Қилган ибодати ва яхшиликлари билан мағрурланиб қолиш ҳақида имом Худобахшнинг ибратли қиссалари
Шайх Обидхон қорининг ўғиллари ҳикоя қилади:
Устозимиз шайх Ҳомид ибн Акрам Бухорий ўзларининг устозлари Аҳмад Али Таҳонавийдан ҳикоя қилдилар:
Акам Мушарраф Али айтиб берди:
Лайлатул Қадр кечасида устозимиз (Қуръони карим қироатлари бўйича буюк имом) шайх Худобахшдан илтимос қилдик:
Бизга икки ракъатга бўлса ҳам имомлик қилиб Қуръони каримдан бироз тиловат қилиб берсангиз, илтимос.
Шунда шайх Худобахш раҳимаҳуллоҳ имомликка ўтиб, биринчи ракъатнинг ўзидаёқ Қуръони каримнинг аввалидан охирига қадар хатм қилишга киришиб кетдилар. Фотиҳа ва Бақара сурасидан бошлаб, то Фалақ сурасига қадар бирор жойда умуман тутулмасдан, бир дона ҳам хато қилмасдан хатм қилдилар. Фалақ сурасига етиб борганларида хато қилиб юбориб: «… Ва маа адрока маа холақ» деб ўқиб тўхтаб қолдилар. Ҳар қанча қайта-қайта ўқисалар ҳам тўғриси эсларига келмай қолди. Кейин «Аллоҳу акбар» деб рукуъга кетдилар. Иккинчи ракъатга турганларидан кейин Фалақ ва Ан-Наас сурасини зам қилиб намозни тамомига етказдилар.
Намоздан кейин бизга қараб айтдиларки:
«Қуръони каримни намознинг биринчи ракъатидаёқ хатм қиламан, деб ният қилган эдим. Аммо Фалақ сурасига қадар ҳеч қандай хатосиз ўқиганимдан ичимда нафсим мағрурланиб қолди. Шунинг учун хато қилиб юбордим (тилим тутилиб тўхтаб қолдим)».
Қиссадан олинадиган асосий ибрат шуки:
Инсон ҳар қанча олий даражотларга етган тақдирда ҳам Аллоҳдан тақво қилиб, шайтон ва нафс васвасаларидан, бажараётган амаллари ҳабата бўлиб кетишидан қўрқиб туриши лозим.
Шунинг учун ҳам бешвақт намоз, таҳажжуд намозлари, ҳаж ибодати каби энг улуғ ибодатларнинг сўнгида ҳам истиғфор айтиб туришга буюрилганмиз. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло барча гуноҳ-камчиликларимизни Ўз мағфиратига олсин, ҳақ йўлда собитқадам қилиб, тоат-ибодатларимизни ҳусни қабул айласин.