Ўзбекистон ичида яшаётганлар нима қилишлари керак?
Биринчи савол:
Ўзбекистон вазиятида яшаётган мусулмонларга уларнинг динини маҳкам сақлаш ва уни кенг оммага ёйиш учун қандай даъват маслаҳатларини берасиз?
(Salohiddin Ayyubiy, Angliya)
Иккинчи савол:
Ўзбекистонда туриб исломий ақоидларга тинчгина амал қилишнинг иложиси йўқ. Буни сизнинг мисолингизда ҳам кўриш мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондаги ёшларга ўз маслаҳатингизни берсангиз. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
(Abdulloh, Janubiy Korea)
Биринчи саволнинг жавоби:
Ўзимиз учун ҳам, Ўзбекистон ичида яшаётган оддий мусулмонлар учун ҳам жумладан қуйидагиларга аҳамият бериш фойдали:
- Ҳар бир оқил инсон ўз эътиқодининг соғлом бўлиши учун ҳаракат қилишга буюрилган. Эътиқодни масалан, “Ақидаи таҳовийя” китобчасида зикр қилинган тартиб бўйича шакллантириш мумкин.
- Аллоҳ буюрган ибодатларни вақтида чиройли адо этиш, Пайғамбар суннатларини бажариш мусулмоннинг доимий одати бўлиши керак. Ҳаром ва гуноҳ ишлардан тийилиш балолар келишининг олдини олади.
- Имкониятлар ҳар қанча торайтириб қўйилганига қарамасдан фарзандларга Ислом асосларини ўргатиш зарур. Бунинг учун масжид имомлари ва илмли одамлардан болаларга намоз ва Қуръон ўқишни ўргатишни илтимос ёки талаб қилинади. Илтимослар амалга ошмаса, бу вазифа барибир ота-оналар зиммасидан соқит бўлмайди. Улар ҳаракатдан тўхтамайдилар.
- Катталарга ҳам, ёшларга ҳам мусулмонлик одоб-ахлоқини тарғиб қилиш ва сингдириш ҳамма замон ва ҳамма маконларда фарздир.
- Ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашларига амалий ёрдам бериш лозим.
- Қаровчисиз қолиб кетган оилаларга ёрдам уюштириш инсонийлик ва мусулмонлик бурчимиздир.
- Қамоқхоналарда азоб чекаётганларнинг мушкулини енгиллатиш, уларни озодликка чиқаришга ҳаракат қилиш, улар ҳаққига ҳар куни дуода бўлиш ҳаммамизнинг вазифамиз.
- Бойлар учун исрофгарчилик ва дунёга берилишдан, кайфу сафога ружу қўйишдан сақланиш зарур. Бундай талаб ҳар биримиз учун, ҳатто камбағал яшаётганлар учун ҳам тегишли. Чунки айрим камбағаллар қаноатни йиғиштириб қўядилар ва турмушда бойларга тенглашишга уринадилар, динларига зарар етадиган даражада дунё ҳақида ташвиш қиладилар.
- Мусулмонлар бир-бирларини ҳурматлашлари, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва бирликни сақлашлари лозим. Яхши ва оғир кунларда бирга бўлиш, бир-бирларининг айбларини яшириш, яхшиликларини гапириш динни ҳам мустаҳкамлайди. Ота-оналар болаларига, мусулмонлар бир-бирларига Охиратни, ҳисоб-китобни эслатишлари, бир-бирларини ҳалолликка даъват қилиб туришлари даркор. Охиратдан қўрққан одамгина бировга яхшилик қила олади. “Булар Охират-Охират деяверади!” деб энсаси қотадиганларнинг ўзи ҳеч қачон халққа бирор арзирлироқ йўл кўрсата олмаган.
- Ниҳоят иймонимизнинг комиллик чўққиларидан бири сабр эканини эслайлик. Юқорида айтилган сўзлар ва ишлар кимларгадир ёқмаслиги маълум. Аммо Аллоҳ кўрсатганидан бошқа йўл йўқ. Аллоҳнинг йўли, Жаннат йўли гуллар ва мақтовлар билан тўшалган эмас. Мақсадга етгунча йўлда учрайдиган ҳам руҳий, ҳам жисмоний азобларга, таънаю маломатларга, азиятларга сабр қилиш ҳаммамизга насиб қилсин.
Иккинчи саволнинг жавоби:
Ўзбекистондаги аҳвол Сталин ва Саддам қатағонлари билан тенг. Афсуски, у ерда ёшларнинг жуда кўпчилиги илмдан, маънавий тарбиядан, исломий ахлоқдан йироқда ўсиб улғаймоқда. Гиёҳвандликка ружуъ қўйиш, фаҳш ишларга берилиш кучайган. Порахўрлик ёшлар онгида ёмон асоратларини қолдираяпти.
Ўзбекистондаги ёшлар бир неча йўналишларда иш қилишлари керак. Энг аввало ҳар бир инсон бор имкониятларини аниқлаб олиши ва шуни қадрлаши лозим. Энг асосий ишлардан бири – илм олишга вақт сарфлаш зарур. Интернет саҳифалар орқали ҳам керакли билим ва маълумотларни ўрганса бўлади. Инсон ўзида яхши ният, ихлос, ғайрат ва шижоат ҳосил қила олса, мақсадга эришади, иншоаллоҳ.
Ёшлар иймонли бўлишга, исломий ва дунёвий билимларни тезроқ эгаллашга, юксак ахлоқ соҳиби бўлишга интилишлари зарур.
(Обидхон қори, 2007 йил, «Би Би Си меҳмони» дастури)