Рамазонда мусулмон бўлмаганларга овқат сотишнинг ҳукми нима?

Савол: Мен ҳозир Россияда яшайман ва бу ерда дўконим бор. Дўконда овқат сотилади. Рамазон ойида кундузи дўконни ишлатсам бўладими? Илтимос, жавоб беринг. Раббимиз ҳаммамизни Ўзига тўғри эътиқод қиладиганлардан қилсин.

Меҳриддин.

Жавоб: Рамазонда кундуз куни мусулмонлар орасида овқат сотишнинг ҳаром эканида шубҳа йўқ. Бунга ҳамма олимлар иттифоқ. Аммо мусулмон одамнинг номусулмонлар учун овқат пишириб сотиши масаласида икки хил фикр мавжуд. Жуда кўп олимлар бу иш мумкин эмас деб айтишган.

Имом Нававий ёзадилар: “Аксарият олимлар ва муҳаққиқларнинг фикрлари шуки, кофирлар шариат аҳкомларини бажаришга мухотабдирлар…” (Муслим шарҳи).

Қувайт фатво ҳайъати томонидан чиқарилган фатвода ва Америка шариат фуқаҳолари уюшмасининг фатвосида кофирлар учун таом сотиш жоиз деб айтилади.

Муҳаммад Муваффақ Ал Ғалойинийга кўра “Рамазон кунида номусулмонларга таом сотиш жоиздир. Чунки ишларда бирламчи асос рухсатдир. Агар ҳаром эканига далил келмаса, шу асос сақланади.

Ғайри мусулмонлар то Исломга кирмагунларича Шариат аҳкомларини бажаришлари талаб қилинмайди”.

Маълумки, айрим ҳукмлар ҳолатга қараб ўзгаради. Бинобарин, айтиш мумкинки, агар ошхона мусулмон бўлмаган миллат яшайдиган шаҳарда жойлашган бўлса ва овқатланадиганлар ичида мусулмонлар йўқ бўлса, таом сотаётган одам шу ишда ишлашга мажбур бўлса, бу ҳолат юқоридаги фатвога тушиши мумкин.

Аммо ошхонага келадиганлар орасида узрсиз рўза тутмаётган мусулмонлар бўлса, таом берган одам шубҳасиз уларнинг гуноҳига шерик бўлади. Агар инсоннинг номусулмонлар орасида овқат сотиши Рамазон шаънига доғ деган кайфият пайдо қилса, бу иш ҳам гуноҳкор бўлишга сабабдир.