Жуковский устидан маҳкаманинг 4-куни
26 Ноябр. Суднинг 4 куни
Соат 9:00
Маҳкаманинг 4 куни жабрланувчиларнинг адвокати Ёхан Райнер айбланувчи Жуковскийни сўроқ қилиши билан бошланди.
Адвокат: Умид билан Тигран бир шахсми?
Жуковский: Ҳа
Адвокат: Нега унда икки исм ва икки паспорти бор?
Жуковский: Ўзидан сўранглар.
Адвокат: Туғилган кунини биласанми?
Жуковский: 1979 йил май ойининг 22 ё 23 куни бўлса керак.
Адвокат: Олган видеоингни интернет кафега борганда қандай жўнатдинг ёки бирор киши ёрдам бердими?
Жуковский: Балким кафе администраторидан ёрдам сўрагандирман.
Адвокат: Қандай қилиб жўнатдинг эмаилданми ёки бошқа усулдами?
Жуковский: Эмаилдан.
Адвокат: Кимникидан?
Жуковский: Албатта ўзимникидан.
Адвокат: Қайси адресдан?
Жуковский: Менинг кўп адресларим бўлган, қайсилигини эслолмайман.
Адвокат: Стокголмга борганингда баъзи дўконларга кириб баъзи нарсалар сотиб олгансан, масалан тиш чўтка, ЕССО пойафзали ва бошқа нарсалар. Эслай оласанми?
Жуковский: Йўқ.
Адвокат: Оёқ кийимни ҳамми? ЕССО маркали оёқ кийим қиммат ҳисобланади.
Жуковский: Йўқ, уни ҳам.
Адвокат: Қандай турдаги оёқ кийими олганингни эслайсанми?
Жуковский: Қишки оёқ кийими бўлса керак.
Адвокат айбланувчи Жуковский ва судга оқ қора расм тақдим этади ва сўзида давом этади.
Адвокат: Бу шахсни танийсанми?
Жуковский: Ҳа, бу Умид.
Адвокат: Бу паспортдан олинган расм. Бу расм Туркиянинг Истанбул шаҳрида содир этилган суиқасднинг тергов ҳужжатларидан олинган ва поспорт Тигран Каплановга тегишли. Туғилган куни 1979 йил 20 май. У ташкилотчи ҳисобланади ва қўлга олинмасдан олдин Туркияни тарк этган. Бу ҳақида нима дея оласан?
Жуковский: Бу ҳақида ҳеч нима дея олмайман. Мен у билан Россияда қўлга олинганимдан кейин учрашдим. Мени бундан хабарим йўқ.
Адвокат: Аввалги берган кўрсатмаларингда бу жиноят ортида Ўзбекистон ҳукумати турмаганини таъкидлаган эдинг. Бунга нима дея оласан?
Жуковский: Мен Ўзбекистон ҳукумати ва МХХ (Миллий хафсизлик хизмати) билан алоқа қилмаганман, менинг ишим бошқа турда бўлган. Бу нарсаларга аралашган эмасман. Билмайман.
Адвокат: Тигран Туркияда бўлганми?
Жуковский: Мен билганим у Испанияда, Бирлашган Араб Амирликларида ва Туркияда бўлган.
Адвокат: Россиядаги сен қамалган жиноий иш ҳақида кўп гапирмагансан. Шу ишда кимлар бўлган?
Жуковский: 3 киши бўлганмиз. Мен, Тигран ва ҳайдовчи.
Адвокат: Тиграннинг роли нимада?
Жуковский: Қуроллар уники бўлган. Уларда Тигранни ва ҳайдовчининг қўл излари бор, лекин мен уларга тегинмаганман, менинг қўл изларим йўқ.
Адвокат: Ҳайдовчининг исми нима эди?
Жуковский: Сухроб.
Адвокат: Фамилияси?
Жуковский: Эслолмайман.
Адвокат: Сизларнинг подвалда қурол сақлаганларингиз учун қўлга олишган, шундайми?
Жуковский: Ҳа, лекин улар гаражимда бўлган.
Адвокат: Нима учун қурол сақлагансизлар?
Жуковский: Уларни Тигран сотиб олган, бозорга тегишли бизнес муомалаларимиздаги муаммоларимизни ҳал қилишлик учун.
