Ҳидоят калимасининг луғавий ва истилоҳий маънолари
Савол:
Ҳидоят нима нима? Яъни, луғатдаги ва шаръий истилоҳдаги маъноси нима эканлигини тушунтириб берсангиз.
(Абуабдиҳамид)
Жавоб:
Ҳидоят калимаси луғатда йўл кўрастиш, бирор бир томонга етаклаш деган маъноларни англатади, хоҳ у тўғри йўл бўлсин, хоҳ ботил йўл.
Мана шундай луғавий маъно кўзда тутилган ҳидоят калимасига қуйидаги ҳадиси шариф мисол бўлади:
» إنَّ الصِّدقَ يَهْدِي إِلَى البرِّ ، وإنَّ البر يَهدِي إِلَى الجَنَّةِ … وَإِنَّ الكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الفُجُورِ ، وَإِنَّ الفُجُورَ يَهدِي إِلَى النَّارِ …» (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ).
«Албатта ростгўйлик эзгуликка ҳидоят қилади – етаклайди, эзгулик эса жаннатга ҳидоят қилади – етаклайди. Албатта ёлғончилик (ёлғон гапириш, алдамчилик қилиш) фужурга (фитна-фасодга, гуноҳ ишларга) ҳидоят қилади – етаклайди. Фужур эса дўзахга ҳиоят қилади – етаклайди)». (Бухорий ва Муслим).
Лекин, аксар ҳолатларда ва умумий равишда ҳидоят калимаси тилга олинганда фақат ҳақ йўлга, Ислому иймонга ҳидот қилиш ва ҳидоат топиш кўзда тутилади.
Ҳақ йўлга ҳидоят қилишнинг ҳам истилоҳий икки хил маъноси бор:
1. Ҳақ йўлни кўрсатиш, даъват қилиш;
2. Ҳақ йўлдан юришга муваффақ қилиш, ҳидоят топишни тақдир қилиш.
Биринчи маънодаги ҳидоятни Аллоҳнинг изни ила пайғамбарлар ва Ислом даъватчилари бажарадилар. Улар одамларга тўғри йўлни кўрсатиб ҳидоят қиладилар. Яъни, ҳидоятга, ҳақ йўлга чақирадилар.
Мисол учун Аллоҳ таоло пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида хабар бериб айтадики:
{وَإِنَّكَ لَتَهْدِي إِلَىٰ صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ} [الشورى: 52].
«Албатта сиз (эй Расулуллоҳ) тўғри йўлга ҳидоят қиласиз». (Шуро: 52).
Яъни, албатта сиз одамларга тўғри йўлни тушунтириб даъват қиласиз.
Бани Исроил қавмидан бўлган мўмин-мусулмон зотлар ҳақларида ҳам марҳамат қиладики:
{وَجَعَلْنَا مِنْهُمْ أَئِمَّةً يَهْدُونَ بِأَمْرِنَا لَمَّا صَبَرُوا ۖ وَكَانُوا بِآيَاتِنَا يُوقِنُونَ }. [السجدة: 24].
«Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар». (Сажда: 24).
Иккинчи маънодаги ҳидоят эса фақат Ягона Аллоҳнинг Ўзига хос.
Яъни Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини тўғри йўлдан юришга Ўзининг тақдири ва ҳикмати ила муваффақ қилиб қўяди. Хоҳламаганини эса адаштиради.
У Зотдан ўзга ҳеч ким ҳеч қайси бир бандани тўғри йўлдан юришга муваффақ қила олмайди.
Шунинг учун ҳам – масалан – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг яхши кўрган амакилари Абутолибни Исломга кириши учун ҳар қанча ҳаракат қилсалар ҳам, у барибир мушрик ҳолатида ўтиб кетди.
Ана шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ сиқилиб қолганларида Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб айтдики:
{إِنَّكَ لَا تَهْدِي مَنْ أَحْبَبْتَ وَلَٰكِنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَن يَشَاءُ ۚ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ}. [القصص: 56]
«(Эй Расулуллоҳ), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У Зот ҳидоят топгувчиларни яхшироқ Билгувчидир». (Қасас: 56).
Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:
{مَنْ يَهْدِ اللَّهُ فَهُوَ الْمُهْتَدِ وَمَنْ يُضْلِلْ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ وَلِيّاً مُرْشِداً}. [الكهف: 18]
«Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топгувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун Тўғри йўлга йўллагувчи бирон дўст топа олмассиз!». (Каҳф: 18).
Валлоҳу аълам.
«Ислом Овози» таҳририяти