Хорижда яшаётганлар нима қилишлари керак?
1- савол: Ҳурмтали домла, ғайридинлар ўлкасида яшаш осон эмас, айниқса тақводор домлалар учун. Сиз ҳозирда нималар билан машғулсиз? Вақтингизни қандай фаолиятлар билан ўтказмоқдасиз? Келажакдаги режаларингиз? Иккинчи саволим: сизни устозларингиз ким?
2- савол: Қори ака, сизга Аллоҳдан соғлик ва мустаҳкам иймон тилайман. Саволим қуйидагича: Ўзбекистон ичидаги ва чет элдаги ўзбек мусулмон ёшларига насиҳатингиз қандай? Нималар қилса дин, ватан ва халқимиз учун фойдалироқ бўлади? Интернетда дарслар уюштириш ниятингиз борми? Жавобингиз учун Аллоҳ рози бўлсин.
(Adham Ismatov, Britaniya)
3- Азиз устоз! Камина сизни ва Абдували қори домланинг дарсларини эшитиб, динга қизиқиб, ниҳоят суннатга амал қилишга ўтдим, Аллоҳ давомли қилсин. Аммо хорижда юриш ва ватандан узоқлик анча ўкситиб қўйди. «Ватанга қайтгин» деб ота-онам қўйишмаяпти. Нима маслаҳат берасиз? Мен у ерда, билишимча ҳеч ким қидирмайди, рўйхатда ҳам эмасман, қонуний ўқиш учун кетганман, ўқишни битириб ўша ерда қолиб кетдим иш билан ва оилали бўлиб … ҳозир баҳоли қудрат маҳаллий масжидда Қуръон, ақида ва араб тили дарслари билан машғулман. сизга саволим: ватанга қайтиб ота-онамни рози қилишим афзалми ёки Аллоҳнинг динида бардавом бўлиш учун мана шу ерда юриб дин илмини олиб … ватанда ўзгариш бўлишини кутишликми?
(Abu Abdurrahman At-Toshkandi, Los Angeles, AQSH)
4-савол: Ҳурматли устоз, аввало сизга Аллоҳдан сиҳат-саломатлик ва ҳақда собитқадамлик тилаб, сизни Аллоҳ учун яхши кўришимни билдирмоқчиман. Саволим шундай: 1. Ҳозирги кунда хориждаги ватандошлар ватанга қайтгани маъқулми ёки юртимиздаги аҳвол яхшиланишини кутиб хорижда яшаб турганлари яхшими? 2. Ҳозирги пайтда Ислом уммати ўзини ислоҳ қилиши учун нималар қилиши зарур? Бу мусибатларнинг илдизи қаерда?
(Abdulloh Farg’oniy, Angliya)
5- савол: Муҳтарам қори ака! Комил мусулмон бўлишнинг энг асосий шарти нимадан иборат? Иккинчи саволим: Аллоҳнинг тақдири билан кўпгина ватандошлар қатори юртдан йироқда, мусофирликда истиқомат қилаяпмиз. Куфр давлатларида баъзан ошхона ёки ресторанларда, ё бўлмаса супермаркетларда ишлашга тўғри келади. У ерларда Аллоҳ ҳаром қилган маҳсулотлар ҳам сотилади. Қори ака, шу ердан ишлаб топилган ризқ ҳақида нима дейсиз? Бу ҳаром бўладими ёки бунинг бошқа ҳукми борми?
(Muhammad Mirzo, UK)
1-саволнинг жавоби:
Гапингиз тўғри, зеро, ҳар юртнинг ўзига яраша шарт-шароитлари бўлади. Аммо бошқа томондан олиб қаралса, мусулмон мамлакати Ўзбекистон ҳам гиёҳвандлик ва ахлоқий таназзул бобида ғарб дунёсидан қолишмасликка уринмоқда. Бу ҳолат ҳукумат расмийлари истаган нарса эди. Аммо Ўзбекистон билан ғарб ўртасидаги битта катта фарқ шуки, сиз айтган ғайридинлар юртида мусулмонларга берилган эркинликлар ўзбеклар юртида тақиқланган.