Адвокат: Фирмангизнинг номи нима бўлган?
Жуковский: Зеромакс.
Адвокат: Бу қандай фирма?
Жуковский: Оддий масъулияти чекланган акционерлик жамияти.
Адвокат: Сизлар акциядорлар бўлганмисизлар?
Жуковский: Тигран фирманинг директори бўлган. Фирма фақат бир кишининг номида бўлган.
Адвокат: Бирор бир Ўзбекистондаги Зеромакс деган фирма билан боғлиқлиги борми?
Жуковский: Йўқ. У Ўзбекистондаги катта фирма, унинг директорларини қамаб қўйишган.
Адвокат: Қандай фирма эди, нима билан шуғулланган ва нимаси билан машҳур?
Жуковский: Кўп тарафлама фаолият юритган. Газ, қувур йўллари қуриш ва ҳоказо.
Адвокат: Ўзбекистон ҳукуматининг бу фирмада акциялари бормиди?
Жуковский: Билмайман.
Адвокат: Сизлар нима учун шу фирманинг номини ишлатгансизлар?
Жуковский: Ҳеч қандай авторлик ҳуқуқлари бўлмаган. Бу ном Тигранга ёққан.
Адвокат: Бу фирманинг Ўзбекистонга алоқаси борми?
Жуковский: Йўқ.
Шу билан жабр кўрувчиларнинг адвокати ўз сўроғини тамомлади. Навбат айбланувчининг адвокати Жорж Конча Жуковскийга савол сўраши учун берилди.
Конча: Сен Украинада туғилганмисан, миллатинг нима? Ўзбекистон фуқаросимисан?
Жуковский: Ҳа, миллатим рус. Ўзбекистон фуқаросиман.
Конча: Ўзбекистонга танқидий қарашларинг бўлганми?
Жуковский: Йўқ.
Конча: Обид қори ҳақида билганмисан аввал?
Жуковский: Йўқ, у ҳақида ҳеч кимдан эшитмаганман. Ўзбекистон телевидениясидаги филмлар ва бу воқеъадан кейин интернетдан ўқиб билганман.
Конча: Аввал жиноий иш бўйича қамалганмисан?
Жуковский: Йўқ. Аввал қамалмаганман, фақат Россияда, бу ишдан кейин.
Конча: Россияда қамалганингда Умид билан бирга ўтирганмисан?
Жуковский: Йўқ, у бошқа қамоқхонада ва мен бошқа қамоқхонада сақланганман.
Конча: Охирги марта Умид билан қачон учрашгансан?
Жуковский: Суддан кейин қамоқларга тақсимланганимизда.
Конча: Сен январда қамалиб 2013 йил кузда қўйиб юборилгансан, шундайми?
Жуковский: Ҳа.
Конча: 2011 йили Европада бўлганмисан? Тигранчи?
Жуковский: Йўқ бўлмаганман, Тигран эса бўлган.
Конча: Сафарингни Умид молиялаштирган дегансан, яна ўз пулингдан ҳам ҳаражат қилганман деяпсан.
Жуковский: Картадан ишлатган пуллар меники бўлмаган. Мен ўзимдан нақд пул ишлатганман.
Конча: 2011 йили биринчи марта Копенгагенга келганмисан?
Жуковский: Ҳа
Конча: Сен қисқа муддатда икки хил паспортга эга бўлгансан, шундайми? Нима сабабдан? Ўзбекистонда паспорт олиш қийин эмасми?
Жуковский: Паспортимни расвоси чиқиб қолган эди, паспорт алмаштириш агар судланмаган бўлсанг муаммо бўлмайди.
Конча шундан кейин Жуковский чегараларда ўтганда, меҳмонхона ва машина ижарага олганда ўз паспортини кўрсатган ва кўрсатмагани, чегараларда метал аниқловчи текширувлардан ўтган ўтмаганини сўради. Жуковский ўз исми ва паспортидан фойдалангани ва металл аниқловчи текширувлардан ўтганини тасдиқлади.
Конча кейин Жуковсковскийни нега шимолга боргани, Умид ундан нима илтимос қилганини сўради. Жуковский эса Умид унга совғаларни шимолга олиб боришни ва унга бир киши телефон қилиб олиб кетишлигини айтган. Лекин ҳеч ким телефон қилмаганидан қайтиб кетганини айтди. Шундан кейин Умид унга 2 кун Швецияда кутиб туришни илтимос қилганини айтди.
