«Асҳобларим юлдузлардек…» деган мазмундаги ҳадис саҳиҳми?

Савол:

«Асҳобларим (осмондаги) юлдузлардек. Қайси бирларига бўлса ҳам иқтидо қилсангизлар ҳидоят топган бўласизлар», деган мазмундаги ҳадис саҳиҳми?

Жавоб:

Бу ҳадис жуда ҳам заиф ҳадис. Ҳатто баъзи муҳаддис уламолар тўқиб чиқарилган ёлғон деб ҳам айтганлар. Қуйидаги ҳаволада бу ҳақда батафсил баён қилинган.

158731: الكلام على حديث ( أصحابي كالنجوم ) سندا ومتنا

Лекин саҳобаи киромларнинг фазилатлари борасида собит бўлган ояти карималар ва саҳиҳ ҳадислар жуда ҳам кўп ва бу мавзуда Ислом уламолари кўпдан кўп китоблар ёзганлар.

Биз ҳозирча бу ўринда фақат битта оят ва битта ҳадисни эслаш билан кифояланамиз:

Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 100 оятида марҳамат қилади:

{وَالسَّابِقُونَ الْأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ} . [التوبة 100].

«Биринчи пешқадам муҳожирлар, ансорлар ва уларга яхшилик билан эргашган зотлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрларб қўйди. Улар (ана шу жаннатларда) абадий яшайдилар. Ана ўша (неъмат) улкан ютуқдир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«لَا تَسُبُّوا أَصْحَابِي ، لَا تَسُبُّوا أَصْحَابِي ، فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلَا نَصِيفَه». متفق عليه.

«Асҳобларимни ҳақорат қилманглар. Жоним Унинг қўлида бўлган Зот (Аллоҳ таоло)га қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи)дек олтинларни эҳсон қилса ҳам уларнинг бир ҳовуч (садақа)ларига ҳам, ярим ҳовуч (садақа)ларига ҳам етолмайди!». (Муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Биз Аҳли Сунна уламолари ижмоъ – иттифоқ қилган эътиқоддамиз: Саҳобаи киромларнинг барчалари жаннат аҳлидан бўладиган, пайғамбарлардан кейинги мақомда турадиган энг улуғ зотлар. Уларнинг баъзиларидан содир бўлган айрим гуноҳ ва хатоларни Аллоҳ таоло кечириб юборган деб биламиз.

Кимки бирор бир саҳобийни адашганга чиқарса ўзи адашган ва залолатга кетган кимса бўлади.

Рамҳону Раҳим бўлган Зот Аллоҳ таолодан илтижо қилиб қоламизки, бизларни ҳам жаннатда пайғамбарларга ва саҳобаи киромларга ҳамроҳ қилсин …

«Ислом Овози» таҳририяти