Фитр закотини пул билан бериш жоизми?

Бўлимлар: Фитр садақаси

Савол: Фитр закотини пул билан берса саҳиҳ бўладими? Ҳужжатлар борми?

Жаъфар.

Жавоб: Фитр садақаси емиш бўладиган, захира қилиб ғамлаб қўйса бўладиган нарсалардан берилади. Буғдой, гурунч, хурмо, майиз, пишлоқ каби маҳсулотлар фитр садақаси сифатида берилиши мумкин.

عن أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَال : كُنَّا نُخْرِجُ زَكَاةَ الْفِطْرِ – إِذْ كَانَ فِينَا النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ – صَاعًا مِنْ طَعَامٍ ، أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ ، أَوْ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ ، أَوْ صَاعًا مِنْ زَبِيبٍ ، أَوْ صَاعًا مِنْ أَقِطٍ .)البخاري(

Абу Саид Ал Худрий разияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз Расулуллоҳ ҳаётлик пайтларида фитр закотини озуқадан бир соъ, арпадан бир соъ, хурмодан бир соъ ёки майиздан бир соъ ё эса пишлоқдан бир соъ қилиб берар эдик». (Бухорий ривоятлари).

Фитр садақасининг қийматини бериш мумкинми деган масалада қадимдан фуқаҳолар ўрталарида икки хил қавл мавжуд бўлган. Имом Молик, Шофеий ва Аҳмадлар фитр садақасининг қийматини бериш тўғри эмас, дейишган.

Имом Абу Ҳанифа, Суфёни Саврий, Ҳасани Басрий, Умар ибн Абдулазиз ва айрим саҳобийлар фитр садақасининг қийматини бериш жоиз деб айтишган.

Юқоридагиларга кўра, фитр садақаси сифатида маҳсулотнинг ўзини бериш афзал. Аммо унинг қийматини бериш ҳам жоиз, валлоҳу аълам.