Давлатлар инқирози ва Ўзбекистоннинг исломий мамлакатларга аъзолиги

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Савол:

Узр, мен сизга тўғридан тўғри савол бераман:

1. Ўзбекистонда Ислом давлати ўрнатилишининг тарафдоримисиз?
2. Нимага ҳозирги даврда мусулмон давлатлар инқирозга юз тутган?
3. Нимага айнан ўша мусулмон давлатларида инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмайди?
4. Ислом бу улуғ эътиқод, лекин мусулмонлар ёмон эътиқодчилар! Бунга нима дейсиз?
5. Агар Ислом давлати тарафдори бўлсангиз, нега халқ фикри билан қизиқмайсиз? Чунки кўпчилик Ислом давлатларида дин пешволари халқнинг фикри билан қизиқишмайди, бунга кўп Ислом ёки мусулмон давлатларини мисол қилиш мумкин. Эътиборингиз учун сизга ташаккур.
(Student, Evropa)

Жавоб:

1. Бу ўринда аввало Ислом давлати деган тушунчанинг нима эканини аниқлаб олишимиз керак. “Ислом давлати” деган сўзни баъзилар салбий тушунчалар билан қориштириб юборади. Кимдир Ислом давлати замонавий дунёда мавжуд бўлиши мумкин эмас, деб ўйлайди. Бу хато тушунча. 2004 йили Тошкентда чиқарилган “Ислом энциклопедияси” китоби сўзимизга далил бўлиши мумкин. Китобда шундай сўзларни ўқиймиз:

“Ислом давлати” – ислом дини давлат дини деб эълон қилинган мамлакатларга ва аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан ташкил топган давлатларга нисбатан қўлланадиган тушунча”.

Яна шу китобнинг “Ислом конференцияси ташкилоти” мақоласида ёзилишича, бу ташкилот “Ислом давлатлари ташқи ишлар вазирларининг 3-конференциясида (1972 й. Жидда шаҳри) таъсис этилиб устави қабул қилинган. Ҳозир ИКТ диний муштараклик асосида жами 55 та давлатни, жумладан мустақилликка эришган Марказий Осиё давлатларини бирлаштиради”. “Ўзбекистон Республикаси 1996 йилдан ИКТга аъзо”.

Демак, бир қарасангиз, Ўзбекистон ўзини Ислом давлатлари қаторида санайди. Бир қарасангиз мусулмонларни Ислом давлати ҳақида китоб ўқиди деган туҳмат билан қамоққа ташлайди. Демак нима бўлганда ҳам Ислом давлати тушунчаси халқаро майдонда эътироф этилган нарса. “Ислом конференцияси ташкилоти” ҳужжатларида камида 57 та давлат Ислом давлати деб ёзилган.

Ислом давлати тарафдори бўлиш жиноят эмас. Аммо ҳозирги кунда бу мақсад йўлида қуролли ҳаракатлар олиб бориш тўғри бўлмайди. Халқ ўзи кўпчилик овоз ва тинчлик йўли билан исломий тизимни ихтиёр этса, бўлиши мумкин.

2. Мусулмон давлатлари инқирозга юз тутган деган фикр хато. Агар сиз шунақа оҳангда гапиришни танлаган бўлсангиз, унда мусулмон бўлмаган давлатлар ичидаги инқирозларни ҳам санаб ўтинг.

Давлатларнинг бири иккинчисидан орқада бўлиши табиий. Бунинг сабаби эса айримлар ўйлагандек мусулмонликда эмас, балки динидан қатъи назар, ўша давлатлар устида турган раҳбарларнинг сиёсатларида.

Раҳбарнинг сиёсати унинг илми, тушунчаси, қобилиятлари, тажрибаси ва ниҳоят энг муҳими ахлоқий тарбиясидан келиб чиқади. Нотўғри сиёсат юргизаётган раҳбарларга мисол келтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам кўп жиҳатларидан ибрат олса бўладиган давлатлар бор. Ғарбда мен ўзим гувоҳ бўлганим Швеция ҳукуматининг сиёсати эътиборга лойиқ. Шарқда эса Ислом давлатларидан Малайзиянинг иқтисод ва диний сиёсатда тутган йўлида бошқа мусулмон давлатларга ибрат бўлса арзийдиган жиҳатлар бор.

3. Бу сўзингизни ҳам ҳамма давлатларга баробар тегишли деб бўлмайди. Қолаверса инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини таҳлил қилинса, асосан мусулмонларнинг ҳуқуқлари бузилаётган бўлиб чиқади. Россия ва Хитойдаги инсон ҳуқуқи бузилишларининг ўзи ҳаммасини босиб кетади.

4. Сиз нарса ва ҳодисаларга баҳо берганда мутлақ оқ ёки мутлақ қора деган ўлчовдан воз кечишингиз керак. Акс ҳолда ўзингизни ўзингиз хато маълумотлар билан кўмиб қўясиз ва узоққа кета олмайсиз.

5. Сиз фақат фикр билдирганим учун менга ноўрин ҳукм чиқараяпсиз. Бу ҳам диктатуранинг таъсири бўлса керак. Сизга ўхшаган одам президент, прокурор ёки судья бўлиб қолса, одамларга яна ҳам қийин бўлиб кетади. Сиз айтган Ислом давлатларининг жуда кўпчилигида уламолар билан халқ якдил фикрда. Аммо мутлақ кўпчилик мусулмон давлатларида дин пешволарининг фикрлари давлат сиёсатига таъсир қила олмайди. Ўзбекистон каби диктатура ҳукмрон бўлган давлатларда эса расмий дин пешволари давлат раҳбари чизган чизиқдан бир қарич ҳам четга чиқмайдилар.

(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си)

* Мавзуга оид суҳбатлар:

“Диний давлатми ё дунёвий?”

Сиёсий масалалар ҳақида савол-жавоблар