Сен Умидга видеони жўнатгандан кейин Умиднинг реакцияси қандай бўлди деган саволга: «Мен нега энди унинг реакциясини эслаб қолишим керак? Мен у билан бу ҳақида урушиб талашмаганман,»-деди.
Танаффус
Соат 10:45
Жуковский билан паромда Ригага борганлиги иддао қилинган Фарид исмли киши гувоҳликка чақирилди. Судя унга талабларни билдирди.
Прокурор: Қайерда яшайсан ва қачондан бери?
Фарид: 2011 йилдан бери Стокголм яқинидаги Сигтуна деган жойда яшайман.
Прокурор: Қайердан келгансан?
Фарид: Озарбайжонликман.
Прокурор: Нима билан шуғулланасан?
Фарид: Таксистлик қиламан ва Арландада одамларни таксига тақсимлаш вазифасини ҳам ўтаб тураман.
Прокурор: Сенинг охири 7499 билан тугайдиган телефон рақаминг бўлганми?
Фарид: Шу рақам менга тегишли. Лекин телефонларимни йўқотиб туриш ҳолатларим бўларди.
Прокурор: Телефон компанияси берган маълумотлар сеникими? (ўқиб эшиттиради)
Фарид: Ҳа.
Прокурор: Сен ўзинг уни рўйхатдан ўтказганмисан?
Фарид: Ҳа.
Прокурор: Латвияда таниш ё қариндошларинг борми?
Фарид: Ригада бир қизни танийман. Бориб келиб турардим.
Прокурор: 10 Феврал 2012 да Ригага паромда борганингни эслайсанми?
Фарид: Хотирам яхши эмас, аниқ эслай олмайман. Аввал ҳаммаси бўлиб 3 марта борганман Ригага.
Прокурор: Паромга киришда паспорт текширилади шундайми? Ўз исминг билан сафар қилганмидинг?
Фарид: Баъзи пайт текширув бўлмас эди, лекин ўз исмим билан саёҳат қилганман.
Прокурор: Сенинг телефонингдан шу куни Латвиядаги рақамга СМС ёзилган. Шундайми?
Фарид: Шундай.
Прокурор: Шу куни телефонинг антеналарга боғланганидан паромгача борган йўлинг ва кейин паромга чиққанингни кўрса бўлади, шундайми?
Фарид: Эсимда йўқ.
Прокурор: Айбланувчини танийсанми?
Фарид: Ҳа уни танидим. У билан қаерда танишганимни аниқ эслолмаяпман.
Прокурор: Айбланувчи айтишича, у билан Европада қандай ўрнашса бўлиши ҳақида суҳбат қилгансизлар ва телефон рақамингни олган шундайми?
Фарид: Суҳбатни эслолмайман, лекин рақам алмашган бўлишимиз мумкин.
Прокурор: Танишинг билан учрашдинг, кейин нималар қилдинг?
Фарид: Учрашувдан кейин ортга қайтдим, бошқа иш қилмадим.
Прокурор: Кейин Жуковский 14 февралда Латвия номеридан СМС ёзган ва кейин қўнғироқ қилинган. Нима ҳақида гаплашган бўлишларинг мумкин?
Фарид: Эсимда йўқ.
Прокурор: Швецияда ҳужжат ишлари, қочқинлик, иш учун ҳужжатлар ҳақида яхши билимга эгамисан? Айбланувчининг айтишича у сендан шулар ҳақида маслаҳат олган.
Фарид: Йўқ, унчалик яхши хабардор эмасман. Эслолмайман бундай суҳбатларни.
Прокурор: Сен танишингни айтаётган айбланувчи қаердан келганини биласанми? Қайси тилда гаплашгансизлар?
Фарид: Рус тилида, лекин унинг қаердан келганини билмайман.
Прокурор Фариднинг бир қатор Латвия рақамлари билан СМС ва телефон алоқаларини ўқиб эшиттириб, айбланувчи билан кўп марта суҳбат қилганини айтди ва суҳбатлар мавзусини сўради.