Мен ҳозир аввалда имкон тополмаган ишларимни бажариб олишга ҳаракат қилаяпман. Илмий, тарбиявий, даавий ишлар билан машғулман, алҳамдулиллоҳ. Келажак режаларим оддий, аммо иншоаллоҳ ҳалқ учун фойдали.
Устозларимни эслатганингиз учун раҳмат. Уларнинг биринчилари наманганлик Муҳаммадхон махсум домла раҳимаҳуллоҳ. Сарф-наҳв, фиқҳ, тажвид илмларини ўша зот ҳузурларида олганман. Кейин Мир араб мадрасасига ўқишга кириш орзусида Тошкентга келдим. Ўшанда мен дадамизнинг дўстлари Алихон ака ҳамроҳлигида диний идора раиси муфти Зиёвуддинхон қори раҳматли билан учрашдим. У киши менга баъзи тафсир китобларни ўқитиб кўрдилар ва: “Сизнинг Бухорога боришингизга ҳожат йўқ экан, сиз олий мадрасага кириб ўқийверинг”, деб рухсатнома ёзиб бердилар. Бундан ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдим. Олий мадрасада (ҳозирги Тошкент Ислом маъҳади) тўрт йил ўқидим. У ерда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Салоҳиддин қори, Зокиржон домла, Яҳёхон қори каби домлалардан дарс олганман. Уларнинг кўплари оламдан ўтиб кетишди. Аллоҳ ўз раҳматига олсин. Баъзилари ҳали барҳаётлар. Аллоҳ умрларини баракали қилсин.
2- саволнинг жавоби:
Яхши тилакларингиз учун раҳмат.
Чет элларда яшаётган ёшлар жидддий эътибор беришлари лозим бўлган тўртта нарса бор: дин, тил, илм, тажриба.
Аввало дин ва тил хақида. Хорижга чиқиб кетганларнинг кўпчилиги дину иймонини сақлаш учун кетган. Аммо айрим одамлар хориж муҳити таъсирига таслим бўлиб, дини ва тилига бепарво бўлиб қолиши мумкин. Ватанда йўқотиб қўйишдан қўрқиб олиб қочган Исломни бу ерларда йўқотиб қўйишдан Аллоҳ асрасин.
Ўзбек ёшлари қаерда бўлсалар ҳам иймон ва тақвода, ахлоқда собит туришлари лозим. Исломий билимларини оширишлари, ўз устларида тинмай изланишлари даркор. Шу билан бир қаторда ўзбек тилини йўқотмасликка ҳаракат қилишлари керак. Шу мақсадда ўзбек тилидаги исломий ва дунёвий адабиётларни ўқиб бориш, маърузалар эшитиш ва шулардан фойдаланиб, ўзлари ҳам кўпчилик орасида чиройли гапиришни машқ қилиб боришлари иншоаллоҳ катта фойда беради. Бир-бирига яқин яшайдиган миллатдош ва диндошлар тез-тез учрашиб туришлари, дарслар ва ҳар хил исломий-маданий тадбирлар уюштиришлари иншоаллоҳ яхши бўлади.
Оилали инсонлар фарзандларини ҳам юқоридаги тарзда тарбия қилишлари даркор. Хорижда алҳамдулиллоҳ фарзандингизни қандай тарбия қилишингиз ўзингизга боғлиқ. Болангизнинг Ислом ўрганиши жиноят саналмайди. Бошқаларнинг болаларига ҳам ота-онаси қарши бўлмаса Исломни ўргатишингиз тақиқланмайди. Ўзбекистондаги каби ёшларни йўлдан урди деб қамоққа ташламайдилар. Бу имкониятлардан тўғри фойдаланиш лозим.
