Саҳарлик қилмасдан рўза тутиш мумкинми?
Савол: Мен саҳарликка туришга қийналяпман. Агар кеч турсам қуруқ ният қилиб рўза тутяпман. Бу ҳол кетма-кет давом этди. Бундай ҳолда рўза тутиш мумкинми?
Шаҳобиддин.
Жавоб: Саҳарлик қилиш суннатдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўп насиҳатлари бор. Жумладан, бир ҳадисда мана бундай келади:
عَنْ أَنَسٍ – رضى الله عنه – قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- “تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِى السُّحُورِ بَرَكَةً.” (رواه البخاري ومسلم)
Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Саҳарлик қилинглар, чунки саҳараликда барака бор”.
Инсон дин амаларини мусулмонлардан узилган ҳолда якка ўзи адо этишида машаққат ва нуқсон бор. Динимизнинг кўп ибодатлари жамоат бўлган ҳолда бажарилади. Рўза амалининг ўзи учун жамоат шарт қилинмаса ҳам Рамазон ойида мусулмонлар бир-бирларига яна ҳам яқинроқ бўлишлари тавсия қилинади. Бу ҳолат уларнинг рўза ибодатини чиройли ва бекаму кўст адо этишларига катта ёрдам беради. Мусулмонлар бир-бирларини саҳарликка уйғотадилар, биргаликда овқат тайёрлайдилар, бир дастурхон атрофида ўлтирадилар. Бу ишларнинг ҳаммасида барака бор ва инсон қўшимча савоблар ҳосил қилади. Сиз ҳам шу имкониятлардан тўлиқроқ фойдаланишга интилинг. Аллоҳ таоло сизга Ўзининг ибодати учун сабр, куч-қувват ва кенг имкониятлар ато қилсин.