Исломни даврга мослаштириб ревизия қилиш

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Савол:

Мусулмон дини асосларини даврга мослаштириб ревизия қилиш керак деб ўйламайсизми?

(Benjamin, Uzbekistan)

Жавоб:

Динни ревизия қилиш деган даъво динни юборган Зотнинг шаънига отилган тош бўлади, наузу биллоҳ.

Аллоҳ инсониятга Ўзининг охирги динини юборар экан, уни ўзгартириш ёки тузатишлар киритишга ҳеч ўрин қолдирмаган.

Аллоҳ Қуръонда бундай деган:

{الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا }. (المائدة: 3).

“Бугун сизларнинг динингизни мукаммал қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва Исломни сизларга дин бўлишига рози бўлдим”. (Моида сураси, 3-оят).

Мусулмон дини одамлар томонидан ўйлаб чиқарилган қонунлар мажмуаси бўлганда у ҳақиқатан ҳам вақт ўтиши билан замон талабига жавоб бера олмай қолган бўларди ва одамлар уни тез-тез тузатиб турган бўлардилар.

Аммо динимизнинг асоси Қуръони карим ҳали илм-фан ривожланмаган даврда нозил қилинган бўлишига қарамасдан замон тараққий топган сайин янада кўпроқ ўқиладиган бўлиб бораяпти.

Ақлни ҳайратга соладиган бир ҳақиқатга эътибор беринг:

Биринчидан: Қуръон ва ҳадислар инсоният ҳаётининг биронта ҳам жабҳасини қолдирмай ўз ичига қамраб олган. Эътиқод, ибодат, муомалот, оила, жамият, илм-фан, маданият, санъат, сиёсат, давлат бошқаруви, миллий ва халқаро муносабатлар ва ҳоказоларнинг барчасига нисбатан Ислом ўз сўзини айтган ва бу ҳукмларнинг асосий мезонлари – таъкидлайман – ўзгармасдир!

Иккинчидан: мана шу санаб ўтилган соҳаларнинг ҳаммаси доимий такомиллашув ва ривожланишда бўлади.

Таажжубли ери шундаки, дунёнинг тўхтовсиз ривожланиши ва диннинг ўзгармас асослари минг йиллардан бери бир-бирига уйғун ва мутаносиб равишда давом этиб келаётир!

Агар дин ва дунё ўртасида номутаносиблик бўлганда эди, Ислом аллақачон ўз-ўзидан ҳаётдан четга чиқиб қолган бўлар эди. Уни ревизия қилган билан ҳам тўғрилаб бўлмас эди. Чунки ревизия ҳам барибир одам ақлининг маҳсули-ку. Бугунги авлоднинг ревизияси кейинги авлодгача эскириб қолади. Оқибатда дин ҳам айрим давлатларнинг қонунларига ўхшаб диктаторлар қўлида ўйинчоққа айланарди.

Аммо Ислом ревизия қилишни истайдиган одамларнинг қўли ҳам, ақли ҳам етмайдиган олий мақомдадир.

Исломнинг давомийлиги ва ҳаётийлигининг яна бир сабаби бор. У ҳам бўлса, унинг асосий ўзгармас тамойиллари, адл устунлари орасида ақлли инсонлар учун бўшлиқлар қолдирилганидир. Ана шу кенгликлар орасида Ислом уламолари ижтиҳод қиладилар. Ўзгарувчан замон талабларига мувофиқ равишда йўл-йўриқлар ишлаб чиқадилар.

Аллоҳ Исломни шундай юборганки, уни яхши ўрганган олимларда ревизия деган нарсага ҳеч қачон эҳтиёж бўлмайди.

{مَّا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِن شَيْءٍ}الآية. (الأنعام: 38)

“Биз бу китобда бирорта ҳам нарсани унутиб қолдирганимиз йўқ”. (Анъом сураси, 38-оят).

(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си)