Иккинчидан, дунёвий илм ва тажриба ҳақида. Хориж мамлакатларида юрган пайтда ёшлар ишлаш билан бир қаторда бирор олий ўқув юртида ўқиб илм олишлари лозим. Дунёвий ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибаларини ўзлаштиришлари зарур.
Бу айтилгандан ташқари ҳижратда юрганлар ўзларининг чиройли хулқлари ва одамийлик хислатлари билан ерли аҳолининг ҳурматини қозонишлари муҳим. Ўзингиз яшаётган мамлакат аҳлининг тилини ўрганишингиз, қонунларини ҳурмат қилишингиз талаб этилади. Исломдан бехабар халқлар Ислом ва Ўзбекистон билан сизу биз орқали танишадилар.
3-саволнинг жавоби:
Саволингизга мана бу ҳадис жавоб бўлади. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят. Расулуллоҳнинг олдиларига бир одам келиб: “Мен жиҳодга борсам бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ ундан “Ота-онанг борми?” деб сўрадилар. У “ҳа” деди. Расулуллоҳ “Унда ана ўшаларнинг олдида жиҳод қил”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Сиз агар Ўзбекистонда қидирувда бўлмасангиз, ота-онангизнинг ҳузурларига қайтиб боришингиз керак. Ўзбекистонда диний эркинликлар чекланган. Аммо агар сиз чин ихлос ва яхши ният билан астойдил ҳаракат қилсангиз, диний илм олишга йўл топилади, иншоаллоҳ.
4-саволнинг жавоби:
Мени Ким учун яхши кўрган бўлсангиз Ўша Зот сизни ҳам яхши кўрсин.
Саволингизнинг жавоби хориждаги ватандошларнинг нима сабаб билан сафар қилишганига боғлиқ бўлади. Агар улар диний сабаблар билан ҳижрат қилган бўлсалар, унда динлари қаерда омон бўлса, ўша ерда бўлишлари керак.
Агар тижорат ёки илм олиш мақсадида кетган бўлсалар ва Ўзбекистонда қидирувда бўлмасалар, хориждаги ишлари битиши билан Ўзбекистонга қайтиб, ўз ота-оналари, қариндошлари ва дўстлари билан иймонда, Исломда ҳаёт кечирганлари афзал. Агар илмли биродарлар бўлсалар, зиммаларида юртимиз мусулмонларига хизмат қилиш вазифаси ётади. Агар ватанга қайтсалар, режим қурбонига айланиш хавфи бўлса, турган мамлакатларида сабр қиладилар. У каби инсонлардан бирларининг саволларига юқорида жавоб бердим. Ўша билан танишишлари, иншоаллоҳ, фойдали бўлади.
5- саволнинг жавоби:
Комил мусулмонлик шарти энг аввало Исломдаги беш рукнни бажаришга интилиш. Сўнг Расулуллоҳнинг суннатларини ўрганиб, уларга чиройли амал қилиш.
Аллоҳ сиз каби мусофирларга Ўзи нусрат ато қилсин. Аллоҳнинг нусратига сазовор бўлиш эса кўп жиҳатдан ўзингизга боғлиқ.
Ҳаром таомлар сотиладиган ошхоналар ва магазинларда ишлаш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ: “Яхшилик ва тақво устида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва тажовузкорлик устида ҳамкорлик қилмангиз”, деган. Бироқ ўта машаққатли кунда қолганда ҳаром иш (аммо одам ўлдириш, зино, хоинлик каби ишлар эмас) мубоҳга айланади. Булар ўлимдан сақланиш учун чўчқа гўштини ейишга ўхшайди.
Агар сиз чин дилингиздан ҳалол касб қилишни ният қилсангиз, иншоаллоҳ мақсадга эришасиз. Ўзингиз истиқомат қилаётган ердаги мусулмон дўстларингиз ёки диний ташкилотлар сизга ёрдам беришлари керак.
(Обидхон қори, 2007 йил, “Би Би Си меҳмони” дастури)