Эътикофни қаерда ўтказиш мумкин?

Савол: Биз чет элда ўқийдиган бир гуруҳ талабалармиз. Иншоаллоҳ, мана шу Рамазон ойининг охирги ўн кунида тўлиқ бўлмаса ҳам шароитдан келиб чиққан ҳолда эътикоф ўтиришни ният қилган эдик. Лекин биз яшайдиган жойда катта масжид йўқ. 20-30 киши сиғадиган, кичик бир хонани намозгоҳ қилиб олганмиз ва шу ерда 5 вақт жамоат намозларини, Рамазонда таровеҳни ҳамда жумъа ва ҳайит намозларини ўқиймиз. Биз мана шу ерда эътикоф ўтиришимиз жоизми?

Абдулҳамид.

Жавоб: Эътикоф бир масжидда хос ният ва алоҳида сифат билан муқим истиқомат қилишдир. Масжиднинг сифатлари ҳақида уламоларнинг бир неча хил қавллари мавжуд. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эътикоф учун беш маҳал намоз жамоат бўлиб ўқиладиган масжид бўлиши шарт деганлар. Абу Юсуф ва Муҳаммадлар эса ҳар қандай масжид эътикоф учун лойиқдир дейишган.

Сизлар намоз ўқийдиган макон бугунги Ғарб жамиятларидаги кўпгина оддий масжид сифатларини ўзида жам қилади ва у ерда эътикоф ўтиришингиз жоиз, валлоҳу аълам. Аллоҳ ибодатларингизни қабул айласин.