“Оила аъзоларим тўйга ароқ қўйишни режаламоқда, маслаҳат беринг”

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Савол: Мен иншoaллоҳ, рўза ойидан сўнг уйланмоқчиман. Лекин олдиндан мени қийнаётган муаммолар чиқмоқда. Оила аъзоларимизнинг ҳаммаси тўйга ароқ қўйишни режаламоқда. Менинг сўзларимни инобатга ҳеч ким олмаяпти. Тушунишни умуман хоҳлашмаяпти. Тўйга қўшиқчилар ҳам тайёр. Динимиздан йироқ, дунёвий тўйга ҳозирлик бўляпти. Мен бундай базмни умуман хоҳламайман. Динимизга мос қилиб, домла чақириб, амри маъруф қилиб, тўй қилиш орзуим бор эди. Мусофир юртда ишлаб, ўша ерда ҳидоят топганим учун уларнинг кўзига бошқача бўлиб кўринаяпман. Қори ака, илтимос, менга маслаҳат берсангиз. Ўйлаб бошим қотди. Уларнинг айтганига кўнсам, иймоним-чи? Илтимос, жавобингизни кутаман.

Муҳаммад.

Жавоб: Аллоҳ сизга ёрдам берсин. Тўйингизни чиройли ва покиза ҳолда ўтказишни насиб этсин. Биз сизга оила аъзоларингиз ва қариндошларингиз билан чиройли муомалада бўлишни, ҳақ йўлда сабрли бўлиб, фикрларингизни оғир-босиқлик билан тушунтириб боришни тавсия қиламиз.

Барчага маълумки, ароқ Ислом ҳаром қилган нарсаларнинг энг катталаридан бири. Хоҳ тўй бўлсин, хоҳ бошқа йиғин бўлсин ароқ қўйиш мумкин эмас. Мусулмон инсон уйига меҳмон чақирса, одамларга ҳаром ичимлик эмас, покиза таом бериши лозим.

Тўйда домла чақириб амри маъруф қилдириш ҳам шарт қилинмайди. Тўйни ароқ билан ўтказишни орзу қиладиган одам албатта амри маъруфни ёқтирмайди. Шу туфайли тўйда маъруза қилинмасдан ҳалол покиза неъматлар билан зиёфат берилса, шунинг ўзи кифоя. Тўй шукрона тарзида ўтказиладиган бир меҳмондорчиликдир. Меҳмондорчилик ҳам камтарроқ бўлгани яхши. Ўзбекистонда тўйиб овқат емаётган, боласига ойлаб гўшт едира олмаётган оилалар бор.

Тошкентлик бир аёлнинг Би-би-си орқали йиғлаб гапирган мана бу сўзларини биродарлар қайғу билан эслашади:

«Ошхонадан неварамнинг йиғисини эшитиб, олдига кирсам, онасининг этагига ёпишиб «гўшт беринг» деб йиғлаяпти. «Болам ҳозир отаси борларга гўшт йўқку, санга қаердан гўшт олиб бераман…» дедим» дейди аёл йиғлаб.

Аллоҳ ҳаммамизга инсоф берсин. Иқтисодий таназзул даврида молу дунёни ҳаром йўлларга сарф қилишдан сақланайлик.

Қариндошлар ичида, маҳаллада катта ёшли одамлар, обрўли, ароқ ичмайдиган, покиза ва ақлли инсонлар бўлишади. Ана шундай одамларнинг ёрдамига, маслаҳатларига суяниш лозим.

Аллоҳ сизга бахт-саодат ато айласин.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi