Ғайридин қўшнини Исломга қандай даъват қилинади?
Савол:
Мен Россияда ишлаб юраман. Бир насроний қўшним бор, ўшани Исломга даъват қилишим шартми? Динимизга чақирмасам қиёматда менга осиладими? Ё даъват қилиш шарт эмасми? Олдиндан раҳмат. Аллоҳ яхшилик билан мукофотласин.
(Н)
Жавоб:
Аллоҳ сизни ҳам яхшиликлар билан мукофотласин …
Қўшнингиз сизнинг мусулмон эканлигингизни, гўзал ахлоқ-одобингизни, қўшниларга бўлган яхши муомала ва ёрдамларингизни кўриб турса шунинг ўзи энг биринчи ва энг асосий даъват.
Сиз уни тўғридан тўғри ва очиқчасига эмас, балки аста-секинлик билан, унга ёқадиган услубларни қўллаб Исломга қизиқтириш ҳақида кўпроқ тафаккур қилишингиз лозим.
Чунки бизнинг мақсадимиз бир нарса қилиб даъватни етказиб қўйиб қутилиб олиш эмас, ёки «томдан тараша тушгандай» деганга ўхшаш муомала қилиш эмас, балки ҳар бир қадамимиз ва барча ҳаракатларимизда қандай мумолада бўлсак яхши самаралар бериши, одамлар нажот йўлига ўз ихтиёрлари билан қизиқадиган бўлишларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаи киром ва улуғ тобеинлар шундай олижаноб зотлар бўлганликлари учун дунёдаги турли-туман миллатлар қисқа муддат ичида гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломни қабул қилганлар ва бу динга ўз ихтиёрлари ва чуқур рағбатлари билан улкан хизматлар кўрсатганлар.
Оддий бир мисол: Билол Ҳабаший, Салмон Форисий, Ҳасан Басрий, Ато ибн Аби Рабоҳ, Абу Ҳанифа, Ибн Муборак, Бухорий, Абудовуд, Тирмизий каби энг улуғ уламолар араб миллатидан эмасдилар. Шундай бўлса ҳам бутун дунё аҳли уларнинг илмлари, ахлоқлари, тақвою ибодатлари қаршисида таслим бўлар эдилар. Ҳатто халифалар уларнинг ҳузурларида титраб турар эди.
Қўшнингиз агар ўзи қизиқиб, сиздан Ислом ҳақида саволлар сўраб турадиган бўлса, унда уни даъват қилиш анча қулай бўлади. Аммо унинг учун сиз ўзингиз аввало Ислом илмларини чуқурроқ ўрганиб олишингиз ва доимо Ислом оламида эътиборли уламоларнинг маслаҳатларини олиб туришингиз лозим.
Валлоҳу аълам.
«Ислом Овози» таҳририяти