Намозда Мусҳафга қараб Қуръон ўқиш жоизми?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Олиб бораётган ишларингизга Аллоҳ баракот берсин. Дуоларингизда бизни ҳам ғоибона эслаб туринг.

Киши намозда ўзи ёки бир қанча кишиларга қўлида Мусҳаф бўлган ҳолатда имомлик қилса бўладими? Яъни, намозда Мусҳафга қараб Қуръон ўқиш жоизми?

Жаъфар.

Жавоб: Тилакларингиз ижобат бўлсин, омин. Дуоларингизнинг самараларидан Аллоҳ ўзингизни ҳам баҳраманд қилсин.

Бу савол Расулулллоҳ замонларида пайдо бўлмаган. Чунки у пайтда одамларнинг Қуръонга бўлган эътиборлари кучли бўлган ва Қуръони каримни ёд олиш энг зарурий ва оддий амал саналган.

Намозда Мусҳафга қараб ўқишни шофеийлар ортиқча ҳаракатдан сақланган ҳолда бўлса, жоиз деб айтишган. Моликийлар бу ишни таровиҳ ва нафл намозларида жоиз, фарз намозларида макруҳ дейишган.

Раддул муҳтор китобида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “агар намоз ўқиётган одам қори бўлмаса, Қуръонга қараб ўқиши билан унинг намоз ботил бўлади”, деган сўзлари келтирилади. Чунки бунда амали касир бор ва инсон Қуръонни ўз қалбидан эмас, ташқаридан қилинаётган имло (айтиб туриш) таъсирида ўқиган бўлади. Яна шу китобда ёзиладики, “(Қуръонни) қўлда кўтармасдан назар солишнинг ўзи намозни бузмайди…”

Абу Ҳанифа шогирдларининг бу масаладаги қарашлари ҳақида бундай ривоят қилинади: (Абу Юсуф ва Муҳаммад) бу ишни кароҳият билан жоиз деб айтишган”. (Раддул муҳтор).