Обидхон қори жонига қасд қилган Юрий Жуковский 18 йилга қамалди

Бўлимлар: Матбуот

 
Швециянинг Остершунд шаҳрида таниқли имом Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасд қилишга уриниш юзасидан маҳкама Юрий Жуковскийни 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Обидхон қори Назаров 2012 йили 22 феврал куни Швецияда отиб кетилган эди.

Айни воқеа Швеция жамоатчилигини ларзага солган ва айрим журналистлар, жамоат арбоблари Обидхон қори Назаровни ўлдириш буйруғи Ўзбекистондан келгани ҳақида тахминларни ўртага ташлашган эди.

Жуковский Россия томонидан Швецияга экстрадиция қилинар ва маҳкама иши бошланар экан, қоралов томони унга умрбод қамоқ жазоси тайинланишини сўраган эди.

Би-би-си билан суҳбатда Обид қори Назаровнинг ўғли Довудхон Назаров «Юрий Жуковскийга буйруқ берган шахслар бор ўртада, камида битта, бир нечта шахслар бор. Ўша шахслар буйруқни Ўзбекистондан олгани тахмин қилинмоқда ҳозир. Бу ерда шунга ишора қилувчи бир қанча далиллар бор», деб айтган эди.

Ўзбекистон фуқароси бўлган Юрий Жуковский жорий йилнинг 25 августида Россиядан Швецияга экстрадиция қилинганди.

Имомни ўлдириш буйруғини ким берган?

Марказий Осиёнинг энг мустабид мамлакати бўлмиш Ўзбекистон фуқароси қурол кўтариб, Швецияда яшаётган имомни отиб кетиши мамлакат матбуотининг асосий мавзуларидан бирига айланди.

Айни қотиллик уринишига Ўзбекистон ҳукумати аралашганми йўқми деган савол ҳам баралла янграй бошлади.

Шунингдек, нима учун Швеция ўзи бошпана берган шахсни бу каби ҳужумдан асраб қололмагани ҳақида ҳам сўровлар ўртага ташланди.

Обид қори Назаров жонига қасд қилинганидан кейин ойлаб ҳушсиз ётди, жиддий жароҳат олди, аммо омон қолди.

37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский қотилликка уриниш айби билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Аммо қораловчи Кристер Петерсонга кўра, айни суиқасд амали ортида Ўзбекистон ҳукумати турганига доир жиддий далиллар мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери мамлакатдаги вазиятни танқид қилиб келишади.

Ўзбекистонда матбуот давлат назорати остида ва ҳеч қачон эркин бўлмаган.

Ҳукумат танқидчилари қамоққа ташланади.

Қамоқларда эса қийноққа солиш, БМТга кўра, мунтазамлик касб этган.

Обидхон қори 2006 йилда Швецияда сиёсий бошпана олган эди.

У ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Ўзбекистондаги энг машҳур имом эди.

Ўзининг диний, сиёсий ва ижтимоий масалаларда ўткир чиқишлари билан Обидхон қори танқидга тоқатсиз Ўзбекистон ҳукуматининг қаҳрига учрайди.

Халқ орасида кун сайин обрўси ортиб бораётган имомдан чўчиган президент Каримов уни ўз режимига хавф деб қабул қилгани тайин.

1998 йилда уни экстремизм айблари билан қамоққа олиш буйруғи чиқади.

Бу пайт Обидхон қори Назаров қўшни Қозоғистонда яшарди.

БМТ қочқинлик агентлиги унинг қочқинлик мақоми сўраб қилган мурожаатини бир неча йил ўтиб кейин қабул қилади.

Швецияга келар экан, Обид қори Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқларини бузиши, мустақил диндорларга қарши амалларини танқид қилишда давом этади.

Интернет саҳифаларида диний маърифатчилик билан шуғулланади.

Ҳукумат эса машҳур имом ва унинг издошларини “давлат душмани” дея қоралашини қўймайди.

Мулозимлар Обид қорини Ўзбекистон Исломий ҳаракатига руҳоний раҳбарлик ва мамлакатда портлашларни режалашда айблашади.

Обид қори Назаров бу каби айбловларни доим рад этиб келган.

Швецияда уни яқиндан таниган ўзбекистонликларга кўра, Обид қори бир неча бор ўз ҳаётига таҳдидлар битилган номалар олган.

“Қотилнинг узун қўли”

Бундан уч ярим йил аввал Обид қори Назаровнинг жонига қасд қилинар экан, аксарият нафақат бу қотилликка қўл уриб кўрган шахс, балки унинг мамлакати ҳақида гапира бошлади.

Британиянинг Экзетер университетидан доктор Девид Луисга кўра, айни қотиллик ҳаракатини Ўзбекистон ҳукумати билан боғлайдиган, аниқ-тиниқ бир далил йўқлиги рост, аммо…

«Бу қотилликка уриниш Ўзбекистон ҳукумати томонидан хориждаги мухолифат ҳамда диний фаолларни назорат қилиш истаги ва бу йўлдаги ҳаракатларининг ўзига хос харитасига мос тушади. Ана шу ҳаракатлар қаторига хавфсизлик хизматларининг жисмоний зўравонликка қўл уришларини ҳам қўшиш мумкин”.

Обид қорининг жонига қасд қилиниши алоҳида бир воқеа эмас.

Орада Ўзбекистон ҳукуматининг танқидчилари жонига бир неча бор қасд қилинди ва ёки шунга ҳаракатлар рўй берди.

Уларнинг ҳаммасини ҳам бир қолипга солиш ва тушунтириб бериш мушкул.

2011 йилда Фуад Рустамхўжаев Россияда отиб ўлдирилди.

У мамлакат ташқарисида тузилган янги мухолиф гуруҳ – Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг асосчиларидан бири эди.

Уни ўлдириб кетишларидан атиги бир неча ой аввал ҳаракат Берлинда ўзининг таъсис қурултойини ўтказган эди.

Кузатувчиларга кўра, уни бошқа бизнесменларни ҳукумат танқидчилари қаторига қўшилмасликдан огоҳлантириш ўлароқ ўлдиришган.

Айниқса, бу каби мухолифат ҳаракатларни молиялаш қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатиб қўйишган…

Бундан бир йил аввал эса ҳукуматнинг яна бир танқидчиси Туркияда ўлдириб кетилди.

Ўзбек имоми Абдулла Бухорий кундуз куни Истанбулда отиб ташланди.

Кузатув камераларида муҳрланган саҳнада, бир шахс Абдулла Бухорийнинг ортидан келиб отиб кетгани тасвирланади.

Айни қотиллик бўйича ҳеч ким маҳкамага тортилгани йўқ.

Бир неча ҳафта аввал эса Ўзбекистоннинг энг таниқли мухолифат лидери, президент Каримовнинг 1992 йилги сайловда рақиби Муҳаммад Солиҳ уйи яқинидан Туркия полицияси беш шубҳали шахсни ҳибсга олгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маҳаллий матбуотда уларнинг бири Ўзбекистон фуқароси экани айтилди.

Муҳаммад Солиҳнинг уйи 2013 йилда ҳам ўққа тутилганди.

Террор тактикаси

Юқорида келтирилган ҳужумларнинг аксарияти очилмай қолгани билан инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари томонидан зўравонликка асосланган амалларни яхшигина ҳужжатлаштиришган.

Хориждаги ўзбекистонликлар кўпинча таҳдидлар остида қолишади.

Хавфсизлик хизматлари уларнинг ватанда қолган яқинлари тақдири билан пўписа қилиб, ўзлари учун ишлатишга уринишади.

Мамлакатдаги мустақил фикрловчилар қамоққа ташланади ёки ҳаракатлари чеклаб қўйилади.

Кузатувчиларга кўра, ана шундай шантаж йўллари билан Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари ўзлари учун талайгина “жосусларни ишга” ёллашган.

Аммо доктор Луисга кўра, бирор бир қотилликни сиёсий эканлигини исбот қилиш осон эмас.

«Швеция мисолида оладиган бўлсак…афтидан Ўзбекистон ҳукумати бу каби сиёсий қотилликларда ўз “одамларини” ишлатаётгани йўқ…Улар одатда ҳукумат доираларидан узоқлаштирилган ва ёки уюшган жиноятчиликка алоқадор шахслар бўлишади. Аммо ҳукумат айни воқеалардан мутлақо хабарсиз дейиш мушкул”, дейди Девид Луис.

Швецияда Обидхон қори жонига қасд қилиш иши билан маҳкама кечиши ва айбдорнинг ҳукм этилиши йирик бир воқеадир.

Обидхон қори оиласи учун ҳам ўзига хос бир ғалаба.

Аммо бу хориждан паноҳ топган минглаб ўзбекистонликлар учун хавотирлар буткул ариди дегани эмас.

Обидхон қорини ўлдираман деб қасд қилганларнинг мақсади каттароқ бўлгани аниқ.

Улар бу билан Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа танқидчиларини ҳам қўрқитиб қўйишни исташгани тайин.

Манба: Би Би Си