Жуковский устидан маҳкаманинг 2-куни
24 Ноябр. Суднинг 2 куни
Соат 9:50
Адвокат Ёхан Райнер сўз олиб Обидхон Назаровга етказилган моддий зарар ҳақида гапирди. Кейин судя унга баъзи саволлар берди.
Кейин прокурор “Калаванинг учи” филмидан 5 дақиқалик лавҳа келтирди:
«Обид Назаров 2005 йилгача Қозоғистонда яшади. Кўринмас қўл уни самолётга ўтказиб Швецияга олиб кетади.. Қандай қилиб Интерполда қидирилаётган одам самолётда Швецияга олиб кетилади ва у ердан унга бошпана берилади. Чет элдаги махсус кучлар Ўзбекистондаги барқарор вазиятни издан чиқариш ва Марказий Осиёдаги давлатларни ўз таъсири остига олиш мақсадида Обидхон Назаров каби кишилардан фойдаланадилар…»
Прокурор яна катта экранга Жуковский яшаган жойлар, қайси жойларга киргани, дуконлардан нималар сотиб олгани ҳақидаги маълумотларни тақдим этмоқда. Кечаги тақдимотдан фарқли ўлароқ бугун магазинлардан олинган тўлов варақалари ва дўконлардаги ҳавфсизлик камералари ашёвий далиллар сифатида келтирилди. Жуковский машина, уй ва бошқа нарсаларни ижарага олганда ва харид қилаётганда кайдномаларда ўз исми ва фамилиясининг ҳарфларини ўзгартириб ёзган ва ўзини Россия фуқароси қилиб кўрсатган.
Соат 10:35
Жуковскийнинг адвокати Жорж Конча сўз олди. Ўзбекистон ҳақида умумий маълумот келтириб, у ерда «ваҳҳобий», «ҳизбут-таҳрир» каби турли исломий гуруҳлар мавжуд эканлигини таъкидлаб гуёки мана шу гуруҳларнинг орасида ўзаро келишмовчиликлар, низолар бор демоқчи бўлди.
Менинг клиентим Украинада туғилган лекин Ўзбекистонга кўчиб келган, у Ўзбекистон фуқароси. Ўзбекистонда энг катта озчилик гуруҳларидан бири бу руслардир.
Умид Нодира Аминованиннг акаси. Умиднинг илтимоси бу унга қарздор бўлган одамни топиш бўлган ва Юрийдан Европага сафар қилишни илтимос қилган. Мақсад ўша қарздор одамни бориб видеога тушириб келиш бўлган. Юрий Обидхон қори кимдан қарздор, нима учун қарздор бўлганини ҳам билмас экан ва фақат Умид илтимос қилгани учун рози бўлган.
Юрийдан бу одамни видеога олиш илтимос қилинган. Умид Юрий учун ҳамма маълумотларни топиб берган ва синглиси Нодира билан ўзи гаплашган. Юрий Копенгаген орқали Швецияга келган ва тўғри Нодира Аминованинг уйига борган. Кейин Нодира унга бир танишининг машинасини ижарага олиб берган ва Юрий Баҳодир Пўлатов билан бирга Лундга бориб у ердаги масжиддан О. Назаровни қидирган. Лекин бир неча марта бориб келишига қарамай у ердан топа олмаган.
Юрий Швецияга иккинчи бор қайтиб келганда Ноидра бу одамнинг адресини топган эди. Мени клиентим фақат Умидга ёрдам берган холос. У ҳар ерда ўз номи ва ўз телефонидан фойдаланган. У ҳар ерда ўзини аниқ адресларини кўрсатган. У ҳеч қандай сирларни яширмаган. У Швецияда ва бутун Европада ҳам очиқ юрган.
У Умид айтган ерга рюкзакни колдириб кетган. Бу Остерсунддаги бир интернет кафе бўлган. (Ваҳоланки рюкзак Стрёмсунддан Жуковскийнинг ижарага олган машинаси қолдирган изидан 5 метр узоқликда топилган).
Прокурор келтирган маълумотларда қуролда қўл излари ёки ДНК топилгани келтирилмаган.
Адвокат сўзини, Жуковскийнинг ўзи бугун сизларга нима учун Швецияга келгани ва Стрёмсундга боргани ҳақида айтиб беради, деб сўзини тугатди.
Соат 11:35
Суд бир муддат ёпиқ эшик ортида ўтиши айтилди.
Соат 13:25
Танаффусдан сўнг суд яна давом эттирилди.
Прокурор Кристер Петерссон Довудхон Назаровга савол бериб: “Дадангнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида гапириб бер” деди.
Довудхон сўзга кириб, Дадаси – Қори аканинг Ўзбекистонда нима учун машҳур бўлганликлари, нима учун тазйиққа учраганликлари ҳақида гапира бошлади.
Довуд Назаров ўз отаси Обидхон Назаров жуда ҳам таниқли дин арбоби бўлгани, Ўзекистондаги мусулмонларга ҳукуматнинг муносабати борган сари ёмонлашиб боргани, Обидхон Назаровга нисбатан ноҳақликлар қилина бошлагани ҳақида айтиб ўтди.
Прокурор яна Довуд Назаровга: давлат томонидан диний эркинликка ҳурматсизлик қилинаётганига сенинг отанг қарши эдими, деб сўради. Довуд: Ҳа, деб жавоб берди.
Довуд Назаров яна ўзининг диний ёки сиёсий қарашлари учун қамалган кўпгина инсонлар ҳақида сўзлади.
Довуд яна шуни таъкидлаб ўтдики, отаси Обидхон Назаров ҳеч қандай диний ёки сиёсий гуруҳга аъзо бўлмаган ва уларга аралашмаган. Фақат ўзи мустақил имом сифатида соф динга даъват қилиб келган. Имом Обидхон Назаров ўзининг диний эркинлик ва сўз эркинлигини тарғиб этиш ҳақидаги даъват-чақириқлари билан машҳур бўлган.
Довудхон яна: “Хавфсизлик хизматлари менинг отамни тез-тез “зиёрат” қилиб туришарди. Бу нарса одатий ҳол эди. Айниқса ҳар жума намозидан сўнг келиб: нега бундай деднгиз, нимага мана бундай демадингиз, деб “ақл” ўргатмқочи бўлишарди” деб айтди.
Довудхоннинг отаси ҳақидаги сўзларини келтиришда давом этамиз:
Менинг отам доимо қонунларга риоя қилиб келганлар, барча сўзлари ва ишларини қонун доирасида олиб борардилар. Ҳеч қайси маърузаларида терроризм ёки эсктрамезмга ундайдиган нарсалар йўқ. Отамнинг буюк уламо эканликлари бутун минтақа ўзбекларига маълум-машҳур.
Прокурор: Режим бу ишларга қандай жавоб қайтарди?
Довудхон: Отамнинг узоқ йиллик тажрибалари бор эди. Ҳамма у кишининг шижоатли, ҳақиқатпарвар ва ишончли инсон эканликларини яхши билишарди ва шу сабаб у кишига кўп инсонлар эргашди. МХХ эса тўхтата олмади. Улар отамни Тошкентдан мажбуран кўчиришга ҳаракат қилдилар. Аммо Отам улар билан қонуний йўллар орқали курашда давом этдилар, қонунларни яхши билган адвокатлари бор эди. Шунинг учун МХХ бу борада мағлуб бўлди.
1998 йили бизга ишончли манбалардан махфий маълумотлар келдики, ҳукумат энди нима қилиб бўлса ҳам Отамни қамашга буйруқ берган эди. Қамоққа олинишларидан бир кун олдин – март ойида – Отам яширинишни лозим топдилар.
Эртаси куни жуда ҳам кўп ҳарбий аскарлар уйимизга бостириб келишди. Улар жуда ҳам кўплигидан санаш имкони йўқ эди. Уларнинг орасида МХХ зобитлари, дин ишлари бўйича милиция раҳбари ҳам бор эди. Улар онамга қараб: “Имом тез келсинлар, биз у кишини қамоққа олмаймиз, фақат баъзи саволларни сўраймиз холос” дедилар. Онам: “биз у кишини қаерда эканликларини билмаймиз” деб жавоб бердилар. Улар Дадам яширинишга улгуриб қолганларини англаб, ғазабланиб кетдилар.
Шундан кейин аҳвол борган сайин жуда ҳам ёмонлашиб борди, бир қанча қариндошларимизни қамадилар, баъзилари ҳанузгача қамоқда ётибдилар. Акам Ҳусниддинни доимо терговга чақириб турдилар. Кейинчалик уни ўғирлаб кетдилар. Мана ҳозиргача акамнинг қаердалигини ва на тирик ё ўлик эканлигини билолмаймиз.
Ўзбекистондаги ҳолат жуда оғирлашиб кетгани туфайли Отам яширинча Қозоғистонга қочиб ўтдилар. У ерда ҳам нотинч эдилар, шунинг учун яшириниб юришда давом этдилар.
Мен Қозоғистонда Отам билан бирга бўлдим. Отам инсон ҳуқуқи ташкилотлари билан доимий равишда алоқада бўлиб турар эдилар.
Шу орада Ўзбекистон ва Қозоғистон МХХ ходимлари биргалашиб Отамнинг изини топиш ва ўғирлаб кетиш ҳаракатларини кучайтирдилар.
Биз ҳам доимо атрофимиздаги ҳаракатлардан эҳтиётимизни олиб, хавф кучайганини сезишимиз билан ярим тунда бўлса ҳам турар жойимизни ўзгартирар эдик. Охирги пайтлар яшаб турган жойларимиз атрофида сипо кийинган шубҳали одамлар кўпайиб қолганидан сўнг БМТга мурожаат қилиб бошпана сўрадик. Биз билан бирга Отамнинг бир неча шогирдлари ҳам бор эдилар. БМТ бизга тез кунлар ичида сиёсий бошпана берди. Орадан кўп ўтмай бизни Швеция қабул қилди.
Прокурор: Отангиз Ўзекистон халқ ҳаракатига аъзо бўлганмиди?
Довудхон: Отам барча тинчликсевар ташкилотларга хайрихоҳ эдилар. Бу ташкилотга ҳам расман аъзо бўлмаган бўлсаларда уларни ва бошқа барча инсон ҳуқуқи ташкилотларини қўллаб турар эдилар.
Прокурор: Отангиз муҳожирликда ҳам ўз таъсирларини йўқотмаган эканларда?
Довудхон: Отам радио ва интернет сайтлари орқали чиқишлар қилиб турардилар. Отамнинг бу ишлари учун ватанимиздаги қариндошларимизга МХХ томонидан яна тазйиқлар кучайтирилди.
Прокурор яна ЎХҲнинг баъзи фаоллари ҳақида, 1999 йил Тошкент портлашлари ҳақида савол сўради.
Довудхон мухолифат манбалари ва ОАВ орқали билган нарсаларини айтиб берди.
Соат 14:38
Прокурор Кристер Петерссон Довуд Назаровдан 22 феврал кунги воқеани гапириб беришни сўради.
Довудхон ўша кунги воқеалар ҳақида батафсил сўзлашни бошлади:
Биз ўзимизни хавф остида эканлигимизни сезиб, Швеция хавфсизлик полициясига хабар берган эдик. Стромсундда жамоамиз билан йиғилишиб турар эдик. Дадам жамоатга имом бўлгани учун ҳар кунлик 5 вақт намозларни жамоамиз масжидида ўқир эдилар. Пешин намози 12.30 атрофида бўларди.
Отам барча намозларга ўз вақтида борар эдилар. Айни пайтда мактабда ўқувчиларга ёрдамчи муаллим сифатида дарс бериб ҳам турардилар.
22 февралдан бир неча кун олдин мактабдан бўшаган эдилар. Масжид уйимиздан икки дақиқалик масофа холос.
22 феврал куни Отам уйдан соат 12.25 да чиқадилар. 12.27 да акамнинг ўғли Отамни йўлда оғир аҳволда топади. Ундан сўнг онамлар ва бир неча биродарлар фожеадан хабар топиб Отам олдига етиб келишади. Мен эса 12.35 да етиб бордим. Ҳаммаёқ қон эди. Отам полда ётган эдилар. Мен Отамни ўз қўлимга олдим …
Довудхон Отасини ярадор ётган пайтини кўргани ҳақида гапирар экан , кўзларидан ёш оқиб турар эди.
Судя шу ерда танаффус эълон қилди.
Танаффусдан сўнг яна Довудхон бўлган воқеа ҳақидаги тафсилотларни Прокрурор саволларига жавобан давом эттирди:
Мен секин Отамни ён томонга ётқиздим. Бошларининг орқасидан жуда кўп қон кетаётган эди. Жуда ташвишли аҳволда эдик. Уйга хизмат кўрсатиш ходимлари келишиб, Отамнинг бошларини докалар билан боғлашни бошлашганда менинг қўлимни ҳам бирга ўраб ташладилар.
Прокурорнинг саволлари тугагандан кейин навбат айбланувчи Жуковскийга берилди:
Айбланувчи Жуковский сузининг бошиданок ўзини ҳам, Ўзбекистон ҳукуматини ҳам оқлашга ҳаракат қила бошлади. Унинг адвокати эса Жуковскийнинг Россиядаги оиласига таҳдидлар бўлаётганини даъво қилиб, суд асносида ёзилаётган аудио файллар матбуотда эълон қилинмаслигини талаб қилди.
Жуковский Украинада туғилгани, аммо Ўзбекистон фуқароси эканини айтиб, Ўзбекистон мустақиллик даврида “катта ютуқларга эришди, ватанимизда тинчлик ҳукм сурмоқда”, деган маънода гапира бошлади.
У Довудхоннинг Ўзбекистон ҳукумати мусулмонларга қарши зулм қилаётгани ҳақидаги бутун дунё кўриб турган ҳақиқатларни инкор қилмоқчи бўлди.
Жуковский: “Мен Обид қори Назаровни танимаганман. Ўзбекистон ҳукуматида Обид Назаровни жисмонан йўқ қилиш режаси бўлмаган, акс ҳолда бу ишни Қозоғистонда амалга оширган бўларди, ҳукуматнинг бундай қизиқиши бўлмаган, бу ишни унинг бирорта шахсий душманлари амалга оширган деб ўйлайман”, деган мазмунда сўзлади
Кейин Жуковский Швецияга Москвадан “Умид” исмли дўстининг моддий ёрдамида келганини даъво қилиб, дўсти ундан Европага сафари харажатларини қоплаши эвазига “бир одамни” топиб уни видео тасвирга олиб беришни таклиф қилгани ҳақида гапирди.
Қори аканинг ўзбеклар ва кўплаб виждонли одамлардан катта миқдорда қарзлари бор экан, шунинг учун улар Қори акани топиш истагида эмишлар.
Жуковский давом этади:
Дўстимнинг Европадаги синглиси ўша одамнинг (Қори аканинг) уй адресини топди. “Умид” мендан ўша одам яшаётган жойга бориб, уни видеога олишимни ва унга етказиб боришимни сўради. Шунинг учун мен Стромсундга бордим, “Умид”нинг синглиси ижарага олган уйга жойлашдим ва “Умид” излаётган шахсни (Қори акани) видеога олдим. Кейин “Умид” мендан шу видеони Москвага олиб боришимни талаб қилди. Мен Остерсунддаги интернет кафе орқали “Умид”га видеони юбордим. Кейин “Умид” видеокамерани Москвага олиб боришимни илтимос қилди. Айтмокчи мен Стокгольмга кайтиб келган пайтимда шахар айланиб юрсам реклма куриб колддим, арзон нархга Стокгольм-Рига пароми бор экан. Шунга чипта олиб нега энди Рига оркали Москвага борсам булмайди деб уйладим. Шу сафар давомида кемада бир швециялик киши билан танишиб кейинчалик алока килиб туриш учун бир биримизнинг ракамларимизни олдик. Лекин мен унинг исмини эслолмайман.
Москвага етиб борганимда мени “Умид” кутиб олди. Биз Умид билан бирга дуконга бордик ва у синглисининг кизига иккита уйинчоқ совға сотиб олди. Бу уйинчокларнинг бири пистолет иккинчиси машина эди. Бу нарса менга галати туюлди, чунки Баходир ва Нодираларнинг битта фарзанди булиб у кизбола эди. Лекин майли бу менинг ишим эмас деб эътибор каратмадим.
Кейин мен Европа буйлаб сафар қилиш ниятим борлигини айтдим. Умид мендан, барибир Европага борар экансан, мен олган совғаларни Нодирага ташлаб кет, деб қаттиқ илтимос қилди. Мен йўқ дея олмадим. Кейин Москвадан тўғри Стокгольмга учиб келдим. Стокгольмдан мен машина олиб Остерсундга кетдим, сабаби шимолда одамлар қандай яшашади, шуни кўрмоқчи эдим. Мен Остерсундга келганимда Умид менга телефон килиб Стокгольмга қайтишим кераклигини айтди. Мен Стокгольмга бордим ва йўл-йўлакай кемада танишган дўстимга телефон қилиб у билан кўришдим.
Умид Яна менга телефон қилиб Остерсундга қайтиб боришни ва жияни учун олинган совғаларни ўша ерда бир одамга бериб келишимни илтимос қилди. Мен Яна Остерсундга қайтиб бордим ва у ерда бир интернет кафега кириб Умидга телефон қилдим. Умид менга совғани бирор нарсага солиб топширишни айтди. Мен эрталаб Стадиум дўконига кириб битта рюкзак сотиб олдим. Кейин ўйинчоқларни унга солдим. Кейин Умидга телефон қилиб кимга берай деб сўрадим. У бироз ўша ерда кутиб туришни айтди. Кейин менга бир одам кўнғироқ қилиб қаердалигимни сўради, мен интернет кафедаман, кутиб ўтирибман дедим. У одам менга ўша олиб келган совғангни ўтирган жойинга қўйиб кетавер, деди. Мен бундай муомаладан жуда ҳайрон бўлдим, лекин Европа бўйлаб сафарим кеч қолиб кетаётгани учун ва бу дардисар совғадан ниҳоят қутилаётганимдан хурсанд бўлиб уни ўша ўтирган жойимда қолдириб кетдим. Мен қилган ишларимнинг хронологиясини яхши эслолмайман, яъни олдин ким билан кўришдим, ким қўнғироқ қилди ва ҳоказо.
Кейин бироз Остерсундни айланиб юрдим. Нодира менга жой олиб қўйган экан. Мен меҳмонхонага кириб ухладим ва ҳеч ким билан телефонда гаплашмадим. Жаноб прокурор гўёки мен кечаси билан кимлар биландир телефонда гапплашиб чиққаним ҳақидаги келтирган даъволари техник хато бўлса керак. Мен кечаси билан ухладим. Кейин куни билан шаҳар айландим. Меҳмонхонадан чиқиб кетиб кейинги кеча машинада ухладим. Кейин Умидга телефон қилдим 22 февраль куни ва у менга Остерсунддан кетаверсанг бўлади деди. Мен машинани топширдим шу орада Умид яна телефон қилиб тезда Швециядан чиқиб кетиб, Москвага келишимни тайинлади. Мен Европа бўйлаб саёҳат қилмокчи бўлганим учун кетишни хоҳламадим, у эса тез кетишимни таъкидлаб тураверди ва охир-оқибат биз айтишиб қолдик. Кейин поездда Стокгольмга бордим. Кейин Умид менга телефон қилиб қўлимдаги мобилни ташлаб юборишмни айтди ва бу телефоним эски бўлгани учун ҳам уни ахлатга ташлаб юбордим. Кейин дўкондан хотиним учун янги телефон аппарат сотиб олдим, чунки 27 февраль куни унинг туғилган куни эди. Кейин мен Малмёга келдим ва Нодира ва унинг эри нимадандир безовта эканликларини сездим, улар аниқ нимдандир хафа эдилар.
Умид менга жуда кўп марта телефон қилиб тезроқ Москвага учиб келишимни талаб қилаверди. Мен 2 кун Малмёда бўлиб кейин Москвага чипта сотиб олдим. Москвада Умид мени кутиб олиб, мен видеога олган кишига нисбатан суиқасд содир этилганини айтди. Биз у билан машинада урушиб қолдик, менинг жаҳлим чиқди. Умид мендан узр сўраб у ҳам ҳеч нарса билмаслигини ва уни ҳам алдаб кетишганини айтди. Кейин мен бу иш билан қизиқиб ОАВ да чиқаётган хабарларни ўқиб юрдим ва бу ишда мен асосий гумондор эканлигимни билдим. Мен қандай қилиб бу ишни қиламан, ахир мен Швецияда очиқ ўз исмим билан юрган бўлсам, ўзимни депозит картамни ишлатган бўлсам, қаерга борсам ўз номимни регистрация қилган бўлсам?!
Шу ерда Жуковскийнинг даъволари ва суднинг иккинчи куни ниҳоясига етди …