Саховатли ўзбекнинг бойлари қаерда қолди?!

Савол:

Обидхон қори ака, сизга ушбу саволларни бермоқчи эдим: 1) мени вазиятим шундан иборат, мен 19 ёшда уйланганман. Алҳамду лиллаҳ, оиламни боқишга қурбим етмоқда, Аллоҳ ризқимизни бериб турибди. бир фарзандимиз бор, лекин менинг мақсадим – яна ўқишни давом эттириш (бакаварлик босқичини тамомлаганман, магистратурага ўқимоқчиман), лекин бунинг учун ҳам маблағ лозим бўлмоқда. Оиладан орттириш қийинроқ бўляпти. Менга эса оилани деб илм олишдан тўхтаб қолгандек туюлади. Лекин нолимайман, фақат сиздан илтимос, шу вазиятга изоҳ берсангиз, мен учун тўғри бўлган йўлни кўрсатсангиз. 2) Масжидларда президент ҳаққига дуо қилишларга қандай қарайсиз?
(Xolis, Kazakhstan)

Жавоб:

1. Бу каби сўзларни эшитсам… хафа бўлиб кетаман. Қанчадан-қанча талантли ёшлар фақирлик чангалида қолган. Илм олишга сарф қилинадиган қобилиятлар, ақлу заковатлар пул топиш, рўзғор тебратиш билан эскирмоқда. Бу юртнинг раҳбарларига тушунтира оладиган, гапирадиган одам йўқ. Аммо “қаерда қолди саховатли ўзбекнинг бойлари?!” дегингиз келади. Ислом давлатларида ҳам, ғарбда ҳам ўз ҳисобидан юзлаб талабларга стипендия тўлайдиган миллиардерлар ҳақида тез-тез эшитамиз.

Бизда ҳам шунақа хайрли ишларни қила оладиган бизнесменлар (майли ҳокимлардан, вазирлардан, прокурорлардан, МХХ, КНБчилардан бўлса ҳам) йўқми? Бор! Жуда кўп. Аммо кимки шу ишни Ўзбекистонда қиладиган бўлса, Ўзбекистон МХХси ёки ИИВ ё Бош прокуратура ўша инсонга қарши дарҳол жиноий иш қўзғатади. Ундай инсоннинг қалбидаги шафқат шафқатсиз жазоланади: у ёшларни йўлдан урганликда айбланиб, қамоққа ташланади.

Аммо, биламан, сизга ўхшаган йигитлар юқорида зикр қилинганлардан мурувват кутиб ўтирмайсизлар. Ўзингиз йўл қидирасизлар.

Агар сиз ҳаракат қилсангиз, албатта Аллоҳ сизга ёрдам беради.

2. Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида анча фарқ бор. Бир мисол ўлароқ Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, масжидларда Президент ҳаққига “Аллоҳ у кишининг қалбларига раҳм-шафқат, инсоф ато қилсин, ўғирлаб кетилган инсонларни, қамоқда ётган мусулмонларни озод қилишни дилларига солсин! Мухолиф фикрли кишиларни таъқиб қилишни тўхтатсинлар!” деб дуолар қилинса жоиз бўлади.

(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си)