Қуръони карим тафсиридаги ихтилофларнинг сабаби нима?
Савол:
Сиз Қуръони каримнинг турли шарҳланишига олиб келган сабаблар ва унинг оқибатларига қандай фикр берасиз?
(Kamran, Japan)
Жавоб:
Қуръони Каримнинг ҳамма оятлари ҳам турли хил шарҳланиши мумкин эмас.
Оятларнинг баъзиларини тафсир қилишдаги хилма-хиллик икки қисмга бўлинади:
1. Кўп маъноларга далолат қиладиган оятларнинг Ислом уламолари томонидан кенг илмий шарҳланиши;
2. Қуръонни тафсир қилишга салоҳияти ёки маънавий ҳақи бўлмаган одамларнинг оятларни ўз хоҳишларига мослаб талқин қилишлари.
Биринчи турдаги хилма-хилликнинг ҳеч қандай зарарли ёки таажжубли ери йўқ. Чунки айрим оятларнинг ўзи дарҳақиқат кўп маъноларга далолат қилади. Бундай хилма-хиллик бир-бирига зид эмас. Аксинча, бу ҳолат Қуръони Каримнинг буюк мўъжиза эканини кўрсатадиган ҳужжатлардан биридир.
Иккинчи турдаги “тафсир”лар аслида айрим кишиларнинг Қуръонга иймон келтирмаган ҳолларида ёки одамларни чалғитиш мақсадида оятларни шарҳлашга уринишлари натижасидир. Шунингдек, баъзи кишилар ҳукмдорларнинг сиёсатини дастаклаш ғаразида ҳам тафсирга қўл урадилар.
Лекин, алҳамдулиллоҳки, уламолар бундай кўринишларнинг ҳар бирига ўз вақтида тегишли баҳоларни бериб боришади.
(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си)
* Мавзуга оид муфассал маърузалар:
Қуръони карим тафсиридаги хилма-хилликларнинг сабаби нимада? (1)