Фарид: Эслай олмайман.
Прокурор: Айбланувчи айтишича, у сен билан учрашгани борган, кўп қаватли уйда бир қиз билан бирга туришингни айтди. Эслай оласанми?
Фарид: Қани энди эслай олсам, эслолмайман.
Прокурор: Бизга ҳеч қандай нарсани жавоб бера олмайсанми?
Фарид: Хозир эсимга келмаяпти. Эсимга келса айтаман.
Прокурор: 16 феврал куни 18:03 да бу одам сени уйинга келишидан олдин Остерсундан туриб 3 дақиқа гаплашган. 17 феврал куни Жуковский уйингда ёки уйинг атрофида 1,5 соат давомида бўлган. 18 феврал куни 3 марта гаплашган. Бу пайтда сен ишда бўлгансан. Ҳаммаси бўлиб 3 дақиқа гаплашган. 19 феврал куни 10:30 да 10 дақиқа гаплашган. Бу 10 дақиқалик суҳбатдан бирон нарса эслолайсанми?
Фарид: Йўқ, эслай олмайман.
Прокурор: Сени жавоб беришдан бирор нарса чўчитяптими?
Фарид: Йўқ, умуман.
Прокурор: Эслаб қолишда муаммоинг борми?
Фарид: Шундай деб ўйлайман.
Прокурор: Бўлмаса айбланувчи сен билан Швецияда бизнес юритиш, қочқинлик, ҳужжат ишлари кабилар ҳақида суҳбатлашган десак бўладими?
Фарид: (Узоқ ўйлаб туриб) Йўқ.
Прокурор экранда паромдаги йўловчилар рўйхатини намойиш қилди.
Прокурор: Сен сафарларда ўз исминг билан сафар қилишингни айтган эдинг. Шундайми?
Фарид: Ҳа.
Прокурор: Лекин айтилган кундаги рўйхатни кўриб турганингдек йўловчилар рўйхатида сенинг исминг зикр қилинмаган. Шуларнинг ичида бирор ном сенга танишми?
Фарид: Йўқ.
Прокурор: Юрий Жуковский шу рейсда бўлган, лекин сенинг исминг кўринмаяпти.
Фарид: Юқоридаги саҳифани очсанг Эвин Гурбанов деб номланган исм бор. У менинг танишим ва у менга билетни олиб берган эди.
Прокурор: Жуковский билан бир каютада қайд этилган Эдуард Ротарио деган шахсни исми таниш туюляптими?
Фарид: Йўқ.
Прокурор: Бирор нарсадан чўчимаяпсанми?
Фарид: Йўқ.
Прокурор: Швецияга келишдан олдин Жуковскийни танирмидинг?
Фарид: Йўқ.
Гувоҳга жавоб берилиб, прокурор Жуковскийдан қўшимча савол сўрашни бошлади.
Прокурор: 2011 да Малмёга келишингдан олдин Швецияга келганмидинг?
Жуковский: Йўқ, Россиядан бошқа жойга бормаганман.
Прокурор: Паспортингда чиққанинг ҳақида печат аниқ турибди.
Жуковский: Нимага қараб тортаётганингизни тушундим. Бу печат Озарбайжонга кирганлик печати. Лекин мен у ерда бўлмаганман. Пул бериб кирди чиқди мухрини урдирганман Қозон станциясида. Бунинг ишга алоқаси йўқ. Россиядан ҳар 3 ойда чиқиш керак бўлган, шунинг учун қилдирганман. Бир кунни ичида битадиган иш.
Адвокат: Собир Шукуровни танийсанми?
Жуковский: Йўқ.
Адвокат: Бўлган ишлардан кейин Аминов билан учрашишни истадинг? Нега?
Жуковский: Гаплашиб орани очиқ қилиб олиш учун.
Адвокат: Гаплашдингми?
Жуковский: Ҳа, у ҳам менга ўхшаб алданганини айтди.
Адвокат: Ишондингми?
Жуковский: Ишондим.
Адвокат: Кейин қурол сақлашда муаммо чиқмади ораларингизда?
Жуковский: Буларнинг орасида алоқа кўрмаяпман, муаммо бўлиши мумкин эмас.
Адвокат: Россияда қамоқдан озод этилгач сен билан Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари алоқа қилишдими?
