Шаъбон – рамазони каримга тайёрланиш ойи
Аллоҳнинг марҳамати ила мана яна муборак рамазон ойи яқинлашиб келмоқда.
Рамазони каримга тайёрланиш ойи бу шаъбон ойидир.
Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис имомларнинг ҳадис тўпламларида ривоят қилинади, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:
عن عائشة رضي الله عنها قالت: “ما رأيت رسول الله صلى الله عليه وسلم استكمل صيام شهر إلا رمضان ، وما رأيته أكثر صياما منه في شعبان”. رواه البخاري ومسلم.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойидан бошқа бирор бир ойни (бошидан охиригача) мукаммал тарзда рўза тутганларини кўрмаганман. Шаъбон ойидан бошқа ойларда эса шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмаганман”.
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг бошидан охиригача эмас, балки кўп қисмида рўза тутар эдилар.
Имом Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадилар:
“Шаъбон ойи рўзаси муҳаррам ойларнинг рўзасидан афзал. Нафл (рўза)ларнинг афзали рамазон ойига яқин – рамазондан олдин ва рамазондан кейин бўлганидир. (Бу рўза) худди фарз намозлардан олдин ва кейин ўқиладиган суннат намозларга ўхшаш мартабада бўлиб, фарз ибодатни бажаришда йўл қўйилган камчиликларни тўлдиради. Суннат намозлар умумий нафл намозлардан кўра афзалроқ бўлгани каби, рамазондан олдинги ва кейинги рўза ҳам рамазондан анча узоқ бўлган рўзадан афзалроқ бўлади”. (Латоифул маъориф: 138).
Рамазондан олдинги ва кейинги суннат рўзага тарғиб этилишидан рамазонга улаб тутиш тушунилмайди, албатта.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларда ундан қайтарганлар.
Айниқса рамазон ҳайити – Фитр байрами куни рўза тутиш қатъиян ҳаром қилинган.
Рамазондан бир кун олдин – шак кунида “рамазон бошланиб қолган бўлса рўза тутган бўламан”, деб рўза тутиш ҳам жоиз эмас.
Шаъбон ойида рўза тутишга тарғиб этилишининг ҳикматларидан бири, чунки бу рўза рамазон ойига тайёргарлик бўлади.
Шунинг учун уламолар бу ойда кўпроқ рўза тутиб, Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиб туришни тавсия этадилар.
Аллоҳ таоло шаъбон ойида ҳам бизларга Ўзининг баракотларини ёғдирсин, рамазон ойига ҳам етказиб, бутун ҳаётимизни улуғ тоат-ибодатлар билан ғанимат билишимизга муваффақ қилсин.
Алоқадор мавзулар:
- Бароат кечаси ҳақида қисқача маълумот берсангиз?
- Аллоҳнинг дунё осмонига тушиши, мушрик ва хусуматчини кечирмаслиги ҳақидаги ҳадиси шарифлар
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•