Қарзни закотдан деб ҳисобласа бўладими?
Савол: Мен Кореяда ишлайман. Ўзбекистондаги бир биродарим мендан қарзга пул суради ва мен бердим. Унинг шароити оғирроқ эканлигидан хабарим бор. Шу қарзга берган пулимни закот ҳисобига ўтказсам бўладими? Агар бўлса қай йўсинда амалга оширсам бўлади?
Абдулазиз.
Жавоб: Қарзни закотдан деб ҳисоб қилиш мумкин эмас. Чунки инсон бировга қарз бераётган пайтда қарз деб ният қилади, закот деб ният қилмайди. Қарз бергани учун савоб олишни умид этади. Закот берадиган пайти келганда ҳам закот деб ният қилиш лозим ва бундан савоб умид этилади. Қарзни закотдан деб ҳисоблаган одам закот беришдан холис савобнинг ўзини эмас, балки дунёвий манфаатни ҳам кўзлаган бўлади. Яъни бу одам закот молини қарзга деб берган шахсий молини ҳимоялаш учун ишлатган бўлади. Бу иш тўғри эмас. Закот ўз йўлида ибодат, қарз бериш ўз йўлида ибодат. Қарз берган одам пул беришдан аввал ҳамма томонини ўйлайди. Эҳтимолий оқибатларга рози бўлиб, кейин беради. Мабодо пулини вақтида қайтариб ола олмаса, бунга сабр қилади. Закот ҳам Аллоҳ хоҳласа инсон молу мулкининг ҳимояланишига сабаб бўлади. У ёғи Аллоҳга ҳавола. Инсон Шариат амалларига ўзича қўшимчалар кирита олмайди.