Жуковский: Йўқ, ҳеч ҳам.
Конча: Сенга бирор нима ўзгача туюляптими?
Жуковский: Нега прокурор менинг ҳаракатларимга ўзгача қараяпти. Мен ўз исмим билан юрибман, ҳеч нимани яширмаяпман.
Конча: Сенинг шу ерда айбланувчи сифатида Умиднинг ўрнида ўтириш сенга қандай ҳиссиётларни беряпти.
Жуковский: Мен унга нисбатан ҳеч қандай илиқ муносабатим қолмади. Бунга ижобий ҳис қолмади.
Судя: Сен Остерсундда интернет кафеда рюкзакни қолдиргандан кейин жанубга, Стокголмга кетишдан аввал нега Стрёмсундга бординг?
Жуковский: Мен Стрёмсундда бўлмаганман, атрофни айланиб юрганман. Шаҳарда бўлмаганман.
Судя: Қайси жойларни айланиб юрдинг эслайсанми?
Жуковский: Жой номларини эслолмайман.
Судя: Стрёмунд Остерсунддан 100км шимолдалиги сабабли таажжубли туюлди.
Тушлик танаффус
Соат 13:30
Стрёмсунд шаҳридан Қори акага биринчи ёрдам берган гувоҳ чақирилди.
Прокурор: Воқеъа ёдингиздами?
Гувоҳ: Кечагидек эсимда. Ишга 12:40 да келдим, машинани қўйиб домга кирдим. Подезддан киришим билан бир аёл ёрдам бер деб бақирарди. Қўлида қонга беланган шахс бор эди. Югуриб ишхонамизга кирдим ва бирор киши мен билан ёрдамга келишига чақирдим. Тез телефонни олиб тез ёрдам чақирдим. Жароҳатланган шахс нафас оларди. Кейин уни секин ён томонга ётқизаётганимизда қайд қилди ва бир зумда атрофдан турли одамлар кела бошлади. Мен уларга қарай олмадим, бутун вужудим билан жароҳатланган шахсга ёрдам берардим.
Прокурор: Унга қарши бирор иш бўлган деб ўйламадингизми?
Гувоҳ: Йўқ, мен учун бундай ҳолат бегона эди. Йиқилиб тушган деб ўйладим. Лекин келганларнинг ҳаммаси полицияга тез хабар бериш керак, унга суиқасд бўлган дейишарди. Албатта ҳолатни улар мендан кўра яхшироқ тушунишар эди.
Прокурор ҳодиса жойини экранга чиқариб таништирмоқда. Ва қаерга машинасини қўйганини, жойнинг юқоридан кўрсатилган суратдан кўрсатишини сўради. Гувоҳ Қори ака яшайдиган подезд (гувоҳнинг иш хонаси ҳам ҳудди шу подездда жойлашган) олдига қўйганини айтди. Кейин келаётганида рюкзакни кўрган бўлса қаерда кўрганини сўради. Гувоҳ Стрёмсвеген 2А олдидаги жойда, қор устида бир рюкзак ётганини кўрганини эслашини кўрсатди.
Конча: Кириб борганингдаги ҳолатни яна бир бор тасвирлаб бера оласанми? Кимлар бўлган?
Гувоҳ: Фақат бир аёл жароҳатланган шахс олдида бор эди. Қолганлар кейин келишди.
Конча: Қанча одам келди?
Гувоҳ: Одамларга эътиборим қаратилмаганига қанча одам келганини билмадим, лекин кўпчилик. Полицияга хабар бериш керак дейишарди. Жароҳатланган шахсни тез ёрдам олиб кетгандан кейин ҳам кўпчилик келди.
Саволлар тугаб, гувоҳга жавоб берилди.
Соат 13:55
Лагмансгатан маҳалласида уйларга қаровчи шахс гувоҳ сифатида чақирилди.
Прокурор: 22 куни нима иш қилар эдингиз?
Гувоҳ 2: Мен шу маҳалланинг қаровчи устаси эдим.
Прокурор: Пешиндаги вақтингиз ҳақида айтиб беринг.
Гувоҳ 2: Стрёмсвеген 2 адресида сув устида иш қилардик.
Прокурор: Соат 12:30 атрофидаги ишларни эслайсанми?
Гувоҳ 2: биринчи марта чиқиндиларни ташлашга бориб келганимда Стрёмсвеген 2А атрофида ҳеч қандай нарсанинг кўрмадим. Иккинчи мартда қайтиб келганимда эса рюкзакка кўзим тушди.
Прокурор: Соат неччиларда эди?
Гувоҳ 2: 12:30 лардан кейин. Мен тушликка кечикардим.
Прокурор: Ҳодисадан 2 кун кейин берган кўрсатмангизда 13:30 деган экансиз. Вақтлар бўйича бугун яхшироқ эслаяпсизми ёки олдин яхшироқ эслаганмидингиз?
Гувоҳ 2: Иккиланаяпман. Лекин тушликка кечикаётганимни эслайман.
Прокурор: Кейинроқ терговга берган жавобингизда тушликка бориб келгандан кейин кўрганингизни айтган экансиз.
Гувоҳ 2 Пенционер бўлгани ва кўп ҳаяжонлангани учун вақтлар борасида аниқ жавоб бера олмаслигини билдирди. Шу билан унга жавоб берилди.
Соат 14:15
Маҳкамага 3- гувоҳ чақирилди.
Прокурор: 2012 йил февралда машина ижараси бизнесида ишлаганмисиз?
Гувоҳ 3: Ҳа.
Прокурор: 20 ва 22 куни машинага ижарага берган одамингизни шу залда таний оласизми?
Гувоҳ 3: Клиентларимиз кўплигидан эслай олмасам керак.
Прокурор: Ўша пайтда одатдан ташқари бирор нима бўлганини эслайсизми?
Гувоҳ 3: Бир шахс келди ва тўловни пластик карта билан тўламоқчи бўлганида ишламади ва телефон қилгани чиқиб кетиб ярим соатдан кейин қайтиб келганида пластик картаси ишлади.
Прокурор: Қайси тилда гаплашдинглар?
Гувоҳ 3: Инглиз тилида гаплашдик. Лекин шерикларим билан унинг рус миллатлик, жуда ҳам мускуллик ва бақувватлиги ҳақида гаплашганим эсимда.
Прокурор: Машинани қайтиб ташлаб кетганини эслайсизми?
Гувоҳ 3: Шошиб келиб вақтидан олдин машинани ташлаб кетиши кераклигини айтди. Инглиз тилида гапирди ва мен ОК дедим. Шу билан калитни ташлаб тез чиқиб кетди.
Прокурор: Сизни унинг бу иши шубҳалантирдими? Машинани кўздан кечирдингизми?
Гувоҳ 3: Йўқ, унча эмас. Чунки шундоқ ҳам қарардик машинани.
Прокурор: Тергов пайтида мижознинг анчагина ҳаяжондалиги ва машинага нимадир бўлганини гумон қилганингиз ва у кетгандан кейин бориб кўрганингизни айтгандингиз. Ҳайдовчининг оёқ остидагина намликни кўрганингиз, машинани ичида бошқа қолдирилган нарса кўрмаганингизни айтгансиз.
Гувоҳ 3: Ҳа, шундай, бошқа пассажир бўлмагани ҳаёлимга келганди.
Конча: Калитни қутига ташлаб кетиши мумкинми мижозлар?
Гувоҳ 3: Фақат кечаси.
Конча: Кундузичи?
Гувоҳ 3: Жуда кам ҳолатда.
Конча: Оёқ остидаги тўшалган нарсаларни текшириш одатларингизга кирармиди?
Гувоҳ 3: Мени вазифамга машинани тозалаш кирар эди. Шунинг учун албатта қарардим.
Шу билан 3 гувоҳга ҳам жавоб берилди.
Танаффус
Соат 15:00
Маҳкамага 4-гувоҳ чақирилди.
Прокурор: 2012 йили февралда Валлготанда яшаганмисиз?
Гувоҳ 4: Ҳа.
Прокурор: 20 ва 22 феврал кунлари нималар кўрганингизни айтиб бера оласизми?
Гувоҳ 4: Балконимнинг олдида машина кўргандим. Бир шахс ўша машина ичида узоқ муддат ва бир неча кун ўтиргани эсимда.
Прокурор: Қайси кунлар экани эсингиздами?
Гувоҳ 4: Аниқ айта олмайман хозир.
Прокурор: Сизнинг квартирангиз қандай жойлашган?
Гувоҳ 4: Мен 2 қаватда турардим. Чекишга балконга чиқиб турардим.
Прокурор: Машинани кўрганингизда ҳам чекишга чиққанмидингиз?
Гувоҳ 4: Ҳа, ҳеч йўқ биринчи кўрган пайтимда чекишга чиққанимда пайқаганман.
Прокурор: Қайси куни эди.
Гувоҳ 4: Эсимда йўқ.
Прокурор: Куннинг қайси пайтида?
Гувоҳ 4: Кундузи ишлардим, кечаси эди шекилли.
Прокурор: Машина ўт олдирилганмиди?
Г увоҳ 4: Турлича баъзан ўт олдирилган, баъзан ўчиқ. Лекин кўп ўт олдирилган учун эътиборимни тортган эди.
Прокурор: Машинанинг ичида одам бормиди? Кўрганмидингиз?
Гувоҳ 4: Ҳа.
Прокурор: Биринчи куни кўрганингиздачи?
Гувоҳ 4: Хозирги пайтда буни эслай олмайман.
Прокурор: Бошқа кунларда кўрганингизда ҳам бир жой кўрганмисиз?
Гувоҳ 4: Шу тўхташ жойида, лекин сал нари бери турарди.
Прокурор: Эрталаб соат 5 да ишга кетаётганингиздачи, машина ўт олдирилганмиди?
Гувоҳ 4: Ҳа, ўт олдирилган машинанинг ичида одам ўтирарди.
Прокурор: Ичидаги одам олдида ўтирганми ёки орқадами?
Гувоҳ 4: Олдида ўтирган эди деб ўйлайман.
Прокурор: Машинани яқиндан ҳам кўрганмисиз?
Гувоҳ 4: Бориб кўришга ҳаракат қилганман. Лекин ичида одам борлигини кўриб ортимга қайтганман. Давлат рақамини кўрмоқчи бўлганимда қор билан тўсилган эди.
Прокурор: Машиналарга қизиқишингиз, турли моделлар ҳақида қизиқишингиз қандай?
Гувоҳ 4: Машиналарга қизиқаман. Айниқса Волвога.
Прокурор: Экранда кўринган расмдан балконингизни кўрсата оласизми?
Гувоҳ 4 экранга яқинлашиб балконини кўрсатади.
Прокурор: Машина қайси тарафда турарди?
Гувоҳ 4: Рўпара ва чапроқда турарди.
Прокурор: Ҳар сафар битта машина эдими?
Гувоҳ 4: Давлат рақамини кўрмаганимга фақатгина бир хил машиналар эди дейишим мумкин.
Суд: Ўша пайтдаги ҳаво қандай эди.
Гувоҳ 4: Ажойиб, лекин совуқ эди.
Суд: Қор ёққанмиди?
Гувоҳ 4: Бир нарса дея олмайман.
Шу билан 4-гувоҳга жавоб берилди.
Шундан сўнг Довудхонга Туркиядаги суиқасд ҳақида айтиб беришни илтимос қилинди ва Довудхон Россиядан бир гуруҳ шахслар Истанбулда Ўзбекистонлик диндор шахсга суиқасд уюштирилгани, Турк полициясининг ҳаракатлари билан уларнинг баъзилари қўлга олингани, буюртмачилар ҳақида маълумот тўплангани ва Россиядаги Тигран Капланов ҳам ташкилотчи сифатида шу ишда тилга олингани ва яна бир қатор шахсларга қарши суиқасд мақсад қилингани ҳақида маълумотлар чиққанини айтиб берди.
Иш давомида Жуковскийнинг икки паспорти ҳақида гап кетди. Ўзбекистонда паспорт олиш осон ёки қийинлиги ҳақида сўралганда Довудхон паспорт олиш осон эмаслиги, одатда бир неча ойлар кетиши, агар ҳукумат доирасида таниш ёки қариндошлари бўлса осон олиши мумкинлигини айтди.
Шу билан маҳкаманинг 4-куни ниҳоясига етди. Маҳкама эртага маҳаллий вақт билан соат 10:00 да давом эттирилади.