«Пайғамбаримизга айтиладиган саловотларни бугун миллиардга етказайлик», деган мазмундаги хатларни тарқатиш жоизми?

Савол:

Ушбу суратда ёзилган хатни тарқатишимиз жоизми? Яъни «Бугун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга миллиард саловотлар ҳадя қилмоқчимиз. Ҳар биримиз 10 марта ёки ундан кўп саловот айтайлик ва бошқаларни ҳам таклиф қилайлик», деган мазмундаги хатни тарқатсак бўладими?

Жавоб:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш фазилатлари маълум ва машҳур.

Айниқса жумъа куни кўпроқ саловот айтиш яна ҳам савоблироқ бўладиган фазилатли амал.

Аммо «ҳар биримиз 10 тадан ёки ундан кўпроқ саловот айтайлик ва шу хатни тарқатайлик, миллиардга етказайлик» деб, шунга ўхшаш услубларни қўллаш бидъатга кириб қолиши мумкин.

Жумъа куни ҳам ва бошқа кунларда ҳам ҳар ким ўзи хоҳлаган пайт саловотлар айтиб юриши, биродарларига ҳам ўрни келганда эслатиб туриши яхши амал.

Лекин, саловотларимизни муайян ададга етказайлик ва ҳаммага шундай услубда тарқатайлик деб, белгилаб олишга бирон бир ҳужжат борлигини билмаймиз.

Бизнинг ҳар бир ибодатимиз учун Қуръон, Суннат ва саҳобаи киромлардан далилимиз, салафи солиҳ уламоларимизнинг сўзларидан исботимиз бўлиши лозим.

Муттафақун алайҳи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«من أحدث في أمرنا هذا ما ليس منه فهو رد».

«Кимки мана бу ишимизда (яъни, динимизда) унда йўқ бўлган нарсани пайдо қилса албатта у рад – қайтариб ташланади (қабул қилинмайди)».

Шу ва бошқа кўпдан кўп далилларга асосланган ҳолларида Ислом уламолари «Ибодатлар тавқифийядир» деган қоидани доимо таъкидлаб, эслатиб турадилар.

Ибодатлар тавқифийя – далили йўқ ибодатлардан тўхташ керак. Инсон ўзи хоҳлаганидек ибодат қилавериши жоиз эмас, мусулмон киши бажараётган ҳар бир ибодатнинг далил-ҳужжати бўлиши лозим.

Ўзимиз чуқур илмга эга бўлолмайдиган, Қуръону Суннатдаги далиллар билан батафсил танишиб чиқолмайдиган оми ёки бошланғич босқичдаги толиби илм бўлсак Аллоҳдан қўрқадиган тақволи уламолардан сўраб ўрганишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 43-оятида, Анбиё сурасининг 7-оятида марҳамат қиладики:

{فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ}. [النحل: 43، الأنبياء: 7].

«Агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли зикр (яъни, аҳли илм – уламолар)дан сўранглар».

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти