҳукуматнинг ўзгача қарашнинг ҳар қандай шаклига қарши аёвсиз қатағони Ўзбекистондаги аянчли инсон ҳуқуқлари вазиятининг тимсолига айланган. Вашингтон, Европа Иттифоқи аъзолари ва бошқа давлатлар Ўзбекистон ҳукуматини қатлиом учун ҳали ҳам жавобгарликка тортгани йўқ, бу эса Тошкентнинг инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилиш амалиётини одатий ҳолга айланишига ҳисса қўшди”, дея билдирди ҲРУнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.
Жума куни Франция ва Норвегиядаги бир қатор ташкилотлар эълон қилган қўшма баёнотда ҳам 11 йил аввал рўй берган қонли воқеалар Ўзбекистон ҳукумати бугун ҳам давом эттираётган репрессиялар манбаси бўлиб қолаётгани таъкидланади. Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Чегара билмас мухбирлар, Норвегия Ҳелсинки қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик, Қийноқларни тугатиш бўйича насронийлар ҳаракати вакиллари номидан тарқатилган баёнотда 13 май исёни тўғрисида гапириш истагида бўлганлар Ўзбекистон ҳукумати таъқибларига дуч келаётганидан ташвиш билдирилади ва халқаро ҳамжамиятдан Тошкент ҳукумати инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида босим ўтказиш талаб этилади.
Ушбу баёнот муаллифларидан бири Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Отаева Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда авж олиб бораётган қатағонларни тўхтатиш учун БМТ даражасида бу мамлакат бўйича махсус вакил тайинланиши лозим, дея билдирди:
– Бу фожиа ҳеч қачон унутилмаслиги лозим, чунки оммавий қатлиом учун жавобгарлик муддати чекланмагандир. Орадан 11 йил ўтиб ҳам Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатни хаспўшлаш мақсадида қатлиом гувоҳларини таъқиб қилаётгани мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашувига ҳисса қўшаётган асосий омиллардан биридир. Шунинг учун БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини мониторинг қилиш механизмини ишлаб чиқиши, бунинг учун Ўзбекистон бўйича махсус маърузачини тайинлаши жуда муҳимдир,- дейди Надежда Отаева.
2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида рўй берган воқеаларда, расмий маълумотларга кўра, 187 одам ҳалок бўлган. Лекин ҳуқуқ фаоллари берадиган норасмий рақамларга кўра, 500 нафардан 1500 нафаргача намойишчи ўлдирилгани тахмин этилган.
Надежда Отаева бу рақамлар хунрезлик гувоҳлари кўрсатмаларига асосланган, дейди:
– Ташкилотларимиз томонидан сўроқ қилинган Андижон воқеалари гувоҳлари ана шундай рақамларни келтиришади. Биласиз, 11 йил давомида бу ташкилотларнинг барчаси ўзларининг алоҳида мониторингини ўтказган ва бу борада БМТга ўз ҳисоботларини топширган. Бу ҳисоботлардан келиб чиқиб ана шу рақамлар, яъни ўлдирилганлар сони 500 нафардан 1500 нафаргачани ташкил этиши тахмин этилади. Бу ерда оммавий қирғин аломатлари борлиги аниқ. Лекин афсуски, аниқ рақамларни билиш учун мустақил халқаро тергов бошлашнинг имкони бугунги кунда йўқ,- дейди Францияда муҳожиратда яшаётган ҳуқуқ фаоли Надежда Отаева.
2005 йил 13 май куни тонгда бир гуруҳ қуролланган кишилар Андижон шаҳридаги қамоқхонага бостириб киради. Улар Акрамий оқимига алоқадорлик айби билан қамоққа ташланган 23 нафар тадбиркорни озод қилишади ва ҳукуматга қарашли биноларни эгаллаб олишади. Кейинги кун давомида Андижоннинг марказий Бубор майдонига минглаб қуролсиз одамлар тўпланади. Улар ҳукуматдан ижтимоий адолат ўрнатилиши, иқтисодий муаммолар ҳал этилиши, сиёсий ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилишади.
Кечга яқин ҳукумат қўшинлари Бобур майдонига элтувчи кўчаларни ҳарбий машиналар билан тўсиб қўяди ва намойишчиларга қарата палапартиш ўт очади.
Юзлаб одамнинг қурбон бўлишига олиб келган воқеалар ортидан халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатларини қоралайди ҳамда АҚШ ва ЕИ Тошкентга нисбатан санкциялар жорий этади. Санкциялар олиб ташланиши учун қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талаби бажарилмаганига қарамасдан орадан бир неча йил ўтиб жазо чоралари бекор қилинади.
2005 йил 13 май куни Бобур майдонидаги намойишчилардан 550 нафари қўшни Қирғизистонга қочиб ўтади ва кейинчалик АҚШдан тортиб Австралиягача дунёнинг турли давлатларидан бошпана олади.
Андижон исёни ортидан юзлаб одам суд қилиниб, қамоққа ташланди. Уларнинг бир неча ўн нафари қамоқда қийноқлар оқибатида нобуд бўлди.
Жорий йил январь ойида Озодлик манбалари Андижон исёнини қамоқдан туриб бошқаргани ва Акрамийлар оқими етакчиси, дея иддао қилинган Акрам Йўлдошев 2010 йилда сил касалидан ўлганини маълум қилишди.
2005 йил 13 май воқеалари ортидан Ўзбекистонда бошланган қатағонда ўнлаб ҳуқуқ фаоли, мухолифатчи ва журналистлар турли айбловлар билан қамоққа ташланди.
Манба: Озодлик радиоси