Кофирларни яхши кўриш билан ҳурмат қилиш орасидаги фарқ
Савол:
Бир мусулмон сифатида барча дин, оқим вакилларига Аллоҳнинг бандалари сифатида қараш, уларни ҳурматлаш ва севишга ҳаққимиз борми?
(Sobir)
Жавоб:
Дунёда яшаётган ҳар хил миллат вакиллари якка Аллоҳнинг бандалари, Одам ва Ҳаввонинг болалари саналадилар. Инсон зоти борки, у ҳурматга сазовордир.
Аллоҳ айтган:
{وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَىٰ كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا}. [الإسراء: 70].
“Биз Одам болаларини ҳурматли қилдик…”. (Исро сураси, 70-оят).
Одамлар миллат ва халқларга бўлинганларидан ташқари сиз айтганингиздек турли дин ва мазҳабларга ҳам бўлинганлар. Ҳар бир миллат ёки дин вакили ўз миллати ва динини эъзозлайди, яхши кўради. Ўз эътиқодини бошқаларникидан афзал билади. Аммо ўзиникини афзал билиши бошқаларникини камситишга сабаб бўлиши мумкин эмас.
Ҳурмат билан севгининг фарқи бор. Муҳаббат (ёки севги)нинг доираси тор. Ҳурматнинг доираси эса, алҳамдулиллоҳ, жуда кенгдир.
Масалан, сиз бировни яхши кўра олмайсиз, аммо буни унга билдирмайсиз. Унинг ҳурматини сақлайсиз. Агар дунёда мана шу ҳурмат деган тушунча бўлмаганда бир-бири билан муроса қилиб яшайдиганлар деярли қолмасди.
Яхши кўриш масаласига келсак, уламолар айтишадики, муҳаббат икки хил бўлади: табиий ва ақлий. Инсон табиатан ўзининг фарзандларини ва яқинларини ёки баъзи таом ва машғулотларни яхши кўради. Бу табиий муҳаббат (яхши кўриш)дир. Ақлий муҳаббат эса Аллоҳ ва Пайғамбар яхши деб таърифлаган инсонлар ва амалларни яхши кўришдир. Инсон дастлаб бу иккинчи ўринда айтилган нарсаларни қалбидан яхши кўра олмаслиги мумкин. Ҳатто, жоҳилллик қилиб, ёмон кўриб юриши ҳам эҳтимол. Аммо ақлини ишлатиш ва тафаккур қилиш жараёнида унда муҳаббат пайдо бўлади.
Инсон ўзига мухолиф одамни яхши кўрмайди. Илло оят ва ҳадислар Аллоҳ яхши кўрган одамни ва йўлни яхши кўришга, Аллоҳ ёмон кўрган одам ва йўлни ёмон кўришга буюрар экан, шошмаслик керак. Яъни, инсон кимнидир ёки ниманидир ўзича яхши кўриб қолиб, шу тушунча билан бирор иш қилиб юбориши охири ўзига зиён бўлиб чиқиши мумкин. “Муҳаббатнинг кўзи кўр” деган нақл шу ўринда ишлайди.
Ёки мухолиф фикрдаги одамни табиатан ёмон кўрганлиги учун ўйламасдан, у ҳақда бирор ножўя сўз айтиб юборса, ўзига ўзи оғир натижаларни “сотиб олиши” ҳам бор нарса.
«إِنَّ أوْثَق عُرَى الإيمانِ أنْ تُحِبَّ في اللهِ ، وتُبْغِضَ في اللهِ». (رواه أحمد وحسنه الألباني، صحيح الترغيب والترهيب/ح 3030).
Ҳадисларда: “Иймоннинг энг маҳкам тутқичи… Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир”, дейилган. (Имом Аҳмад ривоятлари, Албоний: ҳасан).
Мана шу эътиқод инсонни ҳақ йўлга етаклайди. Ақлли ва сабрли бўлишга ўргатади.
Чунки одам боласи ўзининг нафси ёқтирган нарсаси ўзига зарар бўлиб чиқишини кўпинча кеч тушунади. Нафсига ёқмагани учунгина ёмон кўриб юрган нарсалари аслида фойдали эканини тушуниб қолиши мумкин.
Баъзи одамлар ёмон кўришни “ёмонлик қилиш”, “қарши ҳужумга ўтиш” деб хато тушунади. Шундан келиб чиқиб “агар бошқа диндагиларни севиш керак” деб ўргатмасак, ўртада низо чиқади деб ўйлаш хато.
Энг тўғри йўл – Аллоҳ кўрсатган йўл.
У Зот бошқа диндагиларни севинг деб буюрмайди. Аллоҳ бошқа диндагиларни ҳурмат қилинг, уларга яхшилик қилинг деб буюради.
{لَّا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ ، إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ}. [الممتحنة: 8].
“Аллоҳ сизларга динингиз учун уруш очмаганларга, сизларни юртингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишингиздан қайтармайди. Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради”. (Мумтаҳана сураси, 8-оят).
Ислом мусулмонлар учун бошқа диндагиларга нисбатан адолатсизлик, алдамчилик, ғирромлик қилишни ҳаром қилади. Аммо сизни уларга муҳаббат қўйишга буюрмайди. Инсон амал қила оладиган йўл мана шудир.
Зўрма-зўраки севги ҳосил қилишга уриниш – бошқа диндагиларни қўйиб туринг, бир дин, бир миллат вакиллари, битта юртнинг фарзандлари ўртасида ҳам амри маҳол-ку. Нима учун ўзбек амалдорлари ўз юртининг (ўзининг демаяпман) фарзандларини ёмон кўради? Юртдан қувиб чиқаради? Нима учун баъзилар Исломга қизиққан ёшларни дарров “ваҳҳобий” деб устидан кула бошлашади? Нима учун ҳар хил партиялар ўз мухолифларини қоралаш билан овора бўлади? Ҳолбуки, инсон ўз яқинларидан сўнг ўзининг диндош ва миллатдошларини яхши кўриши, камида ҳурмат қилиши керак эди-ку.
(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си).