«Муфтий ёки президент бўлганингизда нима қилардингиз …? Мухолифат билан алоқангиз борми?…»
1- савол: Авваламбор Оллоҳ сиздан рози бўлсин, сиз кўпчилик ёшларнинг Исломни танишида сабабчи бўлдингиз. Сизга саволим шуки: вақти келиб сиз Ўзбекистонга қайтсангиз ва сизга Ўзбекистон республикаси муфтиятини бошқариш вазифасида иш олиб бориш таклиф этилса рози бўлармидингиз?
(Ali, London)
2- савол: Ўзбек мухолифати билан ҳозирги кунда ёки умуман алоқа қилиб турасизми?
(Rahmatulloh, Janubiy Korea)
3- савол: Агар сиз президент ўрнида бўлганингизда сиз қандай йўл тутардингиз? Масалан мен ўзимни бу саволимга жавоб бера олмайман, чунки билмайман. Сизчи, нима қилардингиз?
(Shovkat Rihsiev, O’zbekiston)
4- савол: Ҳозирги кунда Ўзбекистон ичкарисида ва ташқарисида Ўзбекистонга президент бўлишга лойиқ ким бор деб ўйлайсиз ва сиз ўзингиз ўзингизни шу лавозимда кўришингиз мумкинми?
(Muhlis, Shtutgart)
5- савол: Ўзбекистонда кутилаётган сайловлар ҳақида нималар дея оласиз ва бу сайловга сизнинг муносабатингиз? Агар сайловда «мўъжиза» юз бериб Каримовнинг ҳокимияти ағдарилса сиз қандай йўл тутасиз?
(Abdurahmon, Jan. Korea)
6- савол: ҳозирги вақтда Ўзбекистон мамлакатида дин давлатдан ажратилганми ёки жамиятдан?
(Odiljon Dadajonov, O’sh, Qirg’iziston)
7- савол: қадрли устоз! Сиздан сўрамоқчи бўлганим: Ўзбекистонга қачон қайтасиз? Ўзбекистоннинг келгуси 10 йиллигини қандай тасаввур қиласиз?
(Samandar Iskandarov, O’zbekiston)
1- саволнинг жавоби:
Аллоҳ ҳаммамиздан рози бўлсин. Муфтийлик ниҳоятда оғир масъулият. Мусулмонларга қарши турган репрессив тузумда муфтий бўлишни қандай тасаввур қилиб бўлади?
2- саволнинг жавоби:
Ким бўлишидан қатъи назар, агар халққа холисона хизмат қиладиган одам бўлса, ўзининг шахсий манфаатлари кетидан қувмаса, ахлоқи рисоладаги инсон бўлса, у билан ҳамкорлик қилиш фойдали бўлади. Аммо менинг ҳозирги шароитим узоқдаги одамлар билан бемалол алоқа қилишга қулай эмас.
3- саволнинг жавоби:
Мен сиз айтган ўринда бўлишни истамайман. Сиз ҳам мен ҳам – ёки ким бўлса бўлсин, ҳатто президентлар ҳам – Аллоҳ томонидан ўзимизнинг зиммамизга юклатилган, шариатда баён қилиб берилган амалларни қўлдан келганича бажариб боришга ҳаракат қилишимиз зарур. Қуръон ва ҳадислар ҳамма учундир. Унда президентлар учун ҳам жуда керакли йўл-йўриқлар борки, қайси президент ўшаларга амал қилса, ундан Аллоҳ ҳам, халқ ҳам рози бўлади.
4- саволнинг жавоби:
Бу саволнинг биринчи қисмига жавоб шуки, президентликка лойиқ инсон фақат ҳақиқий сайловлардагина кўринади. Саволнинг иккинчи қисми эса назаримда бугунги воқеликка мувофиқ келмайдиган масала. Мен президентликни орзу қилмаганман ва ўзимни ундай ўринда кўришни хоҳламайман.
5- саволнинг жавоби:
Ўзбекистонда ҳозирги вақтда ҳақиқий сайлов бўлиши имконсиздир.
6- саволнинг жавоби:
Ўзбекистонда дин давлатдан ҳам, жамиятдан ҳам ажратилган.
7- саволнинг жавоби:
Ўзбекистонга қачон қайтишимни билмайман. Буни Аллоҳ билади. Бу нарса Ўзбекистондаги вазиятнинг қай тарзда ўзгаришига боғлиқ. Ўзбекистоннинг келажаги у ердаги тузум сиёсатига қарам. Аллоҳ ирода қилса, кутилмаган ўзгаришлар юз бериши мумкин. Аммо бу қачон содир бўлади, билмаймиз.
Биз ҳаракат қилмасдан фалакдан бирор нарса келишини кутиб ўтиришга буюрилмаганмиз.
Қуръонда Аллоҳ: “Бас агар намоз тугаса, ерда тарқалинглар ва Аллоҳнинг марҳаматларини қидиринглар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шоядки нажот топсангизлар”, деган. (Жумъа сураси, 10-оят).
Келажак Аллоҳнинг қўлида. Аммо сизу биз мусулмонларнинг вазифамиз Аллоҳнинг нусратига сазовор бўлиш учун илм ва иймон билан ҳаракат, меҳнат ва чиройли ибодат қилишдир.
(Обидхон қори, 2007 йил, «Би Би Си меҳмони» дастури)