Рамазон ойида ичимликлар сотиш мумкинми?
Савол: Мен бир қишлоқ жойида савдо-сотиқ билан шуғулланаман. Рамазон ойида яхна ичимликларни очиқ ҳолатда сотишим жоизми? Олдиндан жавобингиз учун раҳмат.
Тожикистондан Бобожон.
Жавоб: Алмавсутул фиқҳийяда келтирилади: “Жумҳур уламолар ҳаром ишга восита бўладиган ҳар қандай нарса, маъсиятга олиб борадиган ҳар қандай ҳаракат ҳаромдир, дейишади. Бас, харидор қайси бир нарсани ножоиз йўлда ишлатишни қасд қилгани маълум бўлса, унга ўша нарсани сотиш манъ этилади…”
Рамазон кунида яхна сувни очиқ ҳолда сотишдан кўзланган мақсад одамларнинг шу сувни ўша лаҳзаларда ичишларига шароит яратиб беришдир. Бу ишни қилган одам икки жиҳатдан гуноҳкор бўлади.
Биринчидан, у рўза тутмаган одамнинг гуноҳ қилиши учун ҳизмат қилган бўлиб, унинг гуноҳига шерик бўлади.
Иккинчидан, Рамазоннинг ҳурматини кетказган бўлади. Бундай йўл билан топилган пулни ҳалол деб бўлмайди. Агар сувни касал одам, ниҳоятда кекса киши ёки ёш бола олиб, одамлар кўзидан панада ичса, бунга монеълик бўлмайди. Аммо сув сотаётган одам харидорларни ажратиб сота олмайди. Шунга кўра Рамазон кунида сотиб олган заҳоти истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини, масалан пишиб турган овқат, очиқ ҳолатдаги сувни сотиш мумкин эмас.