Жуковскийга умрбод қамоқ жазоси сўралди
Ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровга суиқасд уриниши юзасидан ўтаётган маҳкамада швед прокурори айбланувчи Юрий Жуковскийга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўраган.
Остершунд туман маҳкамасида прокурор Кристер Петерссон қотиллик уриниши ортида ўзбек махсус хизматлари турганини айтган.
37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский Обидхон қори Назаровни бошига ўқ отиш билан ўлдиришга уринишда айбланган.
У айбларни рад этади.
Ҳодисада Обидхон қори Назаров миясидан оғир жароҳатланган ва ҳанузгача унинг нутқи тикланмагани айтилади.
Тошкентдаги «Тўхтабой» масжидининг имоми ва Президент Каримовнинг ашаддий танқидчиси бўлган Обидхон қори Назаров 2012 йил февралида Стромсунддаги уйи зинасида номаълум шахс томонидан отиб кетилганди.
Юрий Жуковский жорий йилнинг 25 августида Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган.
Аввалроқ Швеция маҳкамаси Жуковскийга ёрдам берганликда айбланган ўзбекистонлик эр-хотинни далиллар етарли эмаслиги важидан оқлаган.
‘Сиёсий қотиллик’
Прокурор Кристер Петерссонга кўра, бу Швеция тупроғида сиёсий қотиллик уриниши билан боғлиқ илк маҳкама жараёни бўлиши мумкин.
«Мен ҳеч қачон қотилнинг хорижий давлатдан келиб, ўша давлат номидан иш кўрганини эслай олмайман», дея прокурорнинг сўзларидан иқтибос келтиради Eurasia.org нашри.
Маҳкама жараёнида Петерссон Стромсунддаги масжидда имомлик қилган Обидхон қори Назаров қонга беланган ҳолда топилишидан бир неча соат аввал Жуковскийнинг Стромсунддаги супермаркетда юргани акс этган видеони намойиш қилган.
Жуковский телефонидаги сигналларнинг кўрсатишича, қотиллик уринишидан атиги уч дақиқа ўтиб,у Стромсундни тарк этган.
Прокурорга кўра, жабрланувчи яшаган уй ташқарисида қолдириб кетилган сумкадан Жуковский ДНК сининг излари топилган.
Жаноб Петерссон ўзбекистонлик имомга қарши суиқасд уриниши ортида сиёсий сабаблар турганига шубҳа қилмаслигини айтган.
У Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровни «давлат душмани» деб кўриши ҳақида Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг ҳисоботидан иқтибос келтирган.
Прокурорнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати қотиллик уриниши билан боғлиқ сўровларни жавобсиз қолдирган.
Обидхон қори Назаров 2006 йилда оиласи билан бирга Швецияда сиёсий бошпана олган эди.
Манба: Би Би Си