Мусулмонларни куфр диёрига ҳижрат қилишга мажбурлаётганлар ким?
Савол:
Тақсир! Сиз Ислом учун шунчалик жонкуярлик қилаётган экансиз, сизга бошпанани бирор мусулмон давлати эмас, балки сиз шариат пешволари ҳамиша лаънатлайдиган ғайридин ҳукмрон бўлган ғарб давлати берди. Бу ерда бирор найранг йўқ эмасми? Бу сизнинг ҳамиятингизга заррача бўлсада тегмайдими? Очиқ саволга очиқ жавоб беришингизга умид қиламан, ашар гапни олиб қочсангиз аксария Ўзбек уламоларининг иккиюзламачи эканлиги ҳақидаги хулосамни мустаҳкамлаган бўласиз.
(Sa’dulla, Toshkent)
Жавоб:
Менинг Ислом учун жонкуярлигимни қаердан била қолдингиз? Агар шунақа бўлсам хурсандман, алҳамдулиллоҳ! Агар ўзингизни мусулмон санаётган бўлсангиз, сиз ҳам шунақа бўлинг.
Сиз Ўзбекистонда шариат пешволарининг Ғарбни лаънатлаётганларини эшитдингизми? Агар шундай бўлса, буни Расулуллоҳ буюрганлар деб ўйламанг. Ўзбекистонда Ғарбни лаънатлаш фақат МХХ ва президент аппаратининг буйруғи билан бўлади. Агар Ғарб Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилаяпти, деб танқид қилишни бошласа, Ўзбекистонда ҳам Ғарбни лаънатлаш бошланади.
Аммо Расулуллоҳ: “Мўмин киши учун лаънат айтувчи бўлиш тўғри келмайди”, деганлар. (Ҳоким ривояти, ҳасан).
Шунинг учун сизга ҳам мулойимроқ бўлишни маслаҳат бераман.
Мусулмонлар юртида таъқиб қилинаётган минглаб инсонларнинг бошқа давлатлардан бошпана топиши сизга ёқмаса ҳам бу иш биз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Маккадек муқаддас шаҳар ҳам бир пайтлар мушриклар дастидан Пайғамбар ва у зотнинг саҳобаларини ўз бағрига сиғдира олмай қолган. Ўшанда Расулуллоҳ мазлум мўминларни насроний дини ҳукмрон бўлган Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрган эдилар.
Ибн Касир ўз сийрат китобларида ривоят қиладилар:
“Маккада мусулмонлар балоларга дучор бўла бошлаганларида Абу Бакр ҳам Ҳабаша томонга ҳижрат қилишга қарор қилдилар. Маккадан чиқиб Биркул-ғимод деган ерга етганларида Ал-Қора қабиласининг саййиди Ибнуд Дағина учраб қолди. У: “Эй Абу Бакр қаёққа кетаяпсан?” деб сўради. Абу Бакр: “Мени қавмим қувиб чиқарди. Энди ерни кезиб Раббимга ибодат қилмоқчиман”, дедилар. Ибнуд Дағина айтди: “Эй Абу Бакр, сенга ўхшаган инсон қувиб чиқарилиши тўғри бўлмайди. Чунки сен йўқсилларга ёрдам қиласан. Қариндошлик ҳаққини адо этасан, қийналиб қолганларнинг қўлтиғидан кўтарасан, меҳмонга эҳтиром кўрсатасан, ҳақ эгаларининг ёнини оласан. Мен сени ўз ҳимоямга олдим! Орқангга қайт, Раббингга ўз юртингда ибодат қил!” Абу Бакр йўлларидан қайтдилар. Ибнуд Дағина қурайшийларнинг зодагонлари қуршовида Каъбани тавоф қилди. Шунда уларга деди: “Абу Бакр каби инсон ватанидан қувиб чиқарилиши мумкин эмас. Йўқсилларга ёрдам қиладиган, қариндошлик ҳаққини адо этадиган, қийналганларнинг қўлтиғидан кўтарадиган, меҳмонга эҳтиром кўрсатадиган инсонни қувиб чиқарасизларми?!..”
Қурайшийлар ўшанда Маккага меҳмон бўлиб келган Ибнуд Дағинанинг сўзларидан уялдилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳуга Маккада яшашларига рухсат бердилар.
Сиз ҳамиятни эсладингиз. Инсонда ишқилиб ҳамият йўқолмасин. Ҳамияти йўқолса у Макка мушрикларидан ҳам пасткашроқ бўлиб кетади. Макка мушрикларида ҳам ҳамият бўлган эканки, қўшни қабила раисининг сўзидан уялиб, Абу Бакрга зулм қилишдан қўлларини тийдилар.
Сиз ўзингиз тўққина яшаб турган бир пайтингизда мамлакатнинг минглаб ёш-ёш ўғил-қизлари (балки сизнинг фарзандларингиз тенгидир улар) зўравонликлар дастидан жон сақлаб, бошлари оққан томонга қараб тирқираб қочиб кетмоқдалар. Бу сизнинг ҳамиятингизга заррача бўлса-да тегмайдими?
Ўзбек уламоларининг қайсидир қисми иккиюзламачи эканини исбот қила олганингизда ҳам бу сиз суйган ва хизмат қилаётган режимнинг меваси бўлади, холос.
(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си).