Закот олувчининг сифатлари қандай?
Cавол: Закот 2000$ доллар чиқса, шу пулни бир одамга берадими ёки бўлиб берадими? Закот олувчининг ҳукми ҳақида гапириб беринг.
Отабек.
Жавоб: Аллоҳ Қуръони каримда закотга лойиқ саккиз тоифа инсонларни шундай баён қилган:
{ إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيل اللَّهِ وَابْنِ السَّبِيل فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاَللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ }) . سورة التوبة / 60(
Садақалар фақат фақирлар, мискинлар, садақа йиғишга масъул бўлганлар, қалблари Исломга мойил бўлаётган кишилар, тутқунликда қолаётганлар, қарздорлар, Аллоҳ йўлида ҳаракат қилаётганлар ва мусофирлар учундир. Бу Аллоҳ томонидан фарз қилинган амал. Аллоҳ ҳамма нарсани яхши билувчи, барча ишлари ҳикматли бўлган Зотдир. (Тавба, 60).
Бу оятда зикр қилинган саккиз тоифа одамларнинг «Ал ихтиёр» китобида келтирилган таърифлари қуйидагича:
- Фақир – камбағал одам;
- Мискин – ҳеч нарсаси йўқ кимса. Абу Ҳанифа айтганлар: «Фақир – одамлардан нарса сўрамайдиган камбағал киши, мискин эса нарса сўрайдиган инсондир»;
- Садақа йиғишга тайинланган одам. Бу инсон хизматига яраша белгиланган тарзда ҳақ олади;
- Қалби Исломга мойил бўлаётган кофир одам. Ҳазрат Умар Ислом кучга тўлгани сабабли бу тоифага закот беришни тўхтатишни таклиф этганлар. Бу фикрга Абу Бакр ва бошқа саҳобалар қўшилишган;
- Асир тушган мусулмон. Уламолар бу тоифада айтилган кимса ўзини озод қилиш учун шартлашган қул эканини айтишган;
- Қарздор. Бундан мурод камбағал қарздордир. Чунки ҳадисда «Бой учун садақа ҳалол бўлмайди», дейилган. Шундай экан, нисобга етадиган моли (пули) бўлган одамга закот бериш жоиз эмас;
- Аллоҳ йўлида ҳаракат қилаётганлар. Абу Юсуф «Булар фақат камбағал мужоҳидлар» деганлар. Муҳаммад эса «Ҳажга кетаётган одам ҳам Аллоҳ йўлидаги инсондир, чунки у нафсига қарши жиҳод қилаётган бўлади», дейдилар;
- Мусофир. Бойлиги ўзи билан бирга бўлмаган, пулга муҳтож бўлиб қолган мусофир. Бу одам ўз ватанида бой бўлса ҳам бойлигидан фойдалана олмагани учун фақир кабидир.
Мол эгаси закотни бу айтилганларнинг ҳаммасига бўлиб бериши ҳам мумкин, фақат биттасига бериш билан кифояланиши ҳам мумкин. Битта фақирнинг ўзига бериб, уни нисобга эга қилиб қўйиш макруҳдир.
Ал ихтиёр ли таълил Ал Мухтор, Закот